Жаҳон | 09:00 / 27.03.2025
3818
3 дақиқада ўқилади

Россияда СССРни маъқулловчилар сони замонавий тарихда энг паст даражага тушди

Россия пропагандасининг совет иттифоқини мақтаб, 1980-йиллар охири — 1990-йиллар бошидаги демократиявий ислоҳотларни танқид қилиш бўйича ҳаракатлари натижа бермаётгани маълум бўлди.

Фото: alamy.com

Бутуроссия ижтимоий фикр тадқиқотлари маркази (ВЦИОМ) томонидан март ойида ўтказилган сўров натижасига кўра, 2025 йилда Михаил Горбачёвнинг қайта қуриш ислоҳотлари бошланишидан аввалги СССРда яшашни хоҳловчи фуқаролар улуши Россиянинг замонавий тарихидаги энг паст даражага тушган.

Тадқиқотга кўра, россияликларнинг 37 фоизи «1985 йилдаги қайта қуришдан олдин мамлакатда ҳаммаси ўзгармасдан қолгани яхши бўларди», деган фикрни маъқуллаган. Бу кўрсаткич урушдан олдинги 2021 йилга нисбатан 10 фоизга, 2000 йилга нисбатан 17 фоизга, 1995 йил билан солиштирганда эса 21 фоизга камайган.

«Қайта қуришдан аввалги СССРга қайтишни хоҳламайман», деганлар сони эса 48 фоизни ташкил этди. Шу тариқа, илк бор сўнгги совет даврини ўзгаришсиз сақлаб қолиш тарафдорлари сони ислоҳотларни қўллаб-қувватловчилардан камроқ бўлди, дея хулоса қилган ВЦИОМнинг сиёсий тадқиқотлар бўлими мутахассиси Мария Григорева.

ВЦИОМ маълумотларига кўра, россияликларнинг аксарияти қайта қуриш — гарчи у сўз эркинлиги ва жамиятни демократлаштириш жараёни билан кечган бўлса-да — мамлакатга фойдадан кўра кўпроқ зарар келтирган деб ҳисоблайди. Бундай фикрдагилар 61 фоизни ташкил этади. Бироқ шунга яқин — 62 фоиз респондент ислоҳотлар зарур бўлганини тан олган. Улар 49 фоиз ҳолда «ислоҳотлар оқилона эмас, ёмон ташкил этилган» деб ҳисоблайди.

Шу билан бирга, қайта қуриш натижасида шахсан ўзи ва оиласи ютуққа эришганини айтганлар сони ҳам ортиб бормоқда: ҳозир бу кўрсаткич 31 фоизни ташкил этиб, 2010 йилдаги 24 фоиз, 2000 йилдаги 17 фоиз ва 1999 йилдаги 12 фоиздан анча юқори.

«Аввалроқ қайта қуриш даври ҳақидаги баҳоларда қайд этилган барқарорлик ва таниш ҳаёт тарзига бўлган носталгия энди ижтимоий ўзгаришлар зарурлигини англаш ҳиссига йўл бера бошлади. Одамлар ҳатто оғриқли бўлса ҳам, ўзгаришлар — янгиланиш ва ўзлари яшашни хоҳлаган жамиятни қуриш учун ягона йўл бўлганини тушуниб етмоқда», — дея таъкидлаган Григорева.

СССРда 1985 йилда сўнгги бош котиб Михаил Горбачёв эълон қилган қайта қуриш доирасида марказлашган режали иқтисодиёт босқичма-босқич парчалана бошлади: корхоналарга кўпроқ мустақиллик берилди, хусусий бизнеснинг бошланғич кўриниши сифатида кооперативлар пайдо бўлди, ташқи сиёсатда эса «янги тафаккур» тамойили эълон қилинди — бу эса ўн йиллаб давом этган «совуқ уруш»ни тугатди.

Бироқ шу билан бирга, 1985 йил охирида жаҳон бозорларида нефт нархининг кескин тушиши оқибатида СССР иқтисодиёти оғир валюта инқирозига учради ва олти йилдан кейин амалда касод бўлди.

Аввалроқ Россия Марказий банки АҚШ ва OPEC нефт бозорини тўлдириши орқали жаҳондаги нефт нархларининг кескин туширишга интилаётгани Россия иқтисодиёти учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди