Шимолий Корея йил бошидан бери Москва томонидан урушда қатнашаётганларни кучайтириш учун Россияга яна 3000 аскар юборди. Бу ҳақда Жанубий Корея Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитаси 27 март, пайшанба куни маълум қилди

Россияга дастлаб юборилган Шимолий Кореянинг 11 минг аскаридан 4 минг нафари ҳалок бўлган ёки яраланган, деб ҳисоблайди Сеул. Бундан ташқари, Пхенян Москвани ракеталар, артиллерия ва ўқ-дорилар билан таъминлашда давом этмоқда. Ҳозирда Шимолий Корея Россияга «катта миқдордаги қисқа масофали баллистик ракеталар», шунингдек, граната отиш мосламалари ва бир нечта ракета тизимларини етказиб бергани аниқланди, дея қўшимча қилди Жанубий Корея. Фронтдаги вазиятга қараб, бу рақам ошиши мумкин, дея огоҳлантирди Сеул.

2024 йил октябр ойидан буён КХДР, Жанубий Корея, Украина ва АҚШ маълумотларига кўра, Россия Федерациясининг Украина билан чегарадош Курск областига 10 мингга яқин ҳарбий хизматчини жойлаштирган. Январ ойи охирида Американинг The New York Times газетаси ва Британиянинг Sky News телеканали Шимолий Корея қўшинлари йирик йўқотишлар туфайли фронт чизиғидан олиб чиқилгани ҳақида хабар берган эди.