Бухоро нефт заводи жаримага тортилган. Рақобат қўмитаси тафсилотларни очиқламади
Биржада манипуляция қилиб, асоссиз даромад олгани учун “Бекободцемент”, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ва “GTL Gas” МЧЖга чора кўрилди, дея маълум қилди Рақобат қўмитаси. Улар қанча миқдорда асоссиз даромад олгани ва қанча жаримага тортилгани ҳақидаги Kun.uz саволларига жавобан, қўмита бу тафсилотлар очиқланмаслигини билдирди.

Фото: Бухоро НҚЗ
Рақобат қўмитаси 2024 йилдаги биржа мониторинги натижалари ҳақида ахборот берди.
Маълум қилинишича, қўмита томонидан ўтган йили 165 та ҳолатда биржа савдоларига оид қонунчилик талаблари бузилгани бўйича 156 та хўжалик юритувчи субъектга нисбатан иш қўзғатилган.
Жумладан, 55 та ҳолатда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан нархлар сунъий оширилиши билан боғлиқ манипуляция ҳаракатлари содир этилгани ва бунинг натижасида 77,7 млрд сўм маблағ асоссиз олингани аниқланиб, бу маблағларни қайтариш юзасидан кўрсатмалар берилган.
Шунингдек, 94 та хўжалик юритувчи субъектга “Рақобат тўғрисида”ги қонунга асосан молиявий жарималар қўлланган.
Қўмита ўз ахборотида учта корхонани мисол қилиб келтирган:
- Тошкент вилоятида фаолият юритаётган “Бекободцемент” АЖ юқори ликвидли ва (ёки) монопол турдаги цемент маҳсулотини биржа савдоларига қўймасдан, тўғридан тўғри шартномалар орқали сотган. Натижада, “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилиб, асоссиз даромад олинган.
- “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ томонидан ҳам манипуляция ҳаракатлари амалга оширилиб, асоссиз даромад олинган.
- Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган “GTL Gaz” МЧЖ ҳам манипуляция ҳолатларини содир этиб, асоссиз даромад олгани аниқланган.
“Юқоридагиларга кўра, барча хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан молиявий жарималар қўлланилди”, – дейилади хабарда.
Kun.uz Рақобат қўмитаси ахборот хизматидан Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ва GTL Gaz айнан қайси маҳсулотлар сотувида манипуляция қилиб, қанча миқдорда асоссиз даромад олгани ва бунинг учун улар қанча миқдорда жаримага тортилгани ҳақида сўради.
Матбуот хизматига кўра, қўмита мутахассислари “тўлиқ тафсилотларни эълон қилиш мақсадга мувофиқ эмас” деб жавоб берган.
“Чунки тадбиркорлик субъектлари қўмитадан ўз фаолиятлари юзасидан кўриб чиқилган ишларнинг очиқланмаслиги ва ОАВда эълон қилинмаслигини сўрашлари мумкин, бу тақиқланмаган”, – дейилади Рақобат қўмитаси жавобида.
Маълумот учун, “Рақобат тўғрисида”ги қонунга кўра, рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларининг савдоларга оид қисмини бузганлик учун савдолар предмети бошланғич нархининг 3 фоизи миқдорида жарима қўлланади.
- Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи – “Ўзбекнефтгаз”га қарашли, Ўзбекистондаги энг йирик нефт заводи. Ички бозорни бензин ва дизел каби нефт маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим ўрин тутади.
- “GTL Gaz” МЧЖ 2024 йил 24 июнда рўйхатга олинган. Ёқилғи савдоси билан шуғулланади. Устав фонди – 1 млн сўм. Ягона таъсисчиси ва раҳбари сифатида Акбаров Миртура Миршавкатович кўрсатилган.
Мавзуга оид

10:09 / 19.03.2025
Uzum Market устун мавқега эга деб топилди

13:23 / 10.03.2025
430 тонна Аи-80 бензинини ноқонуний равишда сотиб юборган МЧЖ аниқланди

14:01 / 06.03.2025
WizzAir Ўзбекистонга амалга оширадиган рейсларида ўзбек тилида ҳам хизмат кўрсатади

23:00 / 05.03.2025