Жаҳон | 22:38 / 30.03.2025
7430
3 дақиқада ўқилади

Зеленский сайловларга тайёргарликни бошлади — The Economist

Манбаларга кўра, Украина президенти ўтган ҳафта йиғилиш ўтказиб, ўз жамоасига ўт очиш тўлиқ тўхтагандан кейин сайловларни ташкиллаштириш бўйича топшириқ берган.

Фото: Eyevine

Володимир Зеленский ўз жамоасига сайловлар ўтказишга тайёргарлик кўришни буюрди, деб ёзмоқда The Economist. Нашр манбаларига кўра, сайловлар ёзда ўтказилиши мумкин.

Қайд этилишича, Зеленский ўтган ҳафта йиғилиш ўтказиб, ўз жамоасига ўт очиш тўлиқ тўхтагандан кейин сайловларни ташкиллаштириш бўйича топшириқ берган — АҚШ томонига кўра, бу апрел ойи охирида юз бериши мумкин. The Economist’нинг ёзишича, бунинг дастлабки тасдиғи 5 май атрофида пайдо бўлиши мумкин — ушбу сана Олий Рада томонидан ҳарбий ҳолатни навбатдаги узайтириш бўйича овоз бериш учун белгиланган охирги муддат ҳисобланади.

Таъкидланишича, ҳарбий ҳолатнинг бекор қилиниши сайлов жараёнини бошлаш учун зарур бўлган биринчи босқичдир. Қонунга кўра, тарғибот учун камида 60 кун талаб этилади, шу боис сайловни энг эрта ўтказиш имконияти июл ойи бошига тўғри келади. Бироқ айрим манбаларнинг қайд этишича, сайлов органларига уруш шароитида сайловчилар рўйхатини тиклаш учун камида уч ой керак бўлади.

Ҳукуматдаги юқори мартабали манбанинг фикрича, Зеленский рақибларини июл ойидаги сайлов билан «ғафлатда қолдиришга» ҳаракат қилади, бу унга қисқа муддатлар қаршиликсиз номзодини илгари суриш имконини бериши мумкин. Шунингдек, манбага кўра, ушбу қарор Украина учун ҳам фойдали бўлади, чунки узоқ давом этадиган президентлик кампанияси «мамлакатни парчалар юборади».

Мухолифат тезкор сайлов ўтказиш йўлида кўплаб логистик тўсиқлар мавжудлигини билдирмоқда. Чунки хориждаги, фронтдаги ва Россия томонидан босиб олинган ҳудудлардаги миллионлаб сайловчилар учун овоз бериш имкониятини таъминлаш керак бўлади. Бунга ечим сифатида «Дия» мобил иловаси таклиф қилиниши мумкин, аммо унинг қўлланилиши сайлов жараёнининг шаффофлиги борасида саволларни туғдиради.

Бундан ташқари, Олий Рададаги мухолифат партиялари адолатли сайлов ўтказиш учун, биринчи навбатда ҳарбий давр пропагандаси ва цензурасини бекор қилиш зарурлигини таъкидламоқда.

Феврал бошидан бери Доналд Трамп Зеленскийни танқид қилиб келмоқда — у Украина президентини «диктатор» деб атаб, мамлакатда сайловлар ўтказишга чақирган эди. Ўз навбатида Владимир Путин ҳам Зеленскийнинг нолегитимлигини бир неча бор таъкидлаган.

Март бошларида АҚШ президенти атрофидаги тўрт нафар юқори мартабали мулозим «Баткившчина» партияси етакчиси Юлия Тимошенко, шунингдек, собиқ президент Петро Порошенконинг «Европа бирдамлиги» партияси аъзолари билан яширинча учрашгани маълум бўлганди.

Мавзуга оид