Жаҳон | 20:22 / 04.04.2025
2310
2 дақиқада ўқилади

Жанубий океаннинг исиши Ғарбий соҳилда нам об-ҳавони юзага келтиради — олимлар

Аниқланишича, Жанубий океан бошқа денгиз ва океанларга нисбатан иссиқликни кўпроқ ютиш хусусиятига эга.

Фото: Christophe Boisvieux/Corbis

Глобал исиш туфайли Антарктида ва бошқа қитъалар орасида жойлашган Жанубий океан атмосферадан ютган иссиқликни аста-секин қайтариб чиқариши натижасида, узоқ муддатли истиқболда Шарқий Осиё ва АҚШнинг ғарбий ҳудудларида ёғингарчилик миқдори ортади. Бу ҳақда Корнел университети бошчилигида ўтказилган тадқиқотда сўз боради.

Қайд этилишича, Жанубий океан бошқа денгиз ва океанларга нисбатан иссиқликни кўпроқ ютиш хусусиятига эга. Сабаби – унинг тубидаги совуқ сувлар кучли кўтарилади, бироқ вақт ўтиши билан ушбу сувлар исийди ва иссиқликни атмосферага қайтаради.

Натижада иссиқлик тақсимланиб, «телеконнекторлар» шаклланади ва Шарқий Осиёда ёзги ва АҚШнинг ғарбий қисмида қишки ёғингарчилик миқдори ортади. Бу каби телеалоқалар Эл-Нино иқлим ҳодисасининг таъсирига ўхшаб кетади.

Тадқиқот моделидаги прогнозларга кўра, океан иссиқликни секин чиқариши сабабли ушбу ёғингарчилик ўзгаришлари 150 йилгача давом этиши мумкин — бу ҳатто иссиқхона газларини камайтиришга қаратилган ҳаракатлар олиб борилса ҳам содир бўлади.

Тадқиқот, шунингдек, Жанубий океан устидаги булутлар денгиз юзаси ҳароратини мувозанатлаштирувчи асосий омиллардан бири эканини аниқлаган. Антарктидада Жанубий океандаги булутлар ўртасидаги қайта алоқа тўғрисида маълумотларни тақдим этиши мумкин бўлган кузатув объектлари кам, шу боис уларнинг сони ошиши, ўз навбатида прогнозларни яхшилашга хизмат қилиши мумкин.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид