Жаҳон | 17:02 / 14.04.2025
2152
2 дақиқада ўқилади

Хитой автомобил ва электроника учун зарур оғир нодир металлар экспортини чеклади

Энди эскпортчилар ушбу металлар ва магнитларни юборишда махсус лицензия олишлари талаб этилади. Бу каби чекловлар глобал таъминот занжирларига «ҳам дарҳол, ҳам стратегик таъсир» кўрсатиши мумкин.

Фото: Reuters

Хитой Савдо вазирлиги 4 апрелдан бошлаб бир қатор оғир нодир металлар ва камёб магнитлар экспортида чеклов жорий этди, деб ёзмоқда The New York Times.

Эндиликда эскпортчилар ушбу металлар ва магнитларни юборишда махсус лицензия олишлари талаб этилади. Шу билан бирга, лицензия тақдим этувчи тизимни яратиш устида ишлар энди бошланган бўлиб, бу жараённинг чўзилишига олиб келиши мумкин.

Ҳукумат янги тартибга солиш тизимини ишлаб чиққунга қадар Хитойнинг кўплаб портларида магнитлар эскпорти тўхтатиб қўйилган.

Holland & Knight юридик фирмасининг қайд этишича, экспортдаги чекловлар глобал таъминот занжирларига «ҳам дарҳол, ҳам стратегик таъсир» кўрсатиши мумкин. Оғир нодир металлардан автомобил саноати, дронлар, роботлар, ракета ва фазовий аппаратлар учун жуда муҳим бўлган магнитларда фойдаланилади. Бу металлар, шунингдек, реактив двигателлар, лазерлар, автомобил чироқлари ва айрим ўт олдириш «свеча»сини ишлаб чиқаришда керак бўладиган кимёвий моддалар таркибига киради.

CRU тадқиқот маркази маълумотларига кўра, Хитой дунёдаги нодир магнитларининг тахминан 90 фоизини етказиб беради. NYT’нинг ёзишича, бу магнитлар Хитойнинг АҚШга қиладиган умумий экспортининг жуда кичик қисмини ташкил қилади ва мамлакат учун минимал иқтисодий йўқотишларга сабаб бўлса-да, бошқа давлатлар учун салбий оқибатлари сезиларли бўлиши мумкин.

Барча давлатларга қарши «савдо уруши» доирасида АҚШ президенти Доналд Трамп Хитой товарлари импортига ҳам божлар жорий этди — уларнинг умумий қиймати 145 фоизга етди. Трамп томонидан божларнинг оширилишига жавобан Пекин ҳам Америка товарларига божларни 125 фоизгача кўтарди.

Мавзуга оид