Ўзбекистон | 15:01 / 05.05.2025
5205
2 дақиқада ўқилади

«CanSat Uzbekistan-2025» мусобақасининг финал босқичидан фоторепортаж

Тошкент вилоятидаги очиқ аэродромда «CanSat Uzbekistan-2025» мусобақасининг финал босқичи ўтказилди. Мусобақада талабалар ва ўқувчилар жамоалари ўзлари яратган кичик сунъий йўлдошларни баландликка учириб, ҳаво ҳарорати, масофа ва босим назорати каби маълумотларни қабул қилиш имкониятини текширди.

3 май куни Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган «Янги ҳаёт» очиқ учиш аэродромида «CanSat Uzbekistan-2025» мусобақасининг финал босқичи бўлиб ўтди.

«Ўзбеккосмос» агентлиги ташаббуси билан ўтказилаётган мусобақада 250 нафарга яқин ўқувчилар ва талабалардан ташкил топган 10 та жамоа ўзлари яратган микроспутникларни ўқув ракеталари ёрдамида баландликка учирди. Кичик сунъий йўлдошлардан ҳаво ҳарорати, масофа ва босим назорати каби бирламчи маълумотларни қабул қилиб олиш имконияти текширилди. Kun.uz мусобақа финалидан фоторепортаж тақдим қилади.

Маълум қилинишича, ушбу лойиҳа «STEAM» таълим йўналишида кадрлар тайёрлашнинг интерактив усулларидан бири бўлиб, ёшларнинг илмий ва ижодий қобилиятларини янада ривожлантириш, уларни аэрокосмик соҳага жалб қилиш, бу орқали янги авлод космик муҳандисларини етиштиришда муҳим аҳамиятга эга.

«CanSat Uzbekistan-2025» мусобақасининг ОТМлар бўйича финал босқичида», Янги Ўзбекистон университети 1-ўринни, Тошкент Ахборот технологиялари университети 2-ўринни, Ўзбекистон Миллий университети ва Тошкент Давлат транспорт университети жамоалари 3-ўринни қўлга киритди.

Шунингдек, мактаб ўқувчилари ўртасидаги мусобақада Sehriyo ва Al-Beruniy school мактаблари жамоалари мусобақа шоҳсупасига кўтарилди.

Ўзбеккосмос агентлигининг Kun.uz'га маълум қилишича, Бокуда бўлиб ўтган «Space Technology Conference-2025» тадбирида Ўзбекистон «CanSat» мусобақаларини Туркий давлатлар миқёсида ўтказиш ташаббусини илгари сурган. Ушбу тадбир ғолиблари халқаро миқёсдаги мусобақада қатнашиши режалаштирилган.

Расмлар муаллифи Мумтозбегим Абдумўминова

Мавзуга оид