Жаҳон | 23:06 / 01.06.2025
4993
2 дақиқада ўқилади

Германияда мактаб ўқувчиларига «эрта пенсия» тайинлаш таклифи илгари сурилди

«Эрта пенсия» 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўқувчиларнинг махсус ҳисобрақамига ўтказилади. Маблағлардан фуқаро пенсия ёши — 67 га кирганидан кейин фойдаланиши мумкин.

Фото: picture-alliance/dpa

Германияда мактаб ўқувчиларига ҳар ойда 10 евро ажратиш ва ушбу маблағларни «эрта пенсия» сифатида инвестиция қилишдан олинадиган фойдани уларнинг ҳисобрақамларига ўтказиб бориш таклиф қилинди, деб ёзмоқда CNBC.

«Эрта пенсия» 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўқувчиларнинг махсус ҳисобрақамига ўтказилади. Ўқиш мобайнида улар 1500 еврога яқин маблағ тўплаб қўйишлари мумкин.

Қайд этилишича, дастурни давлат жамғармалари маблағлари ҳисобидан молиялаштириш режалаштирилмоқда.

Ҳисобрақамларга келиб тушадиган пулларни ким инвестиция қилиш билан шуғулланиши, уларни қандай молиявий воситаларга сарфлаш режалаштирилаётгани ва пенсияга чиқиш пайтига келиб фоизларни ҳисобга олган ҳолда жамғармалар миқдори қанча бўлиши мумкинлиги ҳозирча номаълум.

Вояга етганидан сўнг, Германия фуқароси ўз ҳисобига йиллик чекловлар доирасида шахсий маблағларини ҳам ўтказиш имкониятига эга бўлади.

Бироқ пулни фақат пенсия ёшига етгандагина олишга рухсат этилади. 2025 йил май ойига кўра, Германияда пенсия ёши 67 ни ташкил этади.

Германия ҳукумати ушбу чора «бўлажак пенционерлар»ни бошланғич капитал билан таъминлашига, шунингдек, ёшларни ўз маблағлари ва инвестицияларига оид масалалардан хабардор бўлишини оширишига умид қиляпти.

Айрим экспертлар якундаги сумма «рамзий» бўлишини таъкидлаб, дастур ёшларнинг молиявий саводхонлик даражасини оширишга шубҳа билдирмоқда. Чунки улар пул ва фоизларни «пассив» шаклда олади. Инвестициявий қарор қабул қилиш эса учинчи шахсларда қолади.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид