Жаҳон | 21:49 / 08.06.2025
3233
1 дақиқада ўқилади

Германияда барча полициячиларни электрошокерлар билан қуроллантириш таклиф қилинди

Мамлакат ички ишлар вазирига кўра, электрошокерлар дубинкалардан кўра самаралироқ ва ўқотар қуролларга нисбатан камроқ зарар етказади.

Фото: DPA

Германия ички ишлар вазири Александр Добриндт полициячиларга электрошокерларни қўллашга рухсат беришни режалаштираётганини маълум қилди. Унинг қўшимча қилишича, жорий йилда тегишли ҳуқуқий база ишлаб чиқилади.

«Полициямиз учун электрошокерлардан фойдаланиш мутлақо зарурлигига ишончим комил», — дейди ИИВ раҳбари. Добриндтнинг баҳолашича, бу жамоат жойларида полициячиларга нисбатан кучайган таҳдидларга қарши курашга мос келадиган восита.

Унинг таъкидлашича, электрошокерлар дубинкалардан кўра самаралироқ ва ўқотар қуролларга нисбатан камроқ зарар етказади. Ҳуқуқ-тартибот органлари уларни тиғли-кесувчи қуролга эга ҳуқуқбузарларга нисбатан қўллашни режалаштирмоқда. Ўз навбатида Бавария ички ишлари вазири Йоахим Херман ушбу чоранинг самарадорлигига шубҳа билдирди. Шунингдек, Қуйи Саксония ИИВ раҳбари Даниэла Беренс ҳам буни танқид қилди.

Ҳозирда Германиянинг айрим ҳудудларида, жумладан, Берлин, Гессен, Рейнланд-Пфалц ерлари ва Шимолий Рейн-Вестфалия ерларининг алоҳида департаментларида электрошокерлардан фойдаланилади.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид