Ўзбекистон | 11:05 / 13.06.2025
2961
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятидаги «оғир» тоифадаги маҳаллаларда қуёш фотоэлектр станциялари қурилади

Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ва чекка ҳудудларни барқарор электр таъминоти билан таъминлаш мақсадида янги лойиҳа амалга оширилмоқда. 

Тошкент вилоятининг турли туманларида жойлашган, «оғир» ва «қизил» тоифага кирувчи 300 та маҳаллага кичик қуёш фотоэлектр станциялари қурилиши белгиланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимининг тегишли қарорида баён этилган.

Лойиҳанинг дастлабки босқичида Оққўрғон туманидаги Ёшлик, Зарбдор ва Эртамғали маҳаллаларида кооперация асосида қуввати 180 кВт дан 500 кВт гача бўлган қуёш фотоэлектр станциялари қурилиши режалаштирилган эди. Ушбу станциялар маҳаллий аҳолининг электр таъминотини яхшилаш билан бирга, қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига иқтисодий тежамкорликни ҳам таъминлайди.

Лойиҳа янада кенгайтирилиб, эндиликда, Бўка, Қуйи Чирчиқ, Оҳангарон ва Пискент туманларидаги олис ва инфратузилмаси суст ривожланган 16 та «қизил» тоифадаги маҳаллаларни ҳам қамраб олмоқда. Лойиҳа доирасида умумий ҳисобда 10 435 та хонадон энергия билан таъминланиши кутилмоқда. Шунингдек, 751 та камбағал оилани иш билан таъминлаш режалаштирилган.

Станцияларни қуриш ишлари Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Яшил энергия» масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилади. Умумий қуввати 4 650 кВт бўлган фотоэлектр станциялари мазкур маҳаллаларга беғараз ўрнатилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид