Жаҳон | 15:00 / 18.06.2025
1390
3 дақиқада ўқилади

Ҳегсет: АҚШ НАТОга содиқ қолади, лекин иттифоқчилардан кўпроқ харажатларни кутади

НАТОни модернизация қилиш ва мустаҳкамлаш учун президент Доналд Трампдан бошқа ҳеч ким кўпроқ иш қилгани йўқ, дейди АҚШ мудофаа вазири.

Фото: Global Look Press

АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет Доналд Трамп маъмурияти Шимолий Атлантика алянсига содиқлигини яна бир бор тасдиқлади ва шу билан бирга НАТОнинг бошқа аъзоларидан мудофаа харажатларини оширишни талаб қилди.

Брюсселдаги штаб-квартирасида алянс мудофаа вазирлари йиғилиши олдидан НАТО бош котиби Марк Рютте билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида сўзга чиққан Ҳегсет шундай таъкидлади: «Лидер бўлиш осон эмас, айниқса қарашлар жуда хилма-хил бўлса, лекин барча иштирокчилар жамоавий мудофаа бўйича умумий тушунча ва мажбуриятга эга».

Унинг сўзларига кўра, НАТОни модернизация қилиш ва мустаҳкамлаш учун президент Доналд Трампдан кўра ҳеч ким кўпроқ иш қилмаган: «Мен ҳар бир НАТО давлатига биз дуч келаётган реал таҳдидларни эътироф этган ҳолда ўз ялпи ички маҳсулотининг камида 5 фоизини ҳисса сифатида қўшиши кераклигини айтиш учун келдим».

Қўшма Штатлар иттифоқдаги ролидан фахрланади, аммо бизнинг сигналимиз аниқлигича қолмоқда. Қувватлаш орқали жиловлаш ва тинчликка эришиш тўғри, лекин бунга фақат АҚШга таяниб эришиб бўлмайди, дейди у.

НАТО бош котиби Марк Рютте, ўз навбатида, Америка маъмурияти биринчи кунданоқ ўз қарашлари ва умидларини аниқ белгилаб берганини тасдиқлади.

«Бугун бизда муҳим учрашув бор, чунки биз НАТО мамлакатларида яшовчи бир миллиард аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлган имкониятларни ривожлантириш мақсадларини келишиб олдик», — деди у.

Рюттенинг сўзларига кўра, 24-25 июн кунлари Ҳаагада бўлиб ўтадиган НАТО саммитида мудофаа харажатларининг янги мақсади қабул қилинади.

«Биз бу мақсадларга эришиш учун инвестицияларни сезиларли даражада ошириш кераклигини тушунамиз. Айтганча, бу Европа, Канада ва АҚШ ўртасидаги харажатлар даражасини тенглаштиришга ёрдам беради. Қўшма Штатлар НАТОга тўлиқ содиқдир, лекин шу билан бирга, Европа ва Канададаги иттифоқчилар ҳам катта масъулиятни ўз зиммасига олишини ҳақли равишда кутмоқда», деди у.

Рютте саммитда алянснинг ҳарбий салоҳиятини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, жумладан, ҳаво мудофааси, қуруқликдаги мобил қўшинлар, узоқ масофага учувчи ракеталар, замонавий қўмондонлик ва бошқарув тизимлари бўйича келишувга эришилишига ишонч билдирди.

Мавзуга оид

Эълонлар