Жаҳон | 07:30 / 01.07.2025
1308
2 дақиқада ўқилади

Исроил Ғазога зарба беришда давом этмоқда: Бир суткада 11 фаластинлик ҳалок бўлди

Нишонлар орасида мактаблар, қочқинлар лагерлари ва ички кўчирилганлар учун бошпана бўлган ҳудудлар бор.

Фото: Anadolu Agency

Исроилнинг Ғазо турли ҳудудларига уюштирган янги ҳужумларида камида 11 фаластинлик ҳалок бўлди. Исроил армияси шаҳарнинг жанубий ва шарқий мавзеларини, жумладан Зайтун, Шужайя ва Туффаҳни ҳам ҳаводан, ҳам артиллерия ёрдамида нишонга олишда давом этмоқда.

Ички кўчирилганлар учун бошпана бўлган мактаблар яна нишонлардан бирига айланди. Исроил армияси Ғазодаги камида тўртта шундай объектга ҳужум қилиб, жангариларни улардан фойдаланганликда айблади.

Дейр-ал-Балаҳдаги "Шуҳеда ал-Ақсо" касалхонасидаги манбанинг маълум қилишича, Исроилнинг учувчисиз учоқлари Ғазо ғарбидаги Шати қочқинлар лагерига зарба берганидан сўнг касалхонага беш жасад олиб келинган.

Ғазо шимолидаги Жабалия ҳудудида ўққа тутиш оқибатида яна тўрт фаластинлик ҳалок бўлди, кўплаб ярадорлар борлиги хабар қилинди.

"Ал-Ауда" касалхонаси гуманитар ёрдам кутаётган фаластинликларга уюштирилган ҳужумда 1 кишининг ҳалок бўлганини ва 23 кишининг яраланганини тасдиқлади.

Шунингдек, тиббиёт ходимлари исроиллик кучлар Ғазо жанубидаги Хон-Юнуснинг Меваси ҳудудига ҳужум қилгани, у ерда кўчирилганлар лагер қургани, бир киши ҳалок бўлгани ва бир неча киши яраланганини билдирди.

Маҳаллий манбаларга кўра, Исроил Ғазо блокадасини кучайтиришда ва гуманитар ёрдам олиш имкониятини чеклашда давом этмоқда, айни пайтда, маҳаллий манбаларга кўра, фаластинликлар озиқ-овқат излаб келган гуманитар нуқталарга тез-тез ҳужум қилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид