20 июл куни исроиллик ҳарбийлар Ғазо сектори шимолидаги «Зиким» назорат-ўтказиш пункти олдида тўпланган фаластинликларни ўққа тутди. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, камида 60 киши ҳалок бўлиб, 100 дан ортиқ киши яраланган. Бу маълумот ҳозирча бошқа мустақил манба орқали тасдиқланмаган.

Бу вақтда чегара ҳудудда БМТ Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури томонидан юборилган инсонварлик ёрдамини олиб келган 25 та юк машинаси турганди.

The New York Times ёзишича, одамлар назорат-ўтказиш пункти атрофида якшанбага ўтар кечасиёқ йиғила бошлаганди, чунки олдинроқ шу ердан Ғазога ун ортилган машиналар ўтиши ҳақида миш-миш тарқалган. Юк машиналар карвони кўриниш берганида эса одамлар унга қараб талпинган. Исроил ҳарбийлари эса уларга қарата ўт очган – армия матбуот хизмати баёнотида бу «тўғридан тўғри хавфни бартараф этиш» зарурати билан изоҳланган. Армия Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳалок бўлганлар ва яраланганлар сони бўйича маълумоти ишончли эканига шубҳа билдирган ҳамда ўз текширувини ўтказишга ваъда берган.

Ғазо ССВ бундан бир кун олдин, 19 июл куни исроиллик ҳарбийлар Ғазо гуманитар фондининг (GHF) инсонпарварлик ёрдамини тақсимлаш маркази яқинида камида 32 кишини ўлдиргани ҳақида хабар берганди. GHF объектларида бундай ҳолатлар икки ойдан (фонд Ғазода иш бошлаганига шунча вақт бўлди) буён деярли ҳар куни кузатилмоқда. Исроил армияси ҳар сафар ўнлаб кишилар ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарларни шубҳа остига қўймоқда – шу билан бирга, аскарлар одамларни ўққа тутаётганини тан олмоқда.

GHF – Американинг нотижорий ташкилоти бўлиб, Исроил унга Ғазода инсонпарварлик ёрдамини тарқатиш ҳуқуқини тақдим этган. Ташкилот 2025 йил февралида айнан шу иш билан шуғулланиши учун махсус тузилган. Май ойида секторда GHF’нинг илк маркази иш бошлаганди – ҳозирга келиб уларнинг сони тўрттага етган. Ёрдамни тарқатиш билан БМТнинг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш ва ишларни ташкиллаштириш бўйича Яқин Шарқ агентлиги (UNRWA) шуғулланган вақтда бундай ёрдам тарқатиш пунктлари сони юзлаб эди.

Исроил Ҳамас билан ҳамкорлик қилишда айблаб, UNRWA’нинг Фаластин ҳудудларидаги фаолиятини тақиқлаганди. Унинг бир неча ходимлари Ҳамаснинг 2023 йил 7 октябрда амалга оширган ҳужумида иштирок этган деб топилган.