Жаҳон | 23:21 / 07.07.2025
5211
2 дақиқада ўқилади

Трамп 1 августдан Жанубий Корея ва Япония товарларига 25 фоизли божлар жорий этилишини эълон қилди

АҚШ президенти ҳар икки мамлакат раҳбарларига тегишли хатларни йўллади. Унда тарифлардан қочиш мақсадида транзит орқали юборилган товарлар ҳам шу каби оширилган божларга тортилиши таъкидланган.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Доналд Трамп 1 августдан Япония ва Жанубий Корея товарларига 25 фоизли бож жорий этилишини эълон қилди. У ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғига Жанубий Корея президенти Ли Чжэ Мён ва Япония бош вазири Сигэру Исибага йўлланган иккита расмий хатни жойлаштирди.

«2025 йил 1 августдан бошлаб биз барча соҳаларга алоқадор тарифлардан ташқари, Қўшма Штатларга кириб келадиган ҳар қандай япон товарларига 25 фоизли тарифларни жорий этамиз», — дейилади Оқ уйнинг Япония бош вазирига йўллаган хатда.

Жанубий Корея президентига йўлланган мактубда ҳам шу ҳақда сўз боради. «Юқорироқ тарифлардан қочиш мақсадида транзит орқали юборилган товарлар ҳам ушбу оширилган божларга тортилади», — дея қўшимча қилинади хатида.

Трамп оширилган импорт божлари жорий этилиши тўғрисида апрел бошларида эълон қилганди, аммо кейинроқ буни 90 кунга кечиктирди. Ушбу муддат 9 июл куни якунланади. Ўтган муддат давомида АҚШ Ветнам, Хитой ва Буюк Британия билан савдо битимларини имзолади.

Эслатиб ўтамиз, июнь охирларида Доналд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғига «Канада билан барча савдо муҳокамаларини» тўхтатишини ва ушбу қарор зудлик билан кучга киришини маълум қилганди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид