Жаҳон | 11:53 / 10.07.2025
1542
2 дақиқада ўқилади

Лондон ва Париж ядровий тийиб турувчи кучларни мувофиқлаштиради

Макрон ва Стармер «Европа учун ҳар қандай ҳаддан ташқари таҳдид» юзага келган тақдирда ядровий тийиб туриш чораларини мувофиқлаштириш имконини берувчи декларацияни имзолашни режалаштирмоқда.

Фото: Christophe Petit Tesson/AFP/Getty Images

Буюк Британия ва Франция, агар керак бўлса, «Европа учун ҳар қандай экстремал таҳдид»га биргаликда жавоб бериш мақсадида ядровий тўсиқ бўйича чора-тадбирларни мувофиқлаштириш имконини берувчи келишувни имзолаш ниятида. Қўшма декларация 10 июл, пайшанба куни Лондонда Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ва Франция президенти Эммануэл Макрон томонидан имзоланиши керак.

Битим имзоланиши ҳақида Елисей саройи ва Буюк Британия Мудофаа вазирлиги эълон қилди. Ҳужжатда таъкидланишича, ҳар икки давлатнинг ядровий тўхтатувчи воситалари миллий назорат остида қолади, аммо «мувофиқлаштирилиши мумкин». 

Эммануэл Макрон давлат ташрифи билан Буюк Британияга келди. Саммит олдидан Лондон ва Париж мудофаа муносабатларини «янгилаш» ниятида эканини маълум қилди. «НАТОдаги яқин ҳамкор ва иттифоқчилар сифатида Буюк Британия ва Франция мудофаа соҳасида узоқ тарихга эга. Бугунги келишувлар шериклигимизни янги босқичга олиб чиқади», — деди Кир Стармер.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид