Жаҳон | 02:32 / 12.07.2025
2856
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Сенати қўмитаси Украинага 500 млн долларлик ёрдам ажратишни маъқуллади

Ушбу ташаббус Россия билан давом этаётган можаро шароитида Украинанинг мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган.

Фото: Global Espreso

АҚШ Сенатининг Қуролли кучлар бўйича қўмитаси Киевга хавфсизлик соҳасида ёрдам сифатида 500 миллион доллар ажратишни маъқуллади. Тегишли банд Америка мудофаа бюджети лойиҳасига киритилган, деб ёзади Reuters.

Расмий ҳужжатларга кўра, Украинага хавфсизлик соҳасида кўмак бериш ташаббуси муддати 2028 йилгача узайтирилган ва молиялаштириш ҳажми 500 миллион долларгача оширилган. Ушбу ташаббус Россия билан давом этаётган можаро шароитида Украинанинг мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган.

Шунингдек, қонун лойиҳасида АҚШ президенти Доналд Трампнинг А-10 самолётларини хизматдан чиқариш ҳақидаги қарори бекор қилинган. 2026 молиявий йилида ушбу самолётлар сони камида 103 тани ташкил этиши белгиланган.

Июль ойи бошида АҚШ Украинага ҳарбий ёрдамни вақтинча тўхтатиб қўйганди — бу қарор Пентагон томонидан Оқ уй билан келишилмаган ҳолда, мавжуд қурол-захираларни баҳолаш мақсадида қабул қилинган. Шундан сўнг Доналд Трамп Киевга мудофаа қуроллари, жумладан, Patriot зенит-ракета тизимлари учун қўшимча ракеталар етказиб бериш режалари ҳақида эълон қилди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид