Жаҳон | 19:50 / 13.07.2025
4458
2 дақиқада ўқилади

АҚШ бош прокурори Трампга қарши ишларга алоқадор 20 дан ортиқ ходимни ишдан бўшатди

Ишдан бўшатилганларнинг барчаси Трампга қарши иккита — ҳокимиятни эгаллашга уриниш ва махфий маълумотларни сақлаш бўйича ишларни тергов қилган собиқ махсус прокурор Жек Смит жамоасида бўлган.

Фото: The New York Times

АҚШ бош прокурори Пэм Бонди Адлия вазирлигининг Доналд Трампга қарши тергов бўйича иш олиб борган 20 дан ортиқ ходимини ишдан бўшатди, деб хабар беради Reuters.

Ишдан бўшатилганлар орасида адвокатлар ва ёрдамчи ходимлар ҳам бор. Уларнинг камида икки нафари прокурор бўлиб, Флорида ва Шимолий Каролинада ишлаган.

Агентликнинг қайд этишича, ишдан бўшатилганларнинг барчаси Трампга қарши иккита — ҳокимиятни эгаллашга уриниш ва махфий маълумотларни сақлаш бўйича ишларни тергов қилган собиқ махсус прокурор Жек Смит жамоасида бўлган.

Таъкидланишича, бу Трампга қарши ишлар устида фаолият юритган Адлия вазирлиги ходимларининг биринчи марта оммавий бўшатилиши эмас. Январ охирларида Адлия вазирлигига вақтинча раҳбарлик қилган Жеймс Макгенри 14 нафар адвокатни ишдан олганди.

Reuters ҳисоб-китобларига кўра, Смит жамоасида ишлагани учун бўшатилган ходимлар сони 37 кишига етган. Вазирликнинг яна 15 ходими ишдан олиниши кутилмоқда.

2025 йил январда махсус прокурор Жек Смит истеъфога чиққанди. Доналд Трамп 2024 йил ноябрда президентлик сайловларида ғалаба қозонгач, Смит Вашингтондаги федерал судяга Трампга қарши барча айбловларни олиб ташлаш бўйича илтимоснома киритган. Махсус прокурор Трампнинг инаугурацияси олдидан барча айбловларни олиб ташлашга уринаётганини маълум қилганди, чунки АҚШ Адлия вазирлиги амалдаги президентни таъқиб қила олмайди.

Смит ўзининг терговига оид ҳисоботида агар Трамп президентлик сайловларида ғалаба қозонмаганида, унга нисбатан ҳокимиятни эгаллашга уриниш иши бўйича айблов эълон қилинган бўлишини ёзган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид