Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия Axios'нинг Путиннинг Эрон бўйича позицияси ҳақидаги маълумотини рад этди
Россия президентининг Эронни АҚШ билан келишув доирасида уранни бойитишдан воз кечишга яширинча чақиргани ҳақидаги Америка нашрининг маълумоти «мақсадли дезинформация», дея маълум қилди Москва.
Россия ТИВ Американинг Axios нашри Россия президенти Владимир Путин АҚШ билан янги «ядровий битим» тузиш учун Эронни уран бойитишдан воз кечишга яширинча чақиргани ҳақида тарқатган маълумотни «мақсадли дезинформация» деб атади.
Россия ТИВ маълумот «Эрон ядро дастури атрофидаги кескинликни кучайтириш»ни мақсад этганини тахмин қилди. Москванинг таъкидлашича, у «доимий ва қайта-қайта» инқирозни «фақат сиёсий ва дипломатик йўллар билан» ҳал қилиш зарурлигини таъкидлаган ва «ўзаро мақбул ечимларни топишда ёрдам беришга тайёрлигини» билдирган.
12 июл кунги Axios хабарига кўра, Путин америкалик ҳамкасби Доналд Трампга ҳам, Эрон расмийларига ҳам Ислом Республикаси уранни бойитишдан бутунлай воз кечиши ҳақидаги келишув ғоясини қўллаб-қувватлашини айтган. Нашрнинг ёзишича, Путин сўнгги бир неча ҳафта ичида бу масала бўйича Теҳронга «қайта-қайта» мурожаат қилган ва бундан Исроил расмийлари ҳам хабардор бўлган.
2025 йил 13 июнга ўтар кечаси Исроил «Арслон исёни» операциясини бошлади: Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари 12 кун давомида Эрон ядровий дастури объектлари ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондонлик марказларини бомбардимон қилди. Эрон Исроил ҳудудига жавоб зарбаларини берди. АҚШ 22 июнга ўтар кечаси Эроннинг Фордо, Натанз ва Исфахондаги ядровий иншоотларига зарба бериб, можарога қўшилди. 24 июн куни Исроил ва Эрон ўт очишни тўхтатишга келишиб олди.