Жаҳон | 22:15 / 18.07.2025
3145
2 дақиқада ўқилади

Трамп АҚШ Адлия вазирлигига Эпштейн иши бўйича янги материалларни эълон қилишни топширди

Эпштейн иши бўйича ҳақиқатни ошкор қилиш, жумладан, унинг мижозлари рўйхатини эълон қилиш ва унинг ўлими тафсилотлари ҳақида маълумот бериш Трампнинг сайловолди кампаниясидаги муҳим ваъдаларидан бири эди.

Фото: Getty images

АҚШ президенти Доналд Трамп 17 июл куни адлия вазирига Жеффри Эпштейн иши бўйича суддаги Катта ҳакамлар ҳайъати йиғилиши стенограммасини ошкор қилишни буюрди. Ҳозир бу маълумотлар жамоатчилик учун ёпиқ. Бу ҳақда Трамп ўзига тегишли Truth Social ижтимоий тармоғида маълум қилди.

«Жеффри Эпштейнга бўлган эътиборнинг бемаъни миқдорини ҳисобга олган ҳолда, мен адлия вазири Пэм Бондидан суддан рухсат олган ҳолда Катта ҳакамлар ҳайъатининг ишга алоқадор барча ҳужжатларини ошкор қилишни сўрадим. Демократларнинг бу ёлғони тўхтатилиши керак, зудлик билан!», деб ёзди президент.

Бунга жавобан Пэм Бонди: «Президент Трамп - биз суддан Катта ҳакамлар ҳайъати стенограммасини махфийликдан чиқаришни эртагаёқ сўрашга тайёрмиз», деди.

Бундай оммавий фикр алмашиш, кузатувчиларнинг таъкидлашича, Эпштейн иши бўйича тергов республикачилар сафида жиддий зиддиятга сабаб бўлган бир пайтда юзага келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Эпштейн иши бўйича ҳақиқатни ошкор қилиш, жумладан, унинг мижозлари рўйхатини эълон қилиш ва унинг ўлими тафсилотлари ҳақида маълумот бериш Трампнинг сайловолди кампаниясидаги муҳим ваъдаларидан бири эди.

Шунга қарамай, июл ойи бошида Адлия вазирлиги ва ФҚБ кутилмаганда мижозларнинг ҳеч қандай рўйхати йўқлигини, унинг ўзи эса ўз жонига қасд қилгани ҳақида баёнот берди. Президент тарафдорлари бу хулосалардан норози бўлиб, ҳақиқат яширилмоқда, деб ҳисоблади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид