Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германияда ўзбекистонлик ёшлар касбларга ўқитилиши кутиляпти
Германиянинг етакчи нашрларидан бири BILD газетасида Ўзбекистон ёшларини Германияда касбий таълим олиш ва меҳнат фаолиятига жалб қилишга бағишланган мақола эълон қилинди.
"Германияда хориж давлатларидан ёшларни касбий таълимга жалб қилиш ва меҳнат фаолиятига ёллаш бўйича Саксония-Анхальт федерал ўлкаси компаниялари Ўзбекистон билан муваффақиятли ҳамкорлик қилмоқда. Айниқса, Papenburg AG, Askania Future GmbH компаниялар бу борада катта тажрибага эга", – деб ёзилган нашрда.
Материалда Papenburg AG компанияси ўзбекистонлик ёшларни Германияда касбларга ўқитиш бўйича катта тажрибага эга экани, ҳозиргача 60 га яқин ўзбек ёшлари юк машинаси ҳайдовчиси йўналишида ўқишни тамомлаб, иш билан таъминлангани қайд этилган. Германияда ушбу тоифадаги ҳайдовчиларга бўлган талаб жуда юқори, қолаверса, мамлакатда ва унга қўшни давлатларда ҳам ҳайдовчи топиш мушкул.
"Askania Future GmbH компанияси яқин келажакда 1750 нафар ўзбекистонлик ёшларни Германияда турли касбларга ўқитишни режалаштирган. Ҳамширалик, қурувчилик, электрик ва юк машинаси ҳайдовчиси каби талаб юқори бўлган касблар бўйича талабгорлар дастлаб Ўзбекистонда немис тилига ўқитилади ва В1 даража тил сертификатини қўлга киритганидан сўнг ГФРда мутахассислиги бўйича дуал касбий таълим асосида тайёрланади", – дейилган мақолада.
Нашрда таъкидланишича, Германия Касбий таълим федерал институти ўтказган сўровномада меҳнат бозори тадқиқотчиси Александр Штудтхофф ушбу ҳамкорликни юқори баҳолаган. "Бўлғуси мутахассисларга ўз ватанларида немис тили ўргатилиб ҳамда дастлабки касбий тайёргарликнинг оширилиши уларнинг Германияда касб бўйича ўқишларини муваффақиятли тугатишда ҳал қилувчи омиллардан бири саналади", – дея экспертнинг сўзларидан иқтибос келтирилган мақолада.
Германия Юк ташиш, логистика, чиқиндиларни қайта ишлаш ва утилизация қилиш бўйича федерал уюшмаси вакили профессор Дирк Энгелхардтнинг таъкидлашича, немис тилини пухта эгаллаган хорижлик мутахассисларга Германия меҳнат бозорида барча имкониятлар эшиги очилади.
BILD газетаси, шунингдек, Германия касаба уюшмалари федерацияси хорижлик мутахассисларни уй-жой билан таъминлаш, уларнинг интеграциялашувини қўллаб-қувватлаш бўйича маслаҳат марказлари ташкил этиш таклифини илгари сургани ҳақида ёзган.
Мавзуга оид
12:04 / 18.06.2026
Ўзбекистон ва Германия биринчи хонимлари инклюзив таълим масалаларини муҳокама қилди
21:45 / 17.06.2026
Audi янги авлод А6 Allroad’ни тақдим этди
20:04 / 17.06.2026
Ўзбекистон ва Германия президентлари бир қатор иқтисодий лойиҳаларни ишга туширди
10:05 / 17.06.2026