Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳиндистон Трампнинг таҳдидларига қарамай, Россиядан нефт сотиб олишда давом этади – ОАВ
Бу борадаги мамлакат сиёсати ўзгармагани ва ҳукумат Россиядан импортни қисқартириш бўйича «нефт компанияларига ҳеч қандай кўрсатма бермагани» таъкидланмоқда.
Ҳиндистон АҚШ президенти Доналд Трампнинг бож ва жарималар билан таҳдид қилишига қарамай, Россиядан нефт сотиб олишда давом этади. Бу ҳақда Ҳиндистон ҳукуматидаги манбаларга таяниб, 2 август куни бир нечта нашрлар, жумладан, The New York Times, Reuters ва ТАСС хабар берди.
NYT юқори мартабали суҳбатдошининг айтишича, мамлакат сиёсати ўзгармаган ва ҳукумат Россиядан импортни қисқартириш бўйича «нефт компанияларига ҳеч қандай кўрсатма бермаган».
«Бу узоқ муддатли нефт шартномалари. Бир кечада харидларни тўхтатиш унчалик осон эмас», деб Reuters анонимлик шарти билан гапирган бошқа бир манбанинг сўзларини келтирди.
«Ҳиндистон нефтни қайта ишлаш заводлари Россиядан нефт сотиб олмоқда. Уларнинг таъминот бўйича қарорлари нарх, хом нефт нави, захиралар, логистика ва бошқа иқтисодий омилларга боғлиқ. Ҳиндистоннинг энергия сотиб олиши миллий манфаатлар ва бозор шароитлари билан боғлиқ», деди ТАСС суҳбатдоши.
Шунга қарамай, 31 июл куни Reuters Ҳиндистоннинг тўртта давлат нефтни қайта ишлаш компанияси Россия нефти учун чегирмалар қисқаргани сабабли сотиб олишни тўхтатгани ҳақида хабар берди. Гап Indian Oil Corp (IOC), Hindustan Petroleum Corp (HPCL), Bharat Petroleum Corp (BPCL) ва Mangalore Refinery Petrochemical Ltd (MRPL) компаниялари ҳақида бормоқда.
14 июл куни АҚШ президенти Доналд Трамп баёнот бериб, агар Москва 50 кун ичида Украинада ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришмаса, Россия ва унинг ҳамкорларига қарши 100 фоизлик бож жорий этишга ваъда берди. Кейинчалик у муҳлатни 10 кунгача (8 августгача) қисқартирди. Оқ уйнинг маълум қилишича, Трамп Россия нефтининг харидорлари ҳақида гапирган.
Яқинда Америка президенти 1 августдан бошлаб Қўшма Штатлар Россиядан ҳарбий техника ва энергия сотиб олгани учун Ҳиндистонга «жарима» солишини эълон қилди.