Жаҳон | 22:46 / 05.08.2025
5002
2 дақиқада ўқилади

Россия санкциялардан қутулиш учун Украинада «ҳаво сулҳи» таклифини кўриб чиқмоқда

«Ҳаво сулҳи» таклифи ракеталар ва дронлар орқали бериладиган зарбаларни тўхтатишни назарда тутади.

Фото: AP

Россия ҳукумати иккиламчи санкциялар таҳдидининг олдини олиш мақсадида АҚШ президенти Доналд Трампнинг Украинада «ҳаво сулҳи» таклифини кўриб чиқмоқда, деб ёзди Bloomberg манбаларга таяниб.

Агентлик суҳбатдошларига кўра, «ҳаво сулҳи» таклифи ракеталар ва дронлар орқали бериладиган зарбаларни тўхтатишни назарда тутади.

АҚШ президенти махсус вакили Стив Уиткоффнинг Россияга ташрифи Москвага Доналд Трамп билан кечикиб бўлса-да «келишувга эришиш имкониятини» беради. Манбалардан бирининг аниқлик киритишича, Россия «ҳаво сулҳи»га рози бўлиши учун Украина ҳам бунга амал қилиши шарт.

Стив Уиткофф Россияга 6 август куни боради. Кремл унинг президент Владимир Путин билан ҳам учрашишини истисно қилмади. Аввалроқ, Украинага АҚШ президентининг махсус вакили Кит Келлог ҳам расмий ташриф билан бориши ҳақида хабар берилган эди.

8 август куни Доналд Трамп Москва Украинадаги можарони ҳал қилмаса, Россия ҳамкорларига нисбатан 100 фоизлик божлар жорий этишга ваъда берган муддат тугайди. 1 август куни Беларус президенти Александр Лукашенко АҚШ президентининг баёнотига изоҳ бериб, Россия «ҳаво сулҳидан» манфаатдор эканини айтди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид