Жамият | 10:31 / 07.08.2025
3360
2 дақиқада ўқилади

ДХХ ҳудудларда фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатларни аниқлади

Самарқандда геологик хизматлар кўрсатиш хусусий корхонаси директори фуқарога олтин маъданлари жойлашган махфий геологик харита ва фотосуратлар борлигини айтиб, уларни сотмоқчи бўлганида ушланди.

Фото: Видеодан кадр

Самарқанд шаҳрида геологик хизматлар кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи хусусий корхона директори қўлга олинди.

ДХХ хабарига кўра, у келгусида ноқонуний бойлик орттириш мақсадида маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, муқаддам ўзининг Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида масъул лавозимларда ишлагани ҳамда ўзида Самарқанд ва Жиззах вилоятлари ҳудудларида амалга оширилган геологик-қидирув ишлари натижасида яратилган олтин маъданлари жойлашган махфий геологик харита ва фотосуратлар борлигини айтиб, уларни 25 минг АҚШ долларига сотишини айтган.

ДХХнинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мазкур шахс келишилган пуллардан 10 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. 

Тегишли ташкилотлар берган хулосага кўра, ушбу шахс иддао қилаётган ҳеч бир маълумот махфий ҳисобланмайди.

“Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти таркибидаги “Муборак магистрал газ қувурлари” бошқармаси газ тарқатиш станцияси бўлими Шаҳрисабз ГТС оператори Қарши шаҳрида яшовчи фуқарони юқори лавозимдаги танишлари орқали “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти тизимидаги ташкилотлардан бирига назоратчи лавозимига ишга олиниши учун 4 000 АҚШ доллари талаб қилган.

ДХХнинг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда ИЖҚК департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда оператор сўралган 4000 АҚШ долларини олган вақтида ушланди.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид