Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Маданият арбоблари Мерцдан Исроилга қурол етказмасликни сўради
350 дан ортиқ немис актёрлари, режиссёрлари ва мусиқачилари Германиянинг Исроилга қурол етказиб беришини тўхтатиш ва Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга чақирувчи очиқ хатни имзолади.
Юзлаб немис маданият арбоблари ва оммавий ахборот воситалари Германия канцлери Фридрих Мерцни Исроилга қурол етказиб беришни тўхтатишга чақирди. Исроилга Ғазо секторидаги ҲАМАС гуруҳига қарши ҳарбий амалиёти муносабати билан босим ўтказишни талаб қилувчи очиқ хатга 367 нафар актёр, режиссёр, мусиқачи, продюсер, сценарийнавис, оператор ва бошқа маданият ва оммавий ахборот воситалари вакиллари имзо чеккан. 200 дан ортиқ таниқли немислар томонидан имзоланган мурожаат дастлаб 31 июл куни чоп этилган.
«Биз, шунингдек, ҲАМАСнинг жиноятларини ҳам кескин қоралаймиз. Лекин ҳеч бир жиноят миллионлаб бегуноҳ одамларнинг энг шафқатсиз тарзда амалга оширилган жамоавий жазосини қонунийлаштирмайди», — дейилади Avaaz инсон ҳуқуқлари ташкилоти ташаббуси билан бўлган хатда.
Очиқ хатда Ғазо сектори аҳолиси, жумладан, болалар ҳам ҳалокатли аҳволга тушиб қолгани қайд этилган. «Ғазо очарчилик домида қолган ва лагерлар юз минглаб одамларни қабул қилишни режалаштираётган бир пайтда Исроил ҳукуматини тўлиқ қўллаб-қувватлашда давом этиш Германия миллий манфаатларига мутлақо тўғри келмайди», — дейди мурожаат муаллифлари. Уларнинг фикрига кўра, Мерц «Исроилни йўналишини ўзгартиришга ишонтира оладиган кам сонли одамлардан бири».
Очиқ мактубда айтилишича, Германия ҳукумати Исроилга қурол экспортини тўхтатишдан ташқари, Европа Иттифоқи ва Исроил ассоциацияси тўғрисидаги битимнинг тўхтатилишини қўллаб-қувватлаши ва зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, гуманитар ёрдам тўсиқсиз киришини қатъий талаб қилиши керак.