Жаҳон | 13:43 / 12.08.2025
2871
8 дақиқада ўқилади

Уйсизларни ҳайдаётган Трамп, Ғазода ҳалок бўлган журналистлар ва Озарбойжоннинг Украинага ёрдами – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

«Вашингтонни озод этиш»

АҚШ президенти Доналд Трамп «ҳуқуқ-тартибот ва жамоат хавфсизлигини тиклаш учун» Вашингтонга Миллий гвардия аскарларини ташлашни буюрди. Унинг буйруғига кўра, округ полицияси тўғридан тўғри федерал бошқарувга ўтади.

Трамп Оқ уйда ўз маъмурияти расмийлари қуршовида ўтказилган матбуот анжуманида шундай баёнот берди.

Президентнинг сўзларига кўра, Вашингтон «шафқатсиз тўдалар ва қонхўр жиноятчилар томонидан қўлга олинган», у эса шаҳарни «ҳар қачонгидан ҳам хавфсизроқ ва чиройлироқ» қилмоқчи. Трамп ўз қарорини АҚШ пойтахтини «озод қилиш» деб атади.

Reuters агентлигига кўра, сўнгги кунларда шаҳарга Федерал қидирув бюроси ҳамда Иммиграция ва божхона назорати хизмати каби идораларнинг юзлаб ходимлари юборилган.

Вашингтон мэри, демократ Муриэл Боузер Трампнинг даъволарини рад этди. Унинг сўзларига кўра, шаҳарда «жиноятчилик ўсиши кузатилмаяпти», 2024 йилда эса зўравонлик жиноятлари даражаси сўнгги 30 йилликдаги энг паст кўрсаткичга тушган.

Вашингтон полицияси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг дастлабки етти ойида зўравонлик жиноятлари сони 26 фоизга, жиноятларнинг умумий сони эса 7 фоизга камайган.

Ўқотар қуролларни назорат қилиш тарафдори бўлган Everytown for Gun Safety ташкилоти вакили муаммо қурол ишлатиш билан боғлиқ зўравонлик ҳолатлари бўлиб қолаётганини айтган. Унинг сўзларига кўра, 2023 йилда Вашингтон аҳолиси 500 мингдан ортиқ бўлган АҚШ шаҳарлари орасида ўқотар қуролдан қотиллик содир этиш бўйича учинчи ўринни эгаллаган.

Reuters’нинг қайд этишича, Доналд Трампнинг бу қарори унинг демократларни қўллаб-қувватловчи шаҳарларга зарба бериш ва маҳаллий ҳокимият ваколатларига аралашиш учун навбатдаги уринишидир.

Журналистлар ўлими

Исроилнинг Ғазо шаҳридаги «Аш-Шифо» шифохонаси яқинига йўллаган зарбаси оқибатида «Ал-Жазира» журналисти Анас аш-Шариф ва телеканалнинг яна тўрт ходими ҳалок бўлди.

«Ал-Жазира» хабарига кўра, шифохонага зарба берилганда унинг асосий дарвозаси олдидаги журналистлар учун мўлжалланган палаткада мухбирлар Анас аш-Шариф ва Муҳаммад Крейке, шунингдек, операторлар Иброҳим Зоҳир, Муҳаммад Нуфал ва Муаммян Алива бўлган.

Телеканал баёнотида ушбу «мақсадли қотиллик» «матбуот эркинлигига яна бир очиқ ва қасддан қилинган ҳужум» бўлгани қайд этилган.

Ҳужумдан кўп ўтмай, Исроил мудофаа кучлари Анас аш-Шариф ҳужум нишони бўлганини тасдиқлади ва у гўёки Ҳамас террорчилик гуруҳининг бўлимларидан бирини бошқарганини даъво қилди.

Баёнотда ҳалок бўлган бошқа журналистлар ҳақида эсланмаган.

«Ал-Жазира» маълумотларига кўра, зарба оқибатида жами етти киши ҳалок бўлган. Дастлаб телеканал тўрт нафар ходим ҳалок бўлганини хабар қилганди, бир неча соат ўтиб уларнинг сони беш нафар экани ойдинлашди.

«Ал-Жазира» бош муҳаррири Муҳаммад Муаваднинг айтишича, Аш-Шариф аккредитациядан ўтган журналист бўлган ва Ғазо секторида содир бўлаётган воқеаларни дунёга етказувчи «ягона овоз» бўлиб қолаётганди.

28 ёшли Аш-Шарифнинг ўлимидан бир неча дақиқа олдин унинг Х ижтимоий тармоғидаги 500 мингдан ортиқ обуначиси бор саҳифасида Исроилнинг Ғазо шаҳрига шиддатли авиазарбалари ҳақида огоҳлантирувчи хабарлар қолдирилган.

Журналистнинг ўлими ҳақидаги хабардан кейин ҳам ушбу саҳифада олдиндан ёзиб қўйилган пост эълон қилинган.

«Бу менинг сўнгги хабарим. Агар бу сўзлар сизларга етиб борган бўлса, билингки, Исроил мени ўлдира олди ва овозимни ўчира олди», - дейилади унда.

Озарбойжондан Украинага ёрдам

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Энергетика вазирлигига Украинага гуманитар ёрдам кўрсатиш мақсадида 2 миллион доллар ажратиш тўғрисида фармойиш имзолади.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, маблағлар Озарбойжонда ишлаб чиқарилган «Украинага гуманитар ёрдам кўрсатиш учун электр ускуналари»ни сотиб олиш ва жўнатишга сарфланади.

10 август куни Алиев ва Украина президенти Володимир Зеленский Озарбойжоннинг SOCAR компаниясининг Украина ҳудудидаги нефт омборига, шунингдек, бошқа объектларга, жумладан, Озарбойжон газини Украинага етказиб берувчи компрессор станциясига қилинган «Россия ҳужумлари»ни қоралаганди.

Киев ва Боку бу томонларнинг энергетика соҳасидаги ҳамкорлигини тўхтатиш учун сабаб бўлмаслигини таъкидлаган.

Одессадаги SOCAR нефт базасига ҳужум 8 августга ўтар кечаси уюштирилган. Россия мудофаа вазирлиги 2 августдан 8 августгача бўлган даврда Украинада мамлакат мудофаа саноати корхоналари ишини таъминловчи «газ-транспорт тизими объектлари»га зарба берилганини маълум қилган. Вазирлик баёнотида зарбалар фақат Украинанинг ҳарбий ва энергетика объектлари ва улар билан боғлиқ инфратузилмаларга берилаётгани таъкидланган.

Президент Алиевнинг Украинага ёрдам тўғрисидаги бу қарори Москва ва Боку муносабатларида Озарбойжон йўловчи самолёти Грознийда ҳужумга учраши ва Екатеринбургда озарбойжонликлар ўлдирилиши туфайли юзага келган кескинликнинг навбатдаги босқичи бўлди.

Озарбойжон ва Арманистон ҳудудий даъволардан воз кечади

Озарбойжон ва Арманистон ташқи ишлар вазирликлари ўзаро тинчлик битими матнини эълон қилди. Ҳужжат 17 банддан иборат бўлиб, икки давлат раҳбарлари томонидан имзоланганидан сўнг кучга киради.

Ҳужжатда айтилишича, Озарбойжон ва Арманистоннинг халқаро чегаралари СССР таркибидаги ҳукуматлар чегаралари ҳисобланади. «Томонлар бир-бирининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, халқаро чегаралари дахлсизлиги ва сиёсий мустақиллигини тан олади ва ҳурмат қилади», - дейилади шартномада.

Шартномада томонларнинг бир-бирига нисбатан ҳудудий даъволари йўқлиги ва бўлмаслиги ҳам қайд этилган.

Бундан ташқари, томонлар ҳужжат имзолангандан сўнг бир-бирининг ички ишларига аралашмасликка ва дипломатик муносабатлар ўрнатишга ваъда бермоқда.

Томонлар шунингдек, ўз чегаралари бўйлаб учинчи давлат қуролли кучларини жойлаштирмаслиги ва можаро пайтида бедарак йўқолганлар ҳолатларини текширишда ҳамкорлик қилиши кўзда тутилган.

Келишув 8 август куни Вашингтонда Озарбойжон, Арманистон ва АҚШ раҳбарлари Илҳом Алиев, Никол Пашинян ва Доналд Трамп иштирокида Боку ва Ереван ташқи ишлар вазирлари томонидан парафирланганди.

Медузалар АЭС ишини тўхтатиб қўйди

Франция шимолидаги Гравлин атом электр станцияси фаолияти совитиш тизимларида медузалар тўпланиб қолгани сабабли тўхтатилди.

Насос станцияларининг филтрловчи барабанлари «оммавий ва кутилмаган» миқдордаги медузалар билан тўлгани сабабли учта реактор автоматик равишда тўхтаб қолди. Бир неча соатдан сўнг яна бир реактор қўлда ўчирилди.

Reuters манбаси маълум қилишича, филтрловчи насосларга зарар етмаган – уларни шунчаки тозалаш керак, шундан сўнг станция ўз ишини давом эттира олади. Оператор компаниянинг таъкидлашича, ҳодиса объект, ходимлар ва атроф-муҳит учун хавф туғдирмаган.

Тахминларга кўра, ҳодисанинг асл сабаби иқлим инқирози бўлиши мумкин. Станцияни совитиш учун сув Шимолий денгиздан келади. Сув ҳарорати кўтарилиши туфайли сўнгги йилларда АЭС атрофидаги пляжларда медузалар сони кўпайиши кузатилмоқда.

Гравлин АЭС Франциядаги энг йирик атом электр станциясидир. Унинг реакторлари умумий қуввати 5460 мегаваттни ташкил этади.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид