Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШга «хавф туғдираётган» Куба ва Мексика–Евроиттифоқ эркин савдо битими – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Путин қасос олмоқчи
Россия президенти Владимир Путин жума куни ўз ҳарбийларига Украинадан ўч олиш чораларини тайёрлашни буюрди. У буни олти кишининг ҳаётига зомин бўлган талабалар ётоқхонасига қилинган дрон ҳужуми билан изоҳлади.
Кремл ҳисоботида айтилишича, Киевнинг ҳужуми — Россия назоратида бўлган Луҳанск вилоятининг Старобилск шаҳридаги ётоқхонага уюштирилган. Путин – Киев ҳарбийлари «нималарни нишонга олаётганини аниқ билгани»ни таъкидлади.
Путин давлат телевидениеси орқали узатилган ўз баёнотида ётоқхона яқинида ҳеч қандай ҳарбий нишонлар бўлмаганини айтди.
Россия инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг маълум қилишича, тунда Украина дронлари ҳужум қилган пайтда, коллеж ётоқхонасида 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган 86 нафар ўсмир бўлган.
Россия ташқи ишлар вазирлиги Украина зарбаси оқибатида беш қаватли ётоқхонанинг юқори учта қавати буткул вайрон бўлганини билдирди.
Россия расмийлари томонидан эълон қилинган фотосурат ва видеоларда қутқарувчилар вайроналар остидан бир кишини замбилда олиб чиқаётгани, жиддий шикастланган бинолар ва ҳали ҳам давом этаётган ёнғинлар акс этган.
Украина ҳарбийлари Россия айбловларини рад этиб, ушбу ҳудуддаги дронларни бошқариш бўйича элита бўлинмасига зарба берилганини маълум қилди. Шунингдек, Киев халқаро ҳуманитар ҳуқуқ меъёрларига тўлиқ амал қилганини билдирди.
Урушда ҳар икки томон ҳам тинч аҳолини қасддан нишонга олишини рад этади. Украина 2022 йилда Москва бир томонлама тартибда ўзиники деб эълон қилган Луҳанскни қайтариб олишни истайди.
Россия БМТ Хавфсизлик Кенгашида ушбу ҳодисани муҳокама қилиш учун фавқулодда йиғилиш ўтказишини маълум қилди.
SpaceX синовлари
22 май куни SpaceX компанияси ўзининг «Starship» космик кемасининг энг сўнгги моделини учирди. Бу воқеа Илон Маскнинг ракета компанияси рекорд даражадаги биржага чиқиш — IPOʼга яқинлашаётган вақтда юз берди
Парвоз давомида бир нечта кичик муаммолар кузатилди, бироқ SpaceX ходимлари жонли эфир пайтида қувончдан ҳайқириб юборди.
«V3» деб номланган учинчи авлод Starship ракетаси Техаснинг жанубий чеккасидан кўкка кўтарилди. Синов – тахминан бир соатдан кейин, улкан ракета Ҳинд океанига етиб бориб, сувга урилиш пайтида ёниб кетиши билан якунланди.
Баландлиги 124 метр бўлган ушбу қурилма аввалги моделлардан каттароқдир. Бу келажакда НАСАнинг Ойга ва ҳатто Марсга амалга ошириладиган миссиялари учун мўлжалланган ракетанинг 12-синов парвозидир.
Хитой ўзининг биринчи бошқариладиган миссиясини 2030 йилга режалаштираётган бир пайтда НАСА «Артемис» дастури орқали 50 йилдан ортиқ вақт ичида илк бор инсонларни Ойга қўндиришга тайёргарлик кўрмоқда.
Бунинг учун НАСА ойдаги қўниш модулларини қуриш мақсадида ҳам SpaceX'га, ҳам Жефф Безоснинг Blue Origin аэрокосмик компаниясига миллиардлаб доллар тўламоқда.
Мексика–Евроиттифоқ келишуви
22 май куни Европа Иттифоқи ва Мексика узоқ вақт давомида тўхтаб қолган эркин савдо битимини имзолади. Бу орқали ҳар икки томон Америка Қўшма Штатларига бўлган иқтисодий қарамлигини камайтиришга интилмоқда.
«Мақсад оддий: биз Атлантика океанининг ҳар икки томонида кўпроқ иш ўринлари яратишни ва кўпроқ қиймат шакллантиришни хоҳлаймиз», деди Еврокомиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Мехикодаги саммитда.
2000 йилги савдо битимини кенгайтирувчи ушбу янги келишув деярли барча товарлар, жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун ҳам божсиз кириш имкониятини таъминлайди. Эски пакт фақат саноат товарларини қамраб олганди.
Мексика президенти Клаудия Шеинбаум «бошқа уфқларни очиш» зарурлигини таъкидлади.
Мексика иқтисодиёт вазирлиги маълумотларига кўра, янги келишув мамлакатнинг Европага йиллик экспортини ҳозирги 24 миллиард доллардан 2030 йилга келиб 36 миллиард долларгача ошириши мумкин. ЕИ эса ўз навбатида Мексикага ҳар йили тахминан 65 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилади.
Мексика ҳам Европа каби Доналд Трампнинг божларидан жиддий зарар кўрган. Битим имзоланганидан кўп ўтмай, Европа Кенгаши раҳбари Антонио Коста ушбу келишувни «ҳақиқий геосиёсий баёнот» деб атади.
«Куба АҚШ учун таҳдид»
АҚШ давлат котиби Марко Рубио Куба – Қўшма Штатлар учун «миллий хавфсизликка таҳдид» туғдириши ва улар билан тинчлик келишувига эришиш имкониятлари «жуда паст» эканини айтди.
Бу баёнотлар АҚШ Кубанинг собиқ президенти Раул Кастрога 30 йил олдинги воқеа учун қотиллик айблови қўйганидан кейин эълон қилинмоқда.
Журналистлар билан суҳбатда Рубио дипломатия Куба билан муносабатларни тартибга солишнинг афзал усули бўлиб қолаётганини, аммо «бунинг эҳтимоли кам» эканини айтди. Рубионинг таъкидлашича, президент Доналд Трамп мамлакатни ҳар қандай таҳдидлардан ҳимоя қилиш ҳуқуқи ва мажбуриятига эга.
У, шунингдек, Куба «бутун минтақада терроризмнинг етакчи ҳомийларидан бири» эканини айтди.
Куба ташқи ишлар вазири Бруно Родригес бу айбловларни қатъиян рад этди. У Рубиони «ёлғон»да айблади ва Куба ҳеч қачон АҚШ учун хавф туғдирмаганини айтди.
Шу кунларда АҚШ Қуролли Кучлари Жанубий қўмондонлиги ядровий авиаташувчи кема бошчилигидаги зарба гуруҳи Кариб денгизи акваториясига кирганини хабар берди.
Шунингдек, минтақага авиация гуруҳи, эсминец ва таъминот танкерлари ҳам етиб борган. Жанубий қўмондонликнинг таъкидлашича, жойлаштирилган кучлар «юқори жанговар тайёргарлик ва стратегик устунликни» намойиш этади.
Исроил Ливанда 6 нафар шифокорни ўлдирди
Ливан жанубига 24 соат ичида уюштирилган Исроил зарбалари оқибатида ливанлик олти нафар тиббиёт ходими ҳалок бўлди.
Ливан соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, пайшанбадан жумага ўтар кечаси Ҳанавей шаҳрига берилган зарбада тўрт киши, жума куни эрталаб эса Ан-Наҳрда икки нафар тиббиёт ходими ҳаётдан кўз юмган.
Исроил ҳарбийлари эса бу зарбалар «Ҳизбуллоҳ» инфратузилма объектлари ва жангчиларига берилганини маълум қилди.
Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги Ан-Наҳрда олингани айтилган видеони тарқатди. Унда йўл четида сариқ нимча кийган икки киши кимгадир ёрдам кўрсатаётгани акс этган. Тез ёрдам машинаси ушбу икки кишига яқинлашганда, чақнаш кўринади ва кучли портлаш овози эшитилади. Шундан сўнг ўша одамларнинг ерда ётгани кўринади.
2 мартдан «Ҳизбуллоҳ» ҳам урушга қўшилганидан бери Исроил ҳужумлари оқибатида Ливанда 3100 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Ҳалок бўлганлар орасида 123 нафар тиббиёт ходими, шунингдек, 210 дан ортиқ бола ва 300 га яқин аёл бор. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Ливан жанубидаги бир нечта шифохона Исроил зарбалари оқибатида шикастланган ёки бутунлай ишдан чиққан.
АҚШ Миллий разведка директори истеъфога чиқди
АҚШ Миллий разведкаси директори Тулси Габбард жума куни президент Доналд Трампга истеъфо бериш ҳақида ариза топширди. У буни турмуш ўртоғига яқинда суяк саратони ташхиси қўйилгани билан изоҳлади.
45 ёшли Габбард Овал кабинетдаги учрашувда Трампни истеъфога чиқиш нияти борлиги ҳақида хабардор қилди. Унинг истеъфоси 30 июндан кучга кириши белгиланган.
Трамп истеъфони қабул қилди ва Габбарднинг ўринбосари Арон Лукас Миллий разведка директори вазифасини вақтинча бажарувчи бўлишини айтди.
Собиқ демократ бўлган Габбард ўзининг сиёсий обрўсини – АҚШнинг ташқи урушлардаги иштирокига қарши чиқиши орқали мустаҳкамлаганди. Бу эса АҚШ ва Исроил Эронга қарши уруш бошлаганида, унинг Трамп билан ихтилофга боришига сабаб бўлди.
Унинг март ойида Конгрессда айтган сўзлари Трампнинг Эронга ҳужум қилиш қарорини эҳтиёткорлик билан қўллаб-қувватламаслиги билан ажралиб турган.
Мавзуга оид
15:01 / 22.05.2026
«Ядровий мускулларини» кўрсатган Россия ва Канада ичидаги бўлинишлар – кун дайжести
14:49 / 21.05.2026
Исроилнинг «обрўсини тўккан» Бен-Гвир ва Эронни кутишга тайёр Трамп – кун дайжести
16:19 / 20.05.2026
Путин Хитойга келди, Эбола тарқалиши кўпайди, АҚШ Европадаги ҳарбийларини қисқартиради – кун дайжести
14:15 / 19.05.2026