Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Путин Хитойга келди

20 май куни эрталаб Си Жинпинг Пекиндаги Халқ йиғинлари залида Россия президенти Владимир Путинни юксак эҳтиром ва дабдаба билан кутиб олди. Учрашув Хитой етакчиси худди шу жойда Доналд Трампни қабул қилганидан бир неча кун ўтиб, деярли бир хил форматда юз берди.

Си ва Путин ўртасидаги музокаралар дастлаб нозик масалаларни муҳокама қилиш учун «тор доирадаги учрашув» билан бошланди. Сўнгра ҳар икки етакчи ўз делегациялари билан «кенг доирадаги учрашув» ўтказди.

Хитой ОАВларига кўра, Си Жинпинг ўзининг кириш сўзида икки давлат — миллий тараққиёт ва қайта тикланиш борасида бир-бирига ёрдам бериши кераклигини айтди. Шунингдек, Си дунё яна «чангалзор қонунлари»га қайтиш хавфи остида эканини қўшимча қилди.

Путин эса ўз нутқида Яқин Шарқдаги инқироз шароитида Москва «ишончли энергия етказиб берувчи» бўлиб қолаётганини таъкидлаган ва Сини келгуси йили Россияга таклиф қилди.

Си Яқин Шарқда ҳарбий ҳаракатларнинг янада авж олдирилиши «мақсадга мувофиқ эмаслигини» ва «ҳар томонлама ўт очишни тўхтатиш долзарб аҳамиятга эга» эканини айтди.

Учрашувлар давом этмоқда. Украинадаги уруш харажатлари ортиб бораётгани ва санкциялардан жабр кўраётган иқтисодиёти туфайли ўзаро савдо ва инвестициялар Путин кун тартибидаги энг муҳим масалалар бўлади.

Эбола тарқалиши кўпаймоқда

Конго шарқида сўнгги 24 соат ичида Эбола вирусидан вафот этишда гумон қилинган яна 26 та ҳолат қайд этилди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари эпидемия тарқалишидан чуқур хавотир билдирмоқда.

Янги ўлим ҳолатлари Конгода эпидемия билан боғлиқ қурбонлар сонини 131 нафарга етказди. Соғлиқни сақлаш расмийларига кўра, мамлакатда 543 та гумон қилинган ва 33 та тасдиқланган ҳолат қайд этилган. Қўшни Угандада эса 2 та ҳолат тасдиқланган.

Эпидемия экспертларни хавотирга солмоқда. Чунки вирус ёмон шароитдаги ҳудудларда бир неча ҳафта давомида аниқланмасдан тарқалишга улгурган. Экспертларнинг фикрича, эпидемияни аниқлашдаги кечикишлар — йирик донорлар глобал соғлиқни сақлашни молиялаштиришни қисқартиргач соҳадаги бўшлиқларни кўрсатган.