Жаҳон | 21:18 / 13.08.2025
5931
5 дақиқада ўқилади

Озарбойжон ва Арманистон тинчлик келишувига яқинми? Қандай зиддиятлар ва рисклар бор?

8 август куни Вашингтонда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян АҚШ президенти Доналд Трамп воситачилигида тинчлик келишуви бўйича меморандум имзолади. Уни баъзилар “тинчлик муносабатлари борасидаги декларация” деб ҳам номлади. Бу ҳали тинчлик шартномаси эмас, уни тузишга тайёргарлик ҳисобланади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Вашингтонда парафирланган тинчлик битими лойиҳасига кўра, томонлар бир-бирининг ҳудудий яхлитлиги ва расмий чегараларини тан олади, ҳудудий даъволар қилмайди, тинчлик ўрнатади ва ўтмишдаги тўқнашувлар учун ўч олмайди.

Маълумки, Озарбайжоннинг барча ҳудудлари бир эмас. Нахичивон автоном республикаси Озарбайжоннинг асосий ҳудудидан ажралиб қолган. Эксклавга бориш учун ё Арманистон орқали, ё Эрон орқали ўтиш керак бўлади. Ҳозирда Арманистон ўз ҳудудидан Зангезур коридорининг ўтишига рози. Бу коридорни назорат қилиш эса, АҚШ компаниялари консорциумига берилади. Зангезур коридори устидан назоратни Озарбойжонга ёки Туркияга эмас, имкон қадар бошқа, бетараф давлатга бериш – Арманистон мухолифати ва жамоатчилигининг талаби эди. Ушбу назорат икки давлатнинг розилиги асосида АҚШ томонига бериладиган бўлди.

Хўш, энди бу икки давлат ўртасида тинчлик ўрнатиладими? Ўрнатилса, бу тинчлик қанчалик тез ва мустаҳкам бўлади? Бу саволларга ҳар бир давлат нуқтайи назаридан алоҳида, тарихий-сиёсий ракурсда қараш керак бўлади.

Озарбойжон шу пайтга қадар геосиёсий масалаларда иккита муҳим тамойилга, қадриятга урғу берар эди: нейтраллик ва глобал қўшилмаслик. Расмий Боку: “Биз НАТОга ҳам, КХШТга ҳам интилмаймиз. Минтақа атрофидаги қудратли давлатлар ўртасидаги рақобатда ҳеч ким тарафида бўлмаймиз” деган линияда эди. Бироқ, 2024 йилнинг декабрида Россия томонидан Озарбайжон самолётининг уриб туширилиши вазиятни ўзгартирди. Кейинги ойларда Озарбойжон–РФ муносабатлари янада таранглашди. Бугун Боку Украинага ҳатто моддий ёрдам беришга интилаётган давлат бўлиб улгурди. Мана шу фонда Озарбойжоннинг ташаббуси билан Зангезур коридори АҚШ томонига берилиши – Жанубий Кавказдаги геосиёсий вазиятни нейтралликдан кескинлик томон буради.

Хўш, Арманистондаги вазият қандай? Озарбойжоннинг талабига кўра, Арманистон референдум ўтказиб, Конституциясидаги Қорабоғга даъволар борасидаги шаъмаларни олиб ташлаши керак. Арманистон тинчликка интилмоқда. Лекин референдум ўтказиб керакли натижани олиш осон бўлмайди. Сабаби оддий: бугун Арманистон жамиятида Қорабоғ борасида реваншизм кайфиятлари кучли. “Имкон топиб Қорабоғни қайтариб олишимиз керак” деган кайфият кенг тарқалган. Қолаверса, бугун Арманистон жамиятида рейтинги энг юқори сиёсатчи бош вазир Пашинян бўлса-да, унинг рейтинги 13-15 фоиз атрофида. Ниҳоятда паст. Қолган сиёсатчиларнинг рейтинги янада паст. Демак, референдум арман жамиятини кучли чайқайди ва сиёсий консенсусга эришиш осон бўлмайди.

Келаси йил июн ойида Арманистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиши керак. Агар бу сайловларда Пашинян тарафдорлари керакли овозларни ололмаса, Пашинян бош вазир бщла олмайди. Ва унинг лойиҳалари қадрсизланади.

Кавказ минтақасида тарихан таъсири катта бўлган давлатлар бор. Жумладан, Эрон, Россия ва Туркия. Зангезур коридорининг АҚШга берилишига Эрон ҳам, Россия ҳам тиш-тирноғи билан қарши чиқади. Шу пайтга қадар Зангезур коридори ушбу икки давлат нигоҳида “муқобил” лойиҳа сифатида қабул қилинаётган эди. Энди эса, АҚШга берилиши фонида бу лойиҳа “бизга қарши” деб кўрила бошланди. Чунки бу икки давлат ҳам Жанубий Кавказга АҚШ/НАТО/Исроилнинг кириб келишини истамайди, қаттиқ қаршилик қилади.

Назаримда, ҳатто Туркия ҳам, НАТОнинг аъзоси бўлса-да, Зангезур коридорининг АҚШга берилишига ич-ичидан рози эмас. Расман, Анқара Озарбойжон–Арманистон келишувларини олқишлади, лекин Жанубий Кавказга АҚШ/Исроилнинг кириб келиши – борган сари мустақил ва амбицияли ўйинчига айланиб бораётган Туркияни хурсанд қилмайди. Албатта, Туркия бу ҳақда расмий баёнотлар бериб, Бокуни ҳуркитмоқчи эмас.

Вашингтондаги баёнотларга кўра, Зангезур коридори АҚШ консорциумига 99 йилга берилиши кутилмоқда. Лекин 99 йил ичида минтақадаги, давлатлар атрофидаги геосиёсий вазият юз мартадан кўпроқ ўзгаради.

Трамп бу икки давлатни ярашувини ўзининг тарихий хизмати сифатида таърифлади. Унинг мақсади – тинчлик учун Нобел мукофотини қўлга киритиш.

Озарбайжон–Арманистон ўртасида тинчлик ўрнатилиши, Зангезур коридорининг ишга тушиши – туркий дунё, туркий бирлик, Ўзбекистон иқтисодиёти учун ҳам жуда муҳим рол ўйнайди. Бироқ, ҳозирча Жанубий Кавказда тўлиқ ва барқарор тинчлик ўрнатилишига ҳали маълум муддат вақт ва жиддий уринишлар кераклиги кўринмоқда.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Мавзуга оид