Ўзбекистон | 22:24 / 14.08.2025
3287
5 дақиқада ўқилади

Мукофотланган элчи, эълон қилинган мандат ва Солиқ қўмитасидаги техник носозлик – маҳаллий дайжест

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда дипломатик миссиясини якунлаётган Франция элчиси Орелия Бушезни тақдирлади, техник носозлик сабаб солиқ тўловчилардан қарийб 400 млрд сўм ечиб олингани маълум бўлди, якуний танлов натижалари эълон қилинди, Қибрайда дарахтлар аҳоли кўз ўнгида кесиб ташланди – шу ва бошқа муҳим хабарлар билан Kun.uzʼнинг маҳаллий янгиликлар дайжестида таништирамиз.

Франция элчиси “Дўстлик” ордени билан тақдирланди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14 август куни мамлакатдаги дипломатик миссиясини якунлаётган Франциянинг фавқулодда ва мухтор элчиси Орелия Бушезни қабул қилди. Давлат раҳбари Франция элчисининг самарали фаолияти ҳамда икки давлат ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида қайд этди.

Икки давлат ўртасида таълим, соғлиқни сақлаш ва маданий-гуманитар алмашинув соҳаларида муҳим дастурлар амалга оширилмоқда. Лувр музейи ва Араб дунёси институтида кўргазмалар катта муваффақият билан ўтди. Париж шаҳри яқинида Беруний ҳайкали очилди. Франция пойтахтидаги кўчага Самарқанд номи берилди. Жорий йилда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон–Франция университети ўз ишини бошлайди.

Шавкат Мирзиёев учрашув якунида элчи Орелия Бушезга Ўзбекистон ва Франция ўртасида дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун “Дўстлик” орденини топширди.

Мандат эълон қилинди

2025/2026 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари бўйича танлов натижалари эълон қилинди.

Танлов натижаларини 3 хил усулда билиш мумкин: my.uzbmb.uz сайтига абитуриентнинг паспорт серияси ва рақами ҳамда шахсий идентификация рақамини киритган ҳолда, mandat.uzbmb.uz сайтига абитуриентнинг ID рақамини киритган ҳолда ва тест натижалари қайдномаси орқали. Тест натижалари қайдномаси олий таълим муассасаларига ҳам тақдим этилади.

Тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентлар апелляция аризаларини my.uzbmb.uz сайтида онлайн тарзда 15 августдан 24 августга қадар бериши мумкин. Фақат абитуриент апелляция шикояти бериши учун тест синовида иштирок этган ва тест синовидан четлатилмаган бўлиши лозим.

Ўзметкомбинат”да раҳбар ўзгарди

Тадбиркор Баҳодир Абдуллаев янги лавозимда иш бошлайди. У «Ўзметкомбинат» бошқаруви раиси — бош директор вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Баҳодир Абдуллаев 20 дан ортиқ корхонани бирлаштирган BA Holding таъсисчиси ҳисобланади. У 2022 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.

Баҳодир Абдуллаев 2024 йил октябрь ойида корхонага раҳбар бўлган Дилшод Аҳмедов ўрнини эгаллади.

Солиқ қўмитасидаги техник носозлик

Солиқ қўмитаси тадбиркорлардан катта миқдорда пул ечиб олган. Қўмита буни “техник носозлик” билан изоҳлади. Яъни Солиқ қўмитаси маълумотлар базасида юз берган техник носозлик 30,1 минг солиқ тўловчига таъсир кўрсатган.

Маълум бўлишича, техник носозлик сабаб солиқ тўловчилардан қарийб 400 млрд сўм ечиб олинган. Солиқ органлари маблағларни солиқ тўловчиларнинг ҳисоб рақамларига қайтариш бўйича барча зарур чораларни кўраётгани билдирилган. Хусусан, солиқ тўловчиларнинг ҳисобидан ечиб олинган маблағларни қайтариш бўйича тегишли хулосалар тўлиқ Ғазначиликка юборилган.

Қайд этилишича, маблағларни қайтариш автоматик тарзда амалга оширилади, солиқ тўловчилардан ёзма мурожаат талаб этилмайди. Шу билан бирга, тижорат банкларида ҳали ижро қилинмаган инкассо топшириқлари ҳам қайтариб олиниши таъминланди. 13 август куни соат 18:00 ҳолатига 20 608 та субъектга 274,7 млрд сўм қайтарилиши таъминланган.

Қибрайда ошкора дарахткушлик

Қибрайда дарахтлар аҳоли кўз ўнгида кесиб ташланди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда кўринишича, бензопила кўтарган ишчи маҳаллий аҳоли вакилининг қаршилик кўрсатишига қарамай, масъуллар назорати остида кўп қаватли турар жойлар атрофидаги ёш ва соғлом дарахтларни таг-туги билан кесиб ташлаган.

Туман ҳокимлиги буни ҳудудни «кўкаламзорлаштириш мақсади» билан изоҳлаган. Яъни ёпиқ футбол майдони қуриш, ҳудуд атрофини янада кўкаламзорлаштириш ҳамда сайр қилиш йўлакларни ташкил этиш мақсадида қаровсиз боғдаги қуриган ва парваришлаш имкони мавжуд бўлмаган 7 туп дарахт кесилган.

Бироқ Тошкент вилояти Экология бошқармаси воқеа жойида 10 туп дарахт кесилгани ва ўсимлик дунёсига 39 млн 758 минг сўм миқдорида зарар етказилганини билдирган. Шунингдек, дарахтларни кесган номаълум фуқароларнинг шахсига ойдинлик киритиш мақсадида Қибрай тумани ички ишлар бўлимига хат билан мурожаат қилинган.

Муаллиф:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид