Жаҳон | 15:42 / 14.08.2025
20526
5 дақиқада ўқилади

«Худди қуллардек». КХДР Россияга ишчиларини юбормоқда, улар даҳшатли шароитга тушиб қолишмоқда

Россия КХДРдан ёппасига арзон ишчи кучи ёлламоқда. BBC маълумотига кўра, шимолий кореяликлар қуллардек ишлатилади ва ватанга қайтгунича иш ҳақи берилмайди.

Фото: Alexey Maishev / Sputnik / Profimedia

Россия Украинага босқин ва бошқа мамлакатлардан келувчи мигрантларга қарши кампания туфайли юзага келган ишчи кучи тақчиллиги шароитида Шимолий Кореядан минглаб ишчилар жалб этишни бошлади.

2018 йилга қадар ҳам Россияда кўплаб шимолий кореяликлар ишлаган. Ҳар йили уларга 12 мингдан 15 минггача ишчи виза берилган, айрим паллаларда Россияда бир вақтнинг ўзида КХДР фуқаролари бўлган 35 мингдан ортиқ киши ишлаган. Аммо 2017 йил охирида БМТ янги ядровий синовлар туфайли КХДРга қарши санкцияларни кучайтиради ҳамда бошқа мамлакатларга шимолий кореялик ишчиларни ёллашни тақиқлайди, чунки Пхенян уларнинг иш ҳақидан маълум қисмини ўзига оларди. Шундан кейин бошқа давлатлар қатори Россия ҳам КХДРдан келадиган ишчи кучидан воз кеча бошлаганди.

Аммо 2022 йилда Ким Чен Ин Украинага қарши урушда Владимир Путинни қўллаб-қувватлаб чиққач, бу тенденция ортга қайтади. Шундан кейин Россия нафақат КХДР қуроллари ва аскарларидан фойдаланади, балки шимолий кореяликларни ёппасига ишга ёллаш амалиётини тиклайди.

BBC’​​нинг Жанубий Корея разведкасидаги манбасига кўра, 2024 йилда Шимолий Кореянинг 10 мингдан ортиқ фуқароси ишлаш учун Россияга борган. Улар асосан қурилиш ишларида меҳнат қилишади, аммо айримлари тўқув фабрикалари ва «IT-марказлар»га ҳам юборилмоқда, деб ёзади нашр. Шимолий кореяликлар «Россиянинг ҳамма жойида бор», дея тасдиқлайди нашрнинг Жанубий Корея разведкасидаги манбаси. Унинг сўзларига кўра, 2025 йил охирига қадар Пхенян Россияга янада кўпроқ ишчи жўнатади (худди аскарлар каби) ва уларнинг жами сони 50 мингдан ортади.

Шимолий кореяликлар аллақачон Украина қуролли кучлари босқинидан жабр кўрган Курск областини тиклаш ишларига киришган. Улар келгусида Украинанинг ишғол этилган ҳудудларини тиклаш бўйича лойиҳаларда ҳам ишлаши эҳтимоли юқори, деган BBC’​​га жанубий кореялик мулозимлардан бири аноним тарзда.

Расмий маълумотларга кўра, 2022 йилда КХДРнинг 223 нафар фуқароси Россияга кирган, бу миқдор 2023 йилда – 1117 нафар, 2024 йилда эса – 13 221 нафарни ташкил этган. Улардан саккиз мингга яқини талабалик визаси билан ҳаракатланган, бироқ бу БМТ тақиқини четлаб ўтиш учун шунчаки ҳийла, дейди Жанубий Корея разведкасидаги манбалар. «Россия ишчи кучининг кескин танқислигини бошдан кечирмоқда ва шимолий кореяликлар мукаммал ечимни таклиф қилмоқда. Улар арзон, меҳнатсевар ва муаммо туғдирмайди», – дейди Сеулдаги Кунмин университети ўқитувчиси, Шимолий Корея бўйича етакчи эксперт Андрей Ланков.

Шимолий кореяликлар учун хорижга қурилиш ишларига бориш азалдан жозибадор имконият ҳисобланади, чунки хорижда уларга ватанидагидан кўра кўпроқ ҳақ тўланади. Аммо Россияда улар том маънода қуллик шароитига тушиб қолишади. BBC журналистлари уруш бошланганидан кейин Россиядан қочишга муваффақ бўлган олти нафар шимолий кореялик ишчи билан суҳбатлашган. Улар кундалик ҳаётни шундай тасвирлашади: эрталаб соат 6 да туриш, кўп қаватли уйлар қурилишида тонгдан тун ярмигача – соат 02:00 гача ишлаш, йил давомида фақат икки кун расмий дам олиш ҳамда даҳшатли маиший шароитлар.

BBC маълумотига кўра, шимолий кореяликлар ифлос ва одам билан лиқ тўла юк контейнерларида ёки ўзлари қураётган уйларда ухлашади. Улар Шимолий Корея махсус хизматлари ходимларининг мунтазам кузатуви остида бўлади. Уларга доимий равишда мафкуравий дарс ўтилади ва қурилиш майдончаларини тарк этишга деярли рухсат берилмайди – агар илгари «ташқи дунё»га вақти-вақти билан жуфт-жуфт бўлиб чиқиш мумкин бўлган бўлса, 2023 йилдан бошлаб буни фақат беш кишилик гуруҳларда амалга оширишга рухсат берилган. Қочиб кетган ишчилардан бирининг BBC га айтишича, у бир марта тўрт метр баландликдан йиқилган ва юз қисмидан жароҳатланган, аммо унга ҳатто касалхонага боришга ҳам рухсат беришмаган.

Бундай шароитда Шимолий Корея ишчиларининг қочиши тобора қийинлашиб бормоқда. Жанубий Корея ҳукумати маълумотларига кўра, 2022 йилдан бери Россиядан келган шимолий кореяликларнинг ўртача сони икки баравар камайган – йилига тахминан 20 мингдан 10 минг кишигача. Яна бир тийиб турувчи омил – иш ҳақини тўлаш қоидаси ўзгариши бўлди – унинг бир қисми, аввалгидек, Шимолий Корея давлатига ўтказилади, яна бир қисми (одатда ойига 100-200 доллар) ишчиларга тўланади, фақат улар ватанга қайтгандан кейингина.

Шунга қарамай, ҳатто шундай шароитда ҳам айрим ишчилар қочишни уддалашмоқда – одатда улар чекиш ва спиртли ичимликлар учун бериладиган «кунлик» пулни тежаш орқали йиғилган пулга сотиб олинадиган эски мобил телефонлар ёрдамида ҳуқуқ ҳимоячилари билан боғланишади.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид