Жаҳон | 21:43 / 14.08.2025
8787
5 дақиқада ўқилади

Зангезур: Ўзбекистон учун янги стратегик имкониятми?

Жанубий Кавказдаги геосиёсий жараёнлар Ўзбекистон учун ҳам стратегик аҳамият касб этади. Зангезур коридорининг очилиши Марказий Осиё учун Россия ва Эрон йўлларига муқобил хавфсиз транзит имконини беради. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида мавзу юзасидан профессор Фарҳод Каримов шарҳи.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

— Озарбойжон ва Арманистон тинчлик келишувига яқинлашгани Жанубий Кавказ минтақаси учун қандай геосиёсий аҳамиятга эга?

Фарҳод Каримов: Вашингтонда имзоланган меморандум минтақада янги сиёсий муҳит шаклланаётганидан ва АҚШнинг Жанубий Кавказга фаол кириб келаётганидан далолат беради. 8 август куни Пашинян ва Алиев учрашувида тинчлик шартномаси муҳокама қилинди ва душанба куни унинг лойиҳаси тақдим этилди. Ҳужжат 17 банддан иборат бўлиб, асосий пунктлар қуйидагилар: собиқ СССР парчаланишидан олдинги чегараларни расмий тан олиш, демаркация ва делимитация жараёнларини якунлаш ҳамда ҳудудий масалаларни ёпиш.

Энг муҳим бандлардан яна бири – Зангезур коридорида АҚШ иштирокини белгилаш. Арманистон юрисдикцияси билан тартибга солинадиган бу ҳудудда 99 йил давомида АҚШ компаниялари инвестиция киритиб, коридорни бошқаради. Бу эса геосиёсий муҳитни тубдан ўзгартиради.

Эрон учун бу жуда ноқулай, чунки ҳозиргача Озарбойжон билан Нахичивон ўртасида қуруқлик алоқаси фақат Эрон ҳудуди орқали ўтади. Энди эса Эрон ва Арманистон чегараси бўйлаб, Нахичивонни Озарбойжон билан боғлайдиган 38 км йўл АҚШ назоратига ўтиши – Эроннинг ролини камайтиради. Шу билан бирга, Марказий Осиё, Хитой ва Ҳиндистон учун Ўрта коридорда янги алтернатив йўл пайдо бўлади. АҚШ бу орқали Хитойнинг Европага чиқадиган асосий савдо йўлагини назоратга олиш имкониятига эга бўлади.

Аляскада бўлиб ўтадиган Россия ва АҚШ президентлари учрашувида бу масала ҳам савдолашув предмети бўлиши кутилмоқда. Россия эҳтимол Украина бўйича ўзига мақбул келишув эвазига Жанубий Кавказдаги манфаатларидан воз кечишга мажбур бўлиши мумкин. Шунингдек, АҚШ томонидан Россияга Эрон билан ҳарбий иттифоқ тузмаслик талаби ҳам кўрилиши эҳтимолдан холи эмас.

— Кавказдаги ўзгаришлар Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон манфаатларига қандай таъсир кўрсатади?

Фарҳод Каримов: Зангезур коридори Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга. У янги алтернатив транзит йўлини очади. Ҳозирга қадар минтақа асосан шимолий йўналиш – Россия орқали ташқи бозорларга чиқарди. Украина-Россия можароси бу йўл имкониятларини қисқартирди.

Иккинчи йўналиш Эрон орқали, Бандар Аббос ва Чобаҳор портларидан ўтади. Бу маршрутда эса бюрократик ва сиёсий тўсиқлар мавжуд бўлиб, транзит устунлиги асосан Эрон томонида эди.

Ўзбекистон яқин йилларда Жаҳон савдо ташкилотига киришни режалаштиряпти. Маҳсулотларни эркин ташиш имконияти бўлмаса, жаҳон иқтисодиёти билан интеграция тўлиқ амалга ошмайди. Агар Ўзбекистон ва Туркманистон орқали Ўрта коридор Зангезур йўлаги билан Қора денгиз ва Туркияга уланадиган бўлса, бу янги иқтисодий имкониятлар очади, маҳсулот таннархини пасайтиради, транзит даромадларини оширади ва сиёсий босимни камайтиради.

Зангезур коридори – туркий давлатларни боғлайдиган стратегик йўл ҳамдир. Бу йўл иқтисодий ҳамкорликни кучайтиради ва сиёсий яқинлашув учун пойдевор бўлиши мумкин.

Каспий денгизи ҳозир ҳарбийлашган ҳудудга айланган: яқинда Эрон ва Россия у ерда қўшма машғулотлар ўтказди. Аслида Каспий бўйича халқаро келишувлар мавжуд бўлиб, Россия ва Эрон билан бир қаторда Қозоғистон, Туркманистон ва Озарбойжон ҳам улушга эга. Ҳуқуқий жиҳатдан транзит учун тўсиқ йўқ, аммо ҳарбий машғулотлар савдо кемаларини тўхтатиши, бу эса транспорт муддатини ва харажатларини ошириши мумкин.

Эроннинг асосий эътирози – коридорнинг АҚШ ва Туркия иштирокида очилиши. Шу сабабли улар Араз йўлини, яъни Зангезурга параллел, ундан бир неча километр жанубдан – Эрон ҳудудидан ўтадиган маршрутни таклиф қилмоқда. Аввалига бу лойиҳага шубҳа билан қаралган, чунки Туркманистоннинг позицияси ноаниқ эди. Ҳиндистон Чобаҳор портига катта сармоя киритгач, Эрон орқали транзит ишончли йўл сифатида кўрилди. Аммо бугун вазият ўзгарди, Марказий Осиё янги алтернативлар изламоқда. Бу Эрон йўналишидан бутунлай воз кечиш эмас, балки қўшимча йўналишлар яратишдир.

Хитой бу лойиҳага қизиқмоқда, чунки у Шарқий Туркистон ва ғарбий саноат ҳудудлари учун янги экспорт-импорт йўли бўлиши мумкин. Йўл ишга тушса, Россия ва Хитой ўртасида кескин рақобат бўлмайди, лекин АҚШнинг иштироки Пекинга ёқмаслиги табиий. Шунга қарамай, транспорт-логистика муаммоларини ҳал қилиш учун бу йўл зарур ва Хитой учун ҳам катта стратегик аҳамиятга эга.

Суҳбатни тўлиқ шаклда YouTube'да томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид