Спорт | 20:34 / 15.08.2025
5769
19 дақиқада ўқилади

АПЛда янги мавсум бошланмоқда. Грандлар ёзги трансферларни қандай ўтказди?

Ким қандай ҳолатда ва кимнинг имконияти қанақа?

Фото: Opta

Бугундан Англия Премер Лигасининг навбатдаги мавсумига старт берилади. 1-тур «Энфилд»да амалдаги чемпионларнинг «Борнмут»га қарши ўйини билан бошланса, якшанба куни марказий ўйин бор. «Манчестер Юнайтед» ўз майдонида «Арсенал»ни қабул қилади.

Қуйида Англиянинг топ-6 клубларининг ёздаги асосий трансферлари ва мавсумда улардан нималарни кутиш мумкинлиги ҳақида мулоҳаза юритилади.

«Ливерпул»

Келди:

Флориан Вирц («Байер»), 22 ёшда – 125 миллион евро
Юго Экитике (
«Айнтрахт»), 23 ёшда – 90 миллион евро
Милош Керкез (
«Борнмут»), 21 ёш – 47 миллион евро
Жереми Фримпонг (
«Байер»), 23 ёш – 40 миллион евро

Келиши мумкин: Александр Исак («Нюкасл»)

Кетди:

Луис Диаз («Бавария») – 70 миллион евро
Дарвин Нунез (
«Ал Ҳилол») – 53 миллион евро
Жарел Куанса (
«Байер») – 35 миллион евро
Саомин Келлеҳер (
«Брентфорд») – 15 миллион евро
Трент Александр-Арнолд (
«Реал») – 10 миллион евро

Кетиши мумкин: Ибраима Конате («Реал»)

«Ливерпул» трансферларни бирданига катта харидлардан бошлагани кўпчиликни ҳайрон қолдирган, бу – клубни бўлажак мавсумнинг яққол фаворитига айлантириб қўйганди. Биринчидан, тайёр юлдузларни сотиб олиш «Ливерпул»нинг биз ўрганган анъаналарига терс – табиийки, бундай юриш жуда жиддий қабул қилинди. Иккинчидан, шундоғам жамоа ўтган мавсумда АПЛ чемпионига айланганди.

Аммо ҳаммаси биз ўйлагандек бўлиб чиқмаслиги мумкин. Чунки кетганларнинг ҳам ўзига яраша жамоада ўрни бор эди. Ўтган мавсумда ҳужум чизиғида энг кўп майдонга тушган 5 футболчидан уч нафари айни дамда таркибда йўқ: Жота вафот этди, Диаз ва Нунез сотиб юборилди. Янги футболчилар ҳали кетганларнинг ўрнини босиши ҳам керак. Шунингдек, Трент Александр-Арнолднинг ўрни нафақат ўнг қанот ҳимоясида, балки Муҳаммад Салоҳга ҳам билиниши мумкин. «Кристал Пэлас»га қарши ўйинда Фримпонг индивидуал томондан ўзини кўрсатган, ҳатто гол урган бўлса-да, Салоҳ фаол бўлмаганига Трентнинг йўқлиги ҳам сабаб бўлди.

Шунингдек, ўтган мавсумдан кўра бу сафар чемпионлик кураши янада қийинроқ кечиши мумкин. «Манчестер Сити» қайтади, «Арсенал» кучлироқ бўлади, шу туфайли «Ливерпул» учун ҳаммаси ўтган мавсумдаги каби осон кечмаслиги тайин.

«Ливерпул» АПЛда биринчи бўлиб мавсумни бошлаб беради – Слот шогирдларини бугун «Борнмут»га қарши ўйин кутмоқда. Бир неча кун олдин «Ливерпул»ни «Кристал Пэлас»га қарши Суперкубок ўйинида кўрдик. Икки хил таассурот – жамоа мағлубиятга учради, аммо янги футболчиларнинг фойдали ҳаракатлари мухлисларда оптимистик таассурот қолдирди.

Дастлабки беш ўйини: «Бормунт» (уйда), «Нюкасл» (сафарда), «Арсенал» (уйда), «Бёрнли» (сафарда), «Эвертон» (уйда).

«Арсенал»

Келди:

Мартин Субименди («Реал Сосиедад»), 26 ёш – 70 миллион евро
Виктор Гёкереш (
«Спортинг»), 27 ёш – 66 миллион евро
Нони Мадуэке (
«Челси»), 23 ёш – 56 миллион евро
Кристиан Москера (
«Валенсия»), 21 ёш – 15 миллион евро
Кристиан Норгар (
«Брентфорд»), 31 ёш – 12 миллион евро
Кепа Аррисабалага (
«Челси»), 30 ёш – 6 миллион евро

Келиши мумкин: Эберечи Эзе («Кристал Пэлас»)

Кетди:

Томас Парти («Вилярреал»), - эркин агент
Киран Тирни (
«Селтик») – эркин агент
Жоржинио (
«Фламенго») – эркин агент
Такеҳиро Томиясу – эркин агент

Кетиши мумкин: Леандро Троссар

Агар фаворитлик даражаси ўлчанса, «Арсенал»ни бемалол чемпионлик учун энг биринчи даъвогар дейиш мумкин. Ҳужум чизиғини янгилаган «Ливерпул» ёки муҳим позицияларда ўзгаришлар қилаётган «Сити» билан қиёслаганда «Арсенал» шундоқ ҳам кучли жамоага қўшимча кучларни олиб келди. Асосий таркиб футболчиларидан ҳеч ким кетмади – сўнгги уч йилнинг энг барқарор клуби ниҳоят ҳамма кутган ҳужумчини, шунингдек майдон марказини бошқаришда Европанинг энг зўрларидан бири бўлган яримҳимоячини ўз сафига қўшиб олди. Артета нафақат аниқ мўлжалли харидларни амалга оширди, балки таркибни кенгайтириш йўлида ҳам жиддий харидлар бўлди – Нони Мадуэке керак бўлганда Букайо Саканинг ўрнини босиши мумкин, Норгар эса Райс ёки Субименди учун ротация варианти бўла олади. Ўзгаришлар ҳали тўхтамаган бўлиши мумкин – сўнгги ҳафталарда Троссар кетиб, ўрнига Эзе келиши кутиляпти. Агар сўнгги мавсумдаги каби ортиқча жароҳатлар рўй бермаса, жамоа энг кучли мавсумини ўтказиши мумкин.

Бошқа тарафдан, ушбу мавсумда соврин энг кўп кутиладиган жамоа ҳам «Арсенал» бўлиши Артетанинг зарарига ишлаши мумкин. «Ливерпул» яқинда чемпион бўлди, «Сити»да авлодлар алмашинуви, «Челси»га ҳали вақтли дейишмоқда, аммо айнан «Арсенал»га келганда ҳеч қандай баҳоналар ўтмайдиган ҳолат юзага келиб қолди.

Дастлабки йилларда «Арсенал»нинг юксалиши ҳаммага ёққан, мураббийнинг меҳнати эътироф этилган бўлса, масалан, сўнгги йилда ҳатто стандарт вазиятлардан кўп гол уриши ҳам танқид остига олинди. Гёкереш келиши табиий равишда жамоа ўйинини янада вертикаллаштиради ва Ҳоланд «Манчестер Сити»га келгандаги каби ўйин бироз соддалашиши мумкин. Агар қаторасига ғалабалар келиб турса яхши, акс ҳолда, ҳар қандай муваффақиятсиз ўйин янги танқидлар тўлқинини бошлаши, ҳатто мураббийнинг истеъфоси ҳақидаги мунозаралар авж олишига сабаб бўлиши мумкин.

Айнан шундай вазиятларда жамоа жипслашиши ва Артетанинг мувозанатдан чиқмаслиги ҳал қилувчи омилга айланади.

Дастлабки беш ўйини: «МЮ» (сафарда), «Лидс» (уйда), «Ливерпул» (сафарда), «Нотингҳэм Форест» (уйда), «Манчестер Сити» (уйда).

«Манчестер Сити»

Келди:

Тиижани Рейндерс («Милан»), 26 ёшда – 55 миллион евро
Райан Аит-Нури (
«Вулверҳэмптон»), 24 ёш – 37 миллион евро
Райан Шерки (
«Лион»), 21 ёш – 36 миллион евро
Жеймс Траффорд (
«Бёрнли»), 22 ёш – 31 миллион евро

Келиши мумкин: Родриго («Реал»)

Кетди:

Кевин де Брюйне («Наполи») – эркин агент
Витор Рейс (
«Жирона») – ижара
Жек Грилиш (
«Эвертон») – ижара

Кетиши мумкин: Савио («Тоттенҳэм»)

«Манчестер Сити» клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати сабабли ҳаммадан эрта асосий харидларни амалга оширди ва турли экспериментларни ўтказишга ҳам улгурди. Аслида клуб январдаги трансфер ойнасида ҳам анча фаол бўлганди ва бемалол ўша пайтдаги харидларни ҳам рўйхатга қўшиш мумкин. У ҳолда янги мавсумда энг катта ўзгаришлар қилаётган жамоа айнан «Манчестер Сити» бўлади. Шу нуқтайи назардан, Гвардиолада аввалги йиллардаги каби босим бўлмаслиги табиий. Кўпроқ янги футболчилар таркибга қанчалик қўшилиб кетиши, мураббий ғоялари қай даражада майдонда ўз аксини топиши қизиқ бўлади ва балки тарихда биринчи марта Пеп Гвардиола мавсумни яққол фаворит бўлмаган ҳолатда бошлайди. Бу ролда унинг қанчалик самарали бўлишини кузатамиз.

Ўзбекистонда «Манчестер Сити»га алоҳида эътибор қаратилади – Абдуқодир Ҳусанов. У янги мавсумда ўйин амалиётига эга бўладими ёки йўқ, муҳим савол. Чап қанотга Айт-Нури сотиб олинганини эътиборга олинса, Йошко Гвардиол энди узил-кесил марказий ҳимоячилар сирасига қўшилади, демак, Ҳусановдан ташқари Диаш, Гвардиол, Стоунз, Аке ва Аканжи бор.

Ҳусановнинг ўйин вақти айтайлик, феврал-март ойларидаги каби кўп бўлмаса-да, апрел-май ойларидан кўра кўпроқ бўлишини кутса бўлади. Биринчидан, юқорида айтилганидек, Гвардиола янги жамоа тузмоқда, демак, 30 ёшдан ўтган ва балки яқин даврда кетиши мумкин бўлган Стоунз ёки Аке ўрнига Ҳусановни кўпроқ мослаштириш фойдалироқ бўлади.

Иккинчидан, ўнг қанот ҳимоясига янги футболчи сотиб олинмаяпти. Бу позицияда аслида яримҳимоячи бўлган икки футболчи – Нунез ва Люис ўйнай олади. Баъзи шартларда, баъзи рақибларга қарши Ҳусанов ҳам синаб кўрилиши эҳтимоли юқори. Шунингдек, Родри қайтаётганини ҳам эътиборга олсак, Гвардиола кўп синаб кўрган уч марказий ҳимоячи вариантига ҳам кўпроқ мурожаат қилиши мумкин. Бу ҳолатда ҳам ўнг марказий ҳимоячи ролига Ҳусановдан яхшиси топилмайди. 

Дастлабки беш ўйини: «Вулверҳэмптон» (сафарда), «Тоттенҳэм» (уйда), «Брайтон» (сафарда), «МЮ» (уйда), «Арсенал» (сафарда)

«Челси»

Келди:

Жоао Педро («Брайтон»), 23 ёш – 64 миллион евро
Жейми Гиттенс (
«Боруссия» Д), 20 ёш – 56 миллион евро
Йоррел Ҳато (
«Аякс»), 19 ёш – 44 миллион евро
Лиам Делап (
«Ипсвич»), 22 ёш – 35 миллион евро
Эстевао (
«Палмейрас»), 18 ёш – 34 миллион евро
Мамаду Сарр (
«Страсбур»), 19 ёш – 14 миллион евро

Келиши мумкин: Ҳави Симонс («Лейпциг»), Алехандро Гарначо («МЮ»)

Кетди:

Нони Мадуэке («Арсенал») – 56 миллион евро
Жорже Петрович (
«Борнмут») – 29 миллион евро
Лесли Угочукву (
«Бёрнли») – 29 миллион евро
Киран Дюсберри-Ҳолл (
«Эвертон») – 29 миллион евро
Армандо Броя (
«Бёрнли») – 23 миллион евро
Кепа Аррасабалага (
«Арсенал») – 5 миллион евро

Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати «Челси»ни дунёга бошқачароқ ракурсда кўрсатиб, ҳатто АПЛ чемпионлиги учун даъвогарлик қилиши мумкинлиги ҳақида фикрлар кўпайган бўлса-да, аслида бу фикрга қўшилиш қийин. «Челси» юқоридаги уч жамоадан кўп жиҳатдан ортда эканини тан олиш керак – ҳали ҳам юқори даражали ҳимоя чизиғига эга эмас, таркибдаги доимий ўзгаришлар эса барқарор равишда юқори ўринлар учун курашда халақит беради. Алоҳида ўйинда ҳаммани ҳайрон қолдириш мумкин, лекин чемпионатда натижага эришиш учун айрим футболчилар узоқ вақт ўша даражани кўрсатиши керак бўлади. Айни дамда «Челси» таркибида мана шундай футболчилар бошқа фаворитлардагига қараганда камроқ.

Иккинчидан, юқорида тилга олинган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати иштирокчиларга қай даражада таъсир қилишини билмаймиз. «Челси» атиги бир ой олдин таътилга чиққанди. Футболчилар етарлича дам олиб, янги мавсумга тайёрланишга улгуришмаган ҳам. «Манчестер Сити» ва «Челси»даги мана шу омил ҳам мавсумнинг илк ўйинларида, ҳам кейинчалик, чарчоқ ва жароҳатлар таъсири ўлароқ панд бериши мумкин.

Плюслар сифатида эса ҳужум чизиғига қилинган трансферларни айта оламиз. Жоао Педро ва Делап келиши айнан «тўққизлик» позициясини ҳам кучайтиради, ҳам ранг-баранг қилади. Бунга биз АҚШдаги турнирда ҳам гувоҳ бўлдик.

Бундан ташқари, трансфер кампанияси ҳали тугамаганини ҳам таъкидлаш керак, зеро Ҳави Симонс ва Гарначо «Челси»ни янада кучлироқ қилиши турган гап.

Дастлабки беш ўйини: «Кристал Пэлас» (уйда), «Вест Ҳэм» (сафарда), «Фулҳэм» (уйда), «Брентфорд» (сафарда), «МЮ» (сафарда)

«Манчестер Юнайтед»

Келди:

Бенжамин Шешко («Лейпциг»), 22 ёш – 76 миллион евро
Брайан Мбемо (
«Брентфорд»), 25 ёш – 75 миллион евро
Матеус Куня (
«Вулверҳэмптон»), 26 ёш – 74 миллион евро
Диего Леон (
«Серро Портено»), 18 ёш – 4 миллион евро

Келиши мумкин: Карлос Балеба («Брайтон»)

Кетди:

Жонни Эванс – фаолиятини якунлади
Кристиан Эриксен – эркин агент
Виктор Линделёф – эркин агент
Маркус Рэшфорд (
«Барселона») – ижара

Кетиши мумкин: Алехандро Гарначо, Антони, Жейдон Санчо, Тейрел Маласия, Расмус Ҳойлунд, Тибо Коллиер

Айнан асосий таркибга қилинаётган трансферлар борасида «МЮ» бошқалардан устунроқ – жамоа ҳужум учлигини бутунлай янгилади. Бу эса кўп мутахассислар эътироф этаётганидек бошқа муаммони ўртага чиқармоқда: Бруно Фернандеш қаерда ўйнайди?

Рубен Аморим португалиялик яримҳимоячидан «ўнлик» сифатида фойдаланишда муаммо борлигини айтганди: «Бруно бу позицияда яхши, лекин у тўпни ахтариб доим орқага қайтишга мажбур бўлгани учун баъзида олдинги чизиқ бўшаб қоляпти». Энди «ўнликлар» бор, лекин Брунога марказни ҳам ишониш қийин. У тўпсиз ҳаракатларда ўз позициясини ташлаб кетиши, кўпинча вақтида етиб келишга улгурмаслиги ёзги ўртоқлик ўйинларида ҳам билинди. Фернандешни бутунлай таркибдан чиқариб бўлмайди, марказга қўйилганда эса, унга энг мос шерик бўла оладиган, икки киши учун югурадиган меҳнаткаш футболчи керак – на Каземиро, на Майну, на Угарте бу ҳажмни бажара олади. Клуб ҳар қанча маблағ сарфлаб бўлса ҳам Карлос Балебани қўлга киритишга ҳаракат қилаётганининг сабаби шу, 3-4-3 схемасида тўп билан яхши муомала қиладиган ҳимоявий марказий яримҳимоячи жуда зарур.

Шу билан бирга, таркибда африкалик футболчилар кўпайиб кетаётгани мавсум ўрталарида панд бериши мумкин. Қишда Африка Миллатлар кубоги ўтказилади, тасаввур қилинг, бир пайтда Амад, Мбемо, Мазравий, Онана ва агар Балеба келса, у ҳам ўша мусобақага кетади. Асосий таркибнинг деярли ярми – катта йўқотиш.

Хулоса қиладиган бўлсак, клуб ўтган мавсумдаги асосий муаммо – ҳужум чизиғига етарлича маблағ сарфлади ва бу фойда бериши керак. Ҳаммаси муносабатга боғлиқ. Агар жамоадан юқори ўринлар кутилса ва илк турлардан ғалаба талаб қилинса, дастлабки муваффақиятсизликлар ҳам салбий таъсир кўрсатиши, сўнгги икки йилда бўлганидек ҳаммаси бузилиб кетиши мумкин. Худди раҳбарият каби, мухлислар ҳам вазиятга адекват ёндашиб, ҳаммасига вақт кераклигини қабул қилишса, жамоа бемалол шу мавсумдаёқ кучли бешлик учун даъвогар бўла олади. Ортиғи жуда қийин.

Дарвоқе, клуб бу мавсумда еврокубокларда иштирок этмаётганини ҳам қўшимча устунлик сифатида келтирса бўлади. Ҳар ўйин учун бир ҳафталик тайёргарликка эга бўлиш – АПЛнинг 9 жамоаси орзу қиладиган шароит. 

Дастлабки беш ўйини: «Арсенал» (уйда), «Фулҳэм» (сафарда), «Бёрнли» (уйда), «Манчестер Сити» (сафарда), «Челси» (уйда).

«Тоттенҳэм»

Келди:

Муҳаммад Қуддус («Вест Ҳэм»), 24 ёш – 64 миллион евро
Матюз Тел (
«Бавария»), 20 ёш – 35 миллион евро
Кевин Дансо (
«Ланс»), 26 ёш – 25 миллион евро
Палиня (
«Бавария»), 30 ёш – ижара

Келиши мумкин: Савинио («Манчестер Сити»)

Кетди:

Сон Хон Мин («Лос Анжелес») – 22 миллион евро
Пиер Эмили Ҳёйберг (
«Марсел») – 13 миллион евро

Европа Лигасида ғалаба қозониб, шу орқали Чемпионлар Лигаси йўлланмасига эга чиққан бўлса-да, ҳозирча клуб трансферлар бозорида энг пассив бўлиб турибди. Сон ўрнига Қуддус олиб келинди, Палиня Ҳёйбергнинг ўрнини тўлдириши, балки ундан яхшироқ бўлиши мумкин, лекин сўнгги мавсумни 17-ўринда эгаллаган жамоа учун бу етарлими? Тел, Дансо каби футболчиларга пул сарфланди, тўғри, аммо бу футболчилар шундоғам мавсумнинг иккинчи ярмини «Тоттенҳэм» таркибида ижара асосида ўтказган эди. Бундан ташқари, етакчи футболчилар – Кулушевски ва Мэддисон узоқ муддатга сафдан чиқиши барча режаларни ўзгартириб юборгани шубҳасиз.

Аммо кучли олтилик ичида мураббийи ўзгарган ягона жамоа ҳам «Тоттенҳэм». Томас Франк энг мослашувчан мураббий ҳисобланади ва ихтиёридаги футболчилардан мукаммал даражада фойдалана олишини «Брентфорд»да исботлаган. Нафақат «Брентфорд», куни кеча «ПСЖ»га қарши ўйин ҳам айниқса топ-рақибларга қарши «Тоттенҳэм» етарлича ноқулай бўла олишини кўрсатди. Агар жамоа фақат ўйин охирида «ПСЖ»дан устунликка эга бўлганда, сабаб сифатида парижликларнинг жисмоний тайёргарлиги ҳали етарли эмаслигини айтиш мумкин бўларди, аммо «Тоттенҳэм» илк дақиқалардан яхшироқ кўринди. Бу жамоа тактик жиҳатдан ҳам Энрике жамоаси билан тенг ўйнашнинг уддасидан чиқди деганидир.

Шунингдек, Постекўғлининг серҳаракат услуби жуда кўп жароҳатларга сабаб бўлаётган, аслида охирги икки йилда жамоага энг кўп панд берганди. Агар мана шу жароҳатлар камайиб, ҳимоячилар ичида йўқотишлар бўлмаса, мана шунинг ўзини ҳам катта трансфер сифатида баҳоласа бўлади.

Айни дамда клуб аввал Родриго билан, кейин эса Савинио билан қизиқаётгани ҳақида хабарлар чиқди. Ҳар икки трансфер етарлича қиммат ва амалга ошириш қийин бўлса-да, бу ҳолат клубда август охиригача яна сарфлаш учун пул борлигини кўрсатади. Яқин кунларда «Тоттенҳэм» каттароқ трансферга қўл урса ажаб эмас.

Дастлабки беш ўйини: «Бёрнли» (уйда), «Манчестер Сити» (сафарда), «Борнмут» (уйда), «Вест Ҳэм» (сафарда), «Брайтон» (сафарда).

Мавзуга оид