Ўзбекистон | 23:17 / 15.08.2025
4273
7 дақиқада ўқилади

Қимматлашган АИ-80, такомиллаштириладиган чиқинди ташиб кетиш хизмати ва пора билан ушланган амалдорлар – маҳаллий дайжест

Фаластиннинг Ғазо секторидан Ўзбекистонга келган ва вақтинча яшаб турган фуқароларга ижтимоий ёрдам кўрсатилади, Шавкат Мирзиёев чиқиндиларни қайта ишлашни кенгайтириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди, АЁҚШларда АИ-80 бензини нархи кўтарилди, “Афросиёб” поездига нисбатан қўпорувчилик ҳаракати содир этган темирйўлчилар қамалди – шу ва бошқа муҳим хабарлар Kun.uzʼнинг маҳаллий янгиликлар дайжестида.

Чиқинди ташиб кетиш хизмати такомиллаштирилади

Шавкат Мирзиёев чиқиндиларни қайта ишлашни кенгайтириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди. Тақдимотда мутасаддилар соҳадаги лойиҳаларнинг бориши ва галдаги режалар ҳақида ахборот берди.

Қайд қилинишича, маиший чиқиндиларнинг тўртдан бири қоғоз, пластик, резина, шиша, тўқимачилик қолдиқларига тўғри келади. Уларни қайта ишлаб, 1 триллион сўмлик маҳсулот олиш мумкинлиги айтилди. Бундан ташқари, қайта ишланмайдиган қурилиш, кимё, электрон, техник ва саноат мойлари бўйича катта захира борлиги кўрсатиб ўтилган.

Чиқиндини ташиб кетиш хизматлари аҳолини рози қиладиган даражада бўлиши кераклиги таъкидланди. Шу боис маҳаллага чиқинди техникасининг келиш вақти ва ҳаракатини онлайн кўриш имкониятини яратиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, ижтимоий муассасалар ва маҳаллаларни чиқинди контейнерлари билан тўлиқ таъминлаш бўйича икки йиллик дастур ишлаб чиқилиши белгиланди.

Ўзбекистондаги фаластинликларнинг фарзандлари таълимга жалб этилади

Фаластиннинг Ғазо секторидан Ўзбекистонга келган ва вақтинча яшаб турган фуқароларга ижтимоий ёрдам кўрсатилади. Бу ҳақда президент фармони қабул қилинди.

Унга кўра, фаластинликларнинг ҳар бир оиласига бирламчи зарурий воситалар хариди учун бир марталик кўтарма пул тўлаб берилади. Фаластинликларнинг оила аъзоларига шахсий ҳамроҳлик қилиш ва индивидуал кўмак бериш мақсадида маҳалладаги ижтимоий ходим бириктирилади.

Шунингдек, яшаш манзиллари бўйича уларнинг фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга жойлаштирилади. Фаластинликлар давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўловидан 2028 йил 1 январигача озод этилади.

Бундан ташқари, фаластинликлар яшаш манзиллари бўйича оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида ҳисобга қўйилади. 2024 йил 26 декабрь куни фаластинлик оилаларнинг бир гуруҳи Рафаҳдан Ўзбекистонга эвакуация қилинганди. Улар даволаниш ва саломатлигини тиклаш учун реабилитация марказлари ва шифохоналарга жойлаштирилган.

Бандлик вазирлигидан янги “ҳафталик”

15 августдан бошлаб, республика бўйича мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида «Мажбурий меҳнатга қарши курашиш ҳафталиги» эълон қилинди. Меҳнат инспекцияси барча таълим муассасаларида назорат тадбирлари ўтказади.

Бандлик вазирлигига кўра, сўнгги кунларда ўқитувчи ва мураббийларни мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатлари бўйича эълон қилинаётган хабарлар фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари дахлсизлиги хавф остида эканини кўрсатган. Қайд қилинишича, ўқитувчи ва мураббийларни мажбурий меҳнатга жалб этиш бўйича 10 га яқин ҳолатлар тасдиғини топиб, айбдор мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланган.

Ҳафталик доирасида мажбурий меҳнатга йўл қўйган иш берувчилар ва барча масъул мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик чоралари кўрилади.

Қашқадарё ва Фарғонада пора олган амалдорлар ушланди

ДХХ икки вилоятда ишга кириш билан боғлиқ коррупция ҳолатларини фош этди.

Шаҳрисабз тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи 2 нафар фуқарони ҳайдовчи сифатида ишга қабул қилинганидан фойдаланиб, гўёки уларнинг ишга киришида кўмаклашганини айтган ва 6 минг АҚШ доллари талаб қилган. Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда мазкур мансабдор шахс 3,5 минг доллар олган вақтида ушланган. Унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Марғилон шаҳри Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бош мутахассиси эса давлат хусусий шерикчилик асосида боғча очиши учун вазирликда ишловчи танишлари орқали рухсатнома олиб бериш эвазига фуқародан 2 минг доллар сўраган. У ушбу пулни олган вақтида тезкор тадбирда қўлга олинган.

АИ-80 нархи яна қимматлашди

Қатор АЁҚШларда АИ-80 бензини нархи 9100 сўмга кўтарилди. Шу тариқа ўтган йилнинг 1 январидан бери ушбу маркадаги бензин баҳосининг қимматлашиши 50 фоизга етди.

Хусусан, Ўзбекистондаги энг йирик АЁҚШлар тармоғи бўлмиш Carvon шохобчаларида 13 августдан бошлаб АИ-80 маркали бензин оширилган нархда – 1 литри 9100 сўмдан сотиляпти.

Ўтган йили ноябрда Рақобат қўмитаси томонидан биржада АИ-80 бензинига бошланғич нархдан 5 фоизлик спред киритилган эди. Бу чеклов 10 июндан бошлаб бекор қилингач, биржа савдоларида бу маҳсулот нархи кескин оша бошлади. Хусусан, 31 июл кунги савдоларда ўртача нарх 10 млн 937 минг сўмгача чиқди. Бу – спред амал қилган сўнгги кун 9 июндаги ўртача нархдан 15,6 фоизга юқори.

Ўзбекистонда сентябр ойидан бошлаб АИ-80 ишлаб чиқарилишини буткул тўхтатиш режалаштирилган.

Қўпорувчилик ҳаракати содир этган темирйўлчилар қамалди

Самарқанд вилояти Пахтачи туманида «Афросиёб» тезюрар поездига нисбатан қўпорувчилик ҳаракати содир этган темирйўлчилар узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Бу ишни Навоий шаҳрида яшовчи 37 ёшли ва Карманада яшовчи 33 ёшли темирйўлчилар ўз раҳбариятига эътироз сифатида содир қилишган. Улар жиноий режа тузиб, 2025 йил 14 январ куни кечки вақт “Зиёвуддин-Навоий” темирйўл бекатлари оралиғида оғирлиги 110 кг бўлган темир-бетон шпални «Афросиёб» электропоезди ҳаракатланувчи релс устига қўйиб, воқеа жойидан яширинган. Орадан 15–20 дақиқа ўтиб, «Тошкент-Бухоро» йўналишида 159 км/с тезликда ҳаракатланаётган, жами 148 нафар йўловчиси бўлган «Афросиёб» тезюрар поезди темир-бетон шпал билан тўқнашган. Оқибатда поезднинг ҳаракатлантирувчи қисмларига жиддий шикаст етган.

Суд ҳукми билан уларнинг бирига 13 йил, иккинчисига эса 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, қўпорувчилик ҳаракати натижасида жиноятчилар томонидан «Афросиёб» поездига 260 млн сўм миқдорида зарар етказилгани боис, ушбу пул маблағи давлат ҳисобига ундириб олинган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид