Спорт | 20:23 / 17.08.2025
5990
2 дақиқада ўқилади

ДХХ кубоги – 2025 финал босқичига қуръа ташланди

2021 йилдан бошлаб республика ёшлари ўртасида футбол ҳамда мини-футбол бўйича Давлат хавфсизлик хизмати кубоги мусобақалари ўтказиб келинмоқда.

Фото: ДХХ

Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўғил болалар ўртасида футбол ва мини-футбол ҳамда қизлар ўртасида мини-футбол бўйича ДХХ кубоги мусобақалари уч босқичда ўтказилмоқда.

Биринчи босқич туман/шаҳарлар кесимида апрель-май ойларида, иккинчи босқич Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида июнь-июль ойларида ўтказилди.

Республика босқичи 18-23 август кунлари “Бунёдкор” футбол академияси майдонларида ташкил этилиб, унда 42 та жамоа ғолиблик учун курашади. Финал ўйини эса 23 август куни “Жар” стадионида ўтказилади. 

Республика босқичида – ўғил болалар ўртасида футбол ва мини-футбол бўйича ғолиб бўлган жамоалар маҳалласига мини-футбол майдони, 2-ўринни эгаллаган жамоалар учун универсал спорт майдони (баскетбол ва волейбол ўйинлари учун мўлжалланган), 3-ўринни эгаллаган жамоалар маҳалласига “Стритбол” (бир саватли кўча баскетболи) спорт майдони қуриб берилади.

Қизлар мусобақасида ғолиб ва совриндор бўлган жамоалар пул мукофоти билан тақдирланади.

Таъкидлаш жоиз, бу йилги ДХХ кубоги мусобақалари республика бўйича 254 минг нафардан ортиқ ёшларни қамраб олди.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид