Спорт | 13:42 / 19.08.2024
4406
2 дақиқада ўқилади

ДХХ кубоги Республика босқичига қуръа ташланди

Фото: Tribuna.uz

2021 йилдан бошлаб республика ёшлари ўртасида футбол ҳамда мини-футбол бўйича Давлат хавфсизлик хизмати кубоги мусобақалари ўтказилиб келинмоқда.

Ёшлар ўртасида катта қизиқишга сабаб бўлаётган мазкур оммавий спорт тадбирининг нуфузи ва географияси тобора ортиб бормоқда. 

Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўғил болалар ўртасида футбол ва мини-футбол ҳамда қизлар ўртасида мини-футбол бўйича ДХХ кубоги мусобақалари уч босқичда ўтказилмоқда. 

Биринчи босқич – туман/шаҳарлар кесимида апрель-май ойларида ўтказилди.

Иккинчи босқич – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида июнь-июль ойларида ўтказилди.

Таъкидлаш лозимки, бу йилги ДХХ кубоги мусобақалари республика бўйича 251 минг нафардан ортиқ ёшларни қамраб олди.

Республика босқичи – 19–23 август кунлари “Бунёдкор” футбол академияси майдонларида, финал ўйини эса 24 август куни “Жар” стадионида ўтказилади. Унда 42 та жамоа ғолиблик учун курашади.

Республика босқичида – ўғил болалар ўртасида футбол ва мини-футбол бўйича ғолиб бўлган жамоалар маҳалласига мини-футбол майдони, 2-ўринни эгаллаган жамоалар учун универсал спорт майдони (баскетбол ва волейбол ўйинлари учун мўлжалланган), 3-ўринни эгаллаган жамоалар маҳалласига “Стритбол” (бир саватли кўча баскетболи) спорт майдони қуриб берилади. 

Қизлар мусобақасида ғолиб ва совриндор бўлган жамоалар пул мукофоти билан тақдирланади.

Мавзуга оид