Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроилда йирик намойишлар, Вашингтонда тўпланаётган Европа етакчилари ва Хитой ёрдамига кўз тиккан Эрон – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Ҳамас баёноти ва Исроилдаги намойишлар
Якшанба куни ўн минглаб исроилликлар Ғазода гаровда сақланаётганлар оилаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида иш ташлаш ҳамда намойишларда қатнашди. Улар бош вазир Бинямин Нетаняҳудан урушни тугатиш ва қолган асирларни озод этиш бўйича Ҳамас билан келишувга эришишни талаб қилмоқда.
Бутун мамлакат бўйлаб ўтказилган намойишларда одамлар кўчаларни ва шоссе йўлларни, жумладан, Қуддус ва Тел-Авивни боғловчи асосий йўлни тўсиб қўйди.
Исроил полицияси маълумотига кўра, тушгача 38 намойишчи қўлга олинган. Йўлларни тўсиб қўйганларнинг айримларини полиция куч билан олиб кетган. Намойишлар — Ямандан отилган ракета хавфи ҳақидаги сиреналар янграгач, қисқа муддатга тўхтаган.
Нетаняҳу эса «Ҳамасни мағлуб этмасдан урушни тугатишга чақираётганлар фақатгина унинг позициясини қаттиқлаштирмоқда ва гаровдагилар озод этилишини кечиктирмоқда», деди.
Исроил ҳукумати яқинда эълон қилган Ғазони тўлиқ эгаллаш режаси мамлакат ичида ҳам, ташқарида ҳам, жумладан, энг яқин Европа иттифоқдошлари томонидан кескин танқид остига олинди.
Якшанба куни Ҳамас Исроилнинг ушбу ҳаракатларига муносабат билдириб, Ғазо шаҳридан аҳолининг кўчириб юбориш режасини «янги қирғин ва кўчириш тўлқини» деб атади. Унга кўра, бу режадан ҳудуддаги юз минглаб одамлар зарар кўради.
Гуруҳнинг баёнотида айтилишича, Исроил томонидан Ғазонинг жанубига чодирлар ва бошқа бошпана воситаларини жойлаштириш режаси «очиқчасига алдов»дир.
«Инсонпарварлик ниқоби остида чодирларни жойлаштириш – бу очиқ алдов бўлиб, босқинчи кучлар амалга оширишга ҳозирланаётган ёвуз жиноятни яшириш учун қилинган баҳона», дейилади Ҳамас баёнотида.
Исроилнинг Ғазода олиб бораётган геноцид кўринишидаги уруши давомида 2023 йил октябр ойидан буён 61 мингдан ортиқ фаластинлик ўлдирилган. 150 мингдан ортиқ инсон жароҳатланган.
Зеленский ва Европа етакчилари Вашингтонда тўпланмоқда
Украина президенти Володимир Зеленский 18 август куни АҚШ президенти Доналд Трамп билан учрашиш учун Вашингтонга келди. Трамп дастлаб Зеленский билан яккама-якка суҳбатлашади. Шундан сўнг уларнинг суҳбатига Евроиттифоқ сиёсатчилари қўшилиши кутилмоқда.
Хусусан, Зеленскийга Европада Германия канцлери Фридрих Мерц, Буюк Британия бош вазири Кир Стармер, Франция президенти Эммануэл Макрон ва Италия бош вазири Жоржия Мелони ҳамроҳлик қилиши кутилмоқда. Шунингдек, Финландия, Еврокомиссия ва НАТО етакчилари ҳам Оқ уйдаги учрашувда қатнашади.
«Биз ҳаммамиз бу урушни тез ва ишончли тарзда тугатишга қатъий интиламиз. Тинчлик эса ўтмишда бўлгани каби эмас, балки барқарор бўлиши керак. Ўшанда Украина Қрим ва Донбасснинг бир қисмини беришга мажбур бўлганди, Путин эса бундан янги ҳужум учун трамплин сифатида фойдаланди. Ёки 1994 йилда Украинага «хавфсизлик кафолатлари» берилганида улар ишламаган эди.
Ҳозир эса украиналиклар ўз ери, ўз мустақиллиги учун курашмоқда. Россия ўзи бошлаб берган бу урушни тугатиши шарт. Ва умид қиламанки, Америкадаги, Европадаги дўстларимиз билан биргаликдаги кучимиз Россияни ҳақиқий тинчликка мажбур қилади», деб ёзган Зеленский.
Аввалроқ Зеленский Трамп томонидан эълон қилинган тинчликка эришиш режасининг қатор моддалари қабул қилинмаслигини айтганди.
Украина президентининг сўзларига кўра, аввал ўт очишни тўхтатиш, кейин тинчлик келишуви устида ишлаш керак. Трамп эса Россия президенти Владимир Путиннинг ўт очишни тўхтатиш эмас, биратўла тинчлик келишуви тузиш тўғрисидаги таклифини маъқуллаганди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 15 август куни Аляскада бўлиб ўтган Доналд Трамп ва Владимир Путин ўртасидаги учрашувдан сўнг Россия-Украина уруши бўйича музокаралар яна жонланди. Суҳбатлар деярли уч соат давом этган бўлса-да, ҳозирча аниқ келишувлар йўқ.
Axios нашрининг ёзишича, Доналд Трамп европаликлар билан учрашувдан сўнг — 22 август куни Россия ва Украина етакчилари билан уч томонлама учрашув ўтказишни мақсад қилмоқда. Лекин ҳозирча ушбу хабарни томонларнинг ҳеч бири тасдиқламаган.
Испания ва Португалиядаги ёнғинлар
Испания бўйлаб 50 дан ортиқ ҳудудда юзага келган йирик ёнғинлар мамлакатни ларзага солмоқда. Ёнғинлар оқибатида 4 мингдан зиёд аҳолига тунда очиқ ҳавода қолишга тўғри келди.
Маҳаллий ҳокимиятлар маълумотларига кўра, Кастилия ва Леон ҳудудида камида 25 жойда, Галицияда 14 та, Астурияда 12 та ва жанубдаги бошқа минтақада бир нечта ёнғин давом этмоқда.
Фақат Кастилия ва Леоннинг ўзида 3 250 киши кўчирилган бўлиб, улар тунни уйидан ташқарида ўтказишга мажбур бўлмоқда. Галицияда бир неча кундан бери давом этаётган ёнғинларда 47 минг гектардан ортиқ ер майдони аллақачон ёниб кетган.
Оуренсе атрофида ёнғинлардан зарар кўрган юзлаб одамлар ҳозирча спорт заллари, фавқулодда турар жойлар ёки қариндошларининг уйидан бошпана топмоқда.
Ёнғинларга қарши курашда Испаниянинг Ҳарбий фавқулодда вазиятлар бўлинмаси ҳамда Европа Иттифоқи томонидан юборилган самолётлар жалб этилган.
Шунингдек, Португалия ҳам ҳозирда 78 фаол ёнғин ўчоғига кураш олиб бормоқда. Улардан саккизтаси йирик ёнғин ҳисобланади. Португалия Фавқулодда вазиятлар ва фуқаро муҳофазаси миллий бошқармаси маълумотига кўра, мамлакат бўйлаб 5 мингдан ортиқ ўт ўчирувчи 42 та самолёт ва 305 та ер техникаси ёрдамида ёнғинларни ўчириш ишларига жалб қилинган.
Покистонда муссон ёмғирлари
Покистонда кучли ёмғирлар сабаб юзага келган сел ва кўчкилар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 351 нафарга етди. Бу ҳақда Geo News порталига таяниб Anadolu нашри хабар бермоқда.
Хайбер Пахтунхва вилоятида 328 киши ҳалок бўлган ва яна кўплаб одамлар жароҳатланган. Шимолий Гилгит-Балтистонда 12 киши, Кашмир ҳудудида эса 11 киши ҳаётдан кўз юмган.
Энг кўп зарарланган ҳудудларда қутқарув ишлари давом этаётган бўлса-да, расмийлар қурбонлар сони ортишидан хавотирда. Кучли сел ва кўчкилар уйлар, савдо масканлари ва инфратузилмаларни вайрон қилган.
Хайбер вилояти ҳукумати ўлимлар сони ошгани ортидан барча сув-тўфондан зарар кўрган ҳудудларда фавқулодда ҳолат эълон қилди. Учта армия батальони ва 300 нафар фуқаролик мудофааси кўнгиллилари томонидан қутқарув ишлари олиб борилмоқда. Зарар кўрганларга озиқ-овқат, чодир ва адёллар етказилмоқда.
Покистон Миллий Фавқулодда вазиятларни бошқариш бошқармаси эса жума кунидан 10 сентябргача давом этадиган навбатдаги муссон ёмғирлари тўлқини ҳақида огоҳлантирди.
Муссонлар одатда июндан сентябргача давом этади ва Жанубий Осиё, жумладан Покистонда ҳам вайронагарчиликларга сабаб бўлади. Аммо сўнгги йилларда иқлим ўзгариши уларнинг кутилмаган ва янада кучлироқ бўлишига олиб келмоқда.
Эрон Хитой ёрдами билан ракета салоҳиятини тиклашни кўзламоқда
Эрон Исроил билан бўлган 12 кунлик урушдан кейин ўз мудофаа салоҳиятини фаол равишда тикламоқда. Асосий эътибор янги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва ракета қуролларини ривожлантиришга қаратилган. Бу ҳақда Ғарб разведка хизматлари маълумотларига таяниб Исроилнинг Ynet нашри ёзмоқда.
Исроил билан 12 кунлик уруш Эронда — ўзининг ракета арсенали Исроилга стратегик босим ўтказишнинг бош воситаси экани ҳақидаги тушунчани кучайтирган. Шу билан бирга, ядровий қурол ишлаб чиқишдан фарқли ўлароқ, Эроннинг баллистик ракеталар яратиши халқаро шартномалар билан чекланмаган.
Ғарб махсус хизматлари Эрон ва Хитой ўртасида ҳарбий ҳамкорликнинг қайта тикланаётган белгиларини қайд этди. 2024 йил октябр ойидаги можародан кейин Пекин Теҳронга айрим жиҳозларни етказиб берган, эндиликда эса разведка баҳоларига кўра, Хитой Эроннинг ракета имкониятларини тиклаш ва модернизация қилишда муҳим рол ўйнаши мумкин.
Хитой ракеталар ёки уларнинг қисмларини етказиб бериш ниятини тасдиқламаган, бироқ бу масала муҳокама қилинаётганининг ўзи Исроилда жиддий ташвиш уйғотмоқда. Исроил расмийлари Хитойнинг аниқ нияти аён эмаслигини таъкидлаб, Пекинга тегишли сигнал юборилганини билдирган.
Мавзуга оид
15:05
Россия пулларини муддатсиз даврга музлатган Европа, Ливанда «катта амалиёт»га тайёрланаётган Исроил ва «Эпштейн иши»да янги суръатлар – кун дайжести
15:36 / 12.12.2025
Ғазода ёмонлашаётган аҳвол, Донбассда «эркин иқтисодий зона» таклифи ва Япониянинг Хитойга «жавоби» – кун дайжести
14:53 / 11.12.2025
Венесуэла танкерини мусодара қилган АҚШ, Европанинг Украина борасида хавотирлари ва Марокашдаги фожиа – кун дайжести
14:17 / 10.12.2025