Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёев Юқори Чирчиқ туманида барпо этилган Миллий футбол маркази билан танишди
Бу ерда бир вақтнинг ўзида 6 та терма жамоамизнинг ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш имконияти бор.
Президент Шавкат Мирзиёев Юқори Чирчиқ туманида барпо этилган Миллий футбол марказини бориб кўрди.
Давлат раҳбари икки йил олдин бу ерга ташриф буюриб, мавжуд стадионга туташ ҳудудда замонавий мажмуа бунёд этиш зарурлигини айтган эди. Кўп ўтмай, 2023 йил 3 ноябрда “Футбол-таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ҳамда халқаро стандартларга мос келадиган футбол инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори имзоланди.
Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилган мазкур марказ бунда жуда муҳим бўғин. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 6 та терма жамоамизнинг ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш имконияти бор. Бунинг учун стадионлар, ўқув бинолари, спорт заллари, меҳмонхона барпо этилган. Пляж футболи майдони, футзал манежи, бассейн ва реабилитация бўлими қўшимча қулайликлар яратган.


Мажмуада профессионал футболчи ва мутахассисларни тайёрлаш учун тўртта тузилма ташкил этилди. Булар - Футбол мутахассисларини тайёрлаш ва илмий-тадқиқот маркази, Футбол терма жамоалари тайёргарлик маркази, Республика футбол академияси, Спорт тиббиёти ва реабилитация марказидир.
Президент уларда яратилган шароитлар билан танишди.
Футбол тиббиёти ва реабилитацияси бўлимига хорижий ускуналар олиб келинган, энг илғор услублар ўзлаштирилган. Бу футболчиларга қисқа вақт ичида жисмонан тикланиш имкониятини беради.
Футбол академиясида ёш истеъдодлар сараланиб, тарбияланади. Буни халқаро даражада ташкил этиш учун марказга Аргентина, Венгрия ва Хорватия каби давлатлардан мутахассислар жалб қилинган. Улар малакали мураббий, ҳакам, таҳлилчи, селекционер ва футбол менежерларини тайёрлашда иштирок этмоқда. Мажмуада “VAR маркази” ҳам ташкил этилган.


Давлат раҳбари шу ерда спорт фахрийлари ва ёш футболчилар билан суҳбатлашди. Ўзбекистонда футбол энг оммавий спорт экани, уни ривожлантириш изчил давом эттирилиши таъкидланди.
Кейинги йилларда футбол тизими тубдан яхшиланди. Болалар футболи, тўгараклардан тортиб академиялар, жамоалар, чемпионатгача эътибор кучайди. Натижалар бирин-кетин бўй кўрсатмоқда. Уларнинг энг муҳими – Ватанимиз тарихида биринчи марта миллий терма жамоамиз жаҳон чемпионатига чиққани бўлди.
Яна бир шонли ютуқ апрелда Cаудия Арабистонида бўлиб ўтган Осиё кубогида қўлга киритилди. 17 ёшгача бўлган ўсмирлар терма жамоамиз унда биринчи ўринни эгаллаб, жаҳон чемпионатига йўлланма олган эди.
Президент ушбу қаҳрамон футболчилар билан учрашиб, уларга меҳр-эътиборини изҳор қилди.

– Биз ҳамма соҳада дунёда муносиб ўрин эгаллашга интилаяпмиз. Спортчиларимиз буни тезроқ етказа олади. Сизлар иродали ғалабангиз билан, халқимиз меҳнат қилса, ҳаракат қилса, ҳамма нарсага қодир эканини яна бир бор исботладингиз. Бутун дунё сизнинг тимсолингизда азму шижоатли, ғурури баланд, ҳеч қачон интилишдан қайтмайдиган янги Ўзбекистон авлодини кўрди. Энди футболни ҳозиргидан ҳам 2-3 карра кўпроқ қўллаб-қувватлаймиз. Сиздек ёшлар халқимизнинг ишончи, Президентнинг қувончисизлар, – деди Шавкат Мирзиёев.
Спортчилар бу шароитлар учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдириб, халқимиз ишончини оқлашга ваъда беришди.

Мавзуга оид
22:55 / 01.12.2025
Суперкомпютер Ўзбекистоннинг ЖЧ-2026 ғолиби бўлиш имкониятига баҳо берди
19:49 / 30.11.2025
Суперлигада қолиш учун плей-офф ўйинларида қатнашадиган жамоалар маълум бўлди
11:38 / 12.11.2025
Туркияда мегаможаро: ўйинларга пул тиккан мингдан ортиқ футболчи аниқланди
22:47 / 23.10.2025