Жаҳон | 08:55 / 19.08.2025
2717
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Жанубий Корея қўшма ҳарбий машғулотларни бошлади

Манёврлар 11 кун давом этади, дала машғулотларининг бир қисми сентябрь ойига кўчирилди.

Фото: NorthDefense Ministry/ZUMA Press Wire/picture alliance

АҚШ ва Жанубий Корея ҳарбийлари КХДР таҳдидларига қарши биргаликда мудофаа тайёргарлигини кучайтиришга қаратилган йиллик Ulchi Freedom Shield (UFS) машғулотларини бошлади.

Yonhap агентлиги маълумотларига кўра, 11 кунлик манёврлар 28 августгача давом этади. Вашингтон ва Сеул ҳар йили ўтказадиган қўшма машғулотлар икки мамлакатнинг Пхенян «таҳдидларига» қарши мудофаа қобилиятини кучайтиришга қаратилган.

Бу йил «ҳақиқий» таҳдид сценарийсига асосланган манёврларда 18 мингга яқин Жанубий Корея ҳарбийлари иштирок этмоқда. UFS доирасида бир вақтнинг ўзида 580 минг киши иштирокида тўрт кунлик фуқаролик мудофааси машғулотлари ўтказилади, шунингдек, дронлар ва киберҳужумларга қарши ҳаракатлар машқ қилинади.

Бундан ташқари, Шимолий ва Жанубий Корея ўртасидаги кескинликни юмшатиш бўйича саъй-ҳаракатлар доирасида режалаштирилган 40 та дала машғулотларининг деярли ярми сентябрь ойига кўчирилди.

Пхенян бундай машғулотларни анъанавий равишда «босқинчилик репетицияси» деб атайди, АҚШ ва Жанубий Корея эса уларнинг фақат мудофаа хусусиятига эга эканини таъкидлайди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид