Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
«Путин яқин икки ҳафтада Зеленский билан учрашишга ваъда берди» – Оқ уй
Оқ уй матбуот котиби Керолин Левитт брифинг ўтказиб, Путин ва Зеленский ўртасидаги учрашувга тайёргарлик ҳақида маълумот берди. Унинг айтишича, АҚШ вице-президенти Ж.Д. Вэнс, давлат котиби Марко Рубио ва президентнинг махсус вакили Стив Уиткофф Путин ва Зеленский учрашувини тезлаштириш учун ҳаракат қилмоқда.
«Путин ва Зеленский музокаралар столи атрофига ўтиришга рози бўлди. Уларнинг учрашувига тўлақонли тайёргарлик кетмоқда. Путин яқин икки ҳафта ичида Зеленский билан шахсан учрашишга ваъда берди. АҚШ Россия билан бўлажак уч томонлама музокараларни ўтказиш учун кўплаб эҳтимолий жойларни муҳокама қилмоқда», деди Оқ уй сўзчиси.
AFP нашрининг ёзишича, Путин Зеленский билан учрашувни Москвада ўтказишни таклиф қилган. Бу таклиф Трамп билан суҳбатда янграган, лекин Зеленский Москвага бориш таклифини рад этди.
Франция президенти Эммануэл Макрон учрашув Женевада бўлиши мумкинлигини айтди. Путинни ҳибсга олиш учун ордер берган Халқаро жиноий суд аъзоси ҳисобланган Швейцария ҳукумати эса Путинга сафар вақтида дахлсизлик беришга тайёрлигини расман эълон қилди. Ғарб нашрларида учрашув ўтказилиши мумкин бўлган бошқа жойлар қаторида Рим ва Будапешт шаҳарлари ҳам тилга олинмоқда.
Бундан ташқари у Украинага кафолатлар ҳақида гапириб, хавфсизлик кафолатлари доирасида Украинада АҚШ қўшинлари бўлмаслигини, лекин мувофиқлаштириш ишларида ёрдам берилишини маълум қилди.
Буюк Британия ҳукумати яқин кунларда Европа ҳарбий амалдорлари АҚШ вакиллари билан учрашиб, Украинага «хавфсизликнинг ишончли кафолатларини ишлаб чиқиш» масаласини кўриб чиқади.
Bloomberg манбаларига кўра, биринчи босқичда украиналик ҳарбийларни ўқитиш ва шахсий таркибни тўлдириш орқали Украина армиясини мустаҳкамлаш кўзда тутилган. Бу иш билан асосан европалик ҳарбийлардан иборат кўп миллатли гуруҳ шуғулланади. Буюк Британия ва Франция эса фронт чизиғидан узоқда жойлаштириладиган юзлаб аскарларини Украинага юбориши кутилмоқда. Умуман олганда, Европанинг 10 га яқин давлати Россия–Украина уруши тугаганидан кейин ўз қўшинларини Украинага юборишга тайёрлигини билдирган.
Исроил Ҳамас қабул қилган сулҳни кўриб чиқмоқда






