Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ғазо шаҳрига ҳужум бошлаган Исроил, Трампнинг ажабтовур баёнотлари ва Украина бўйлаб хавотирли тун – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Исроил Ғазо шаҳрига ҳужум бошлади
Исроил Мудофаа Кучлари 20 август куни «Гидион аравалари» операциясининг иккинчи босқичи Ғазода ишга туширилганини маълум қилди. ИДФ сўзчиси Исроил армияси Ғазо шаҳрида ҲАМАСга зарба бериш ҳаракатларини кучайтиришини айтиб, бу шаҳарни «ҳарбий тузумнинг таянчи» деб атади. Унинг айтишича, Исроил кучлари аллақачон Ғазо шаҳри чеккаларини эгаллаб олган ва Зайтун маҳалласида операция ўтказмоқда. Бу ҳудуд Фаластин шимолидаги юз минглаб одамларга уй бўлиб келмоқда.
The Guardian нашри Исроил армиясининг баёноти Бинямин Нетаняҳу офисининг маълумоти билан бир вақтда чиққанини билдирди. Унда Нетаняҳу Ғазо шаҳрини эгаллаш бўйича кўп бора таҳдид қилинган ҳужумни тезлаштиришга чақирган.
«Ғазо шаҳрига қарши операция режалари тасдиқланишидан олдин, бош вазир Бинямин Нетаняҳу сўнгги таянчларни қўлга олиш ва ҲАМАСни тор-мор этиш муддатлари қисқартирилишини топширди», дейилади баёнотда. Исроил чоршанба куни эрталаб Ғазо шаҳрига ҳужум учун яна 60 минг захирадаги аскар чақирилганини эълон қилганди.
Исроилнинг янги уруш режаси халқаро миқёсда кенг қораланди. Хусусан, ҲАМАС Ғазо шаҳрини эгаллаш режалари сулҳ ҳаракатларга «очиқчасига беписандлик» эканини билдирди.
«Бугун босқинчи армиянинг Ғазо шаҳрига ва унинг қарийб бир миллион аҳолиси ва кўчирилганларига қарши операцияни бошлаш ҳақидаги эълони воситачилар саъй-ҳаракатларига очиқдан очиқ беписандликни кўрсатмоқда», дейилади ҲАМАС баёнотида.
Иордания ташқи ишлар вазири Айман Сафади чоршанба куни Исроилнинг Ғазодаги ҳужуми Яқин Шарқда тинчлик истиқболини «бутунлай йўқ қилаётганини» айтди. Франция президенти Эммануэл Макрон ҳам бу фикрни такрорлаб, режалаштирилган ҳужум «ҳақиқий фалокат» келтириб чиқаришини ва минтақани абадий уруш ботқоғига тортишини таъкидлади.
Германия ҳукумати матбуот котиби Стеффен Меер эса: «Бу ҳаракатлар қандай қилиб барча асирларни озод қилишга ёки сулҳга олиб келишини тушуниш тобора қийинлашмоқда», деди.
Исроил чоршанба куни яна Ғарбий Соҳилда йирик ноқонуний посёлка қуриш режалари тасдиқланганини ҳам маълум қилди. Исроилнинг ўнг радикал молия вазири Бетсалел Смотричга кўра, бу ҳудудни икки бўлакка бўлиш — Фаластин давлати истиқболини буткул йўқ қилишга қаратилган.
Буюк Британия бош вазири Давид Ламми агар бу режа амалга оширилса, «халқаро ҳуқуқни очиқчасига бузади ва икки давлат ечимини жиддий равишда издан чиқаради», деди.
Ғазода Исроил сиёсати натижасида кенг кўламли очарчилик юзага келгани ва геноцид айбловлари фонида халқаро жамоатчиликнинг кескин ғазабига қарамай, Исроил ўз қарашларини ўзгартирмаяпти. Шу пайтда тобора кўпроқ давлатлар Фаластин давлатини тан олиш режаларини эълон қилмоқда. Шу кунга қадар Исроил ҳужумлари оқибатида Ғазода 62 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлди, уларнинг 20 мингга яқини болалар.
Трампдан ажабтовур баёнотлар
АҚШ президенти Доналд Трамп Fox News'га берган интервюсида ўлимидан сўнг жаннатга киришни истаётганини ва бунга Украинадаги урушни тугатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ёрдам беришига умид қилишини айтди.
«Мен бу урушнинг тугашини истайман. У ерда америкалик аскарлар ҳалок бўлмаяпти, асосан руслар ва украинлар жабр кўрмоқда. Агар мен ҳар ҳафта 7 минг кишининг ҳалок бўлмаслигига эришсам, ажойиб бўлади», деди у.
Трамп сўзларига кўра, у жаннатга киришга умид қилмоқда, гарчи «бу жойга лойиқ бўлишни унчалик яхши уддалай олмаяпти». «Аммо барибир жаннатга киришга эришсам, айнан шу [Украинадаги урушни тугатиш] бунинг сабабларидан бири бўлади», деб қўшимча қилди Трамп.
Шунингдек, у аввалроқ Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги зиддиятнинг авж олишини тўхтатишга муваффақ бўлганини эслатди.
Тиниб-тинчимаган Трамп — АҚШнинг Мексика билан чегарасидаги деворни қора рангга бўяшни буюрди. АҚШ президентининг фикрича, қора бўёқ мигрантларнинг деворга чиқиш истагини сўндиради, чунки у жуда иссиқ бўлади.
АҚШ ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэмнинг айтишича, ишчилар аллақачон деворнинг бир қисмини бўяшни бошлаган, буйруқ Трампдан келган.
«Биз бутун чегара деворини қора рангга бўямоқчимиз», деди Ноэм журналистларга. Шунингдек, деворнинг бир қисмини ўзи қора рангга бўяди.
The Hill газетасининг ёзишича, Трамп биринчи муддатидаёқ чегарадаги деворни қора рангга бўямоқчи бўлган. Ноэм, шунингдек, ўзгаришлар мигрантларнинг АҚШга ноқонуний йўллар билан келмаслигига ёрдам беришини айтди. 2019 йилда Трамп Мексика билан чегарада шунчаки бетон девор эмас, балки «бадиий безатилган» девор қуришга ваъда берганди.
Россия Украина бўйлаб дрон ва ракеталар билан ҳужум қилди
21 августга ўтар кечаси Россия армияси дронлар ва ракеталар билан Украина шаҳарларига комбинациялашган зарбалар берди. Бутун Украина бўйлаб ҳаво ҳужуми хавфи эълон қилинди. Маҳаллий ОАВларга кўра, Россия армияси «Shaheed» дронлари, «Кинжал», «Калибр», Х-101 ракеталари учирган, кўплаб нишонлар мамлакатнинг ғарбий ҳудудларига йўналтирилган.
Хусусан, Россия қўшинлари Закарпате вилоятидаги Мукачево шаҳрига зарба берди. Нишонга шаҳардаги корхоналардан бири олинган. Ҳодиса жойида ёнғин чиққан, зарба оқибатида 12 киши жароҳат олгани маълум.
Бундан ташқари, россияликлар Украинанинг энг ғарбий Лвов шаҳрини ракеталар ва «Shaheed»лар билан нишонга олди. Дастлабки маълумотларга кўра, зарбалар оқибатида одамлар жабрланган. Бу ҳақда шаҳар ҳокими Андрей Садовий маълум қилди.
«Лвовда шовқинли тун бўлди. Душман дронлар ва ракеталар билан комбинацияланган ҳужум уюштирди. Яна бир ой аввалгидек Элена Степановна кўчасига зарба тушди. Дастлабки маълумотларга кўра, жабрланганлар бор», — деди мэр. Унинг сўзларига кўра, портлаш тўлқини ўнлаб уйлар томлари ва деразаларига зарар етказган. У барча хизматлар воқеа жойида ишлаётганини таъкидлади.
Хитой Афғонистонни «Бир камар, бир йўл»га қўшмоқчи
Хитой ташқи ишлар вазири Ван И Кобулга ташрифи давомида Афғонистон ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий билан музокаралар ўтказди. Ван И томонлар Кобул ва Пекин турли соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш истагида эканини қайд этган.
Хабар қилинишича, Ван И Хитой Афғонистонда геология-разведка ва қазилмалар қазиб олишда ҳамкорлик қилишга қизиқаётганини билдирди. Шунингдек, музокараларда Кобулга Хитойнинг «Бир камар, бир йўл» лойиҳасига расман қўшилиш таклифи ҳақида сўз борган.
Хитойнинг «Бир камар, бир йўл» ташаббуси бу – 2013 йилда Хитой президенти Си Жинпинг томонидан илгари сурилган улкан халқаро инфратузилма ва савдо лойиҳаси. Мақсад – қадимий Ипак йўлини замонавий шароитда қайта тиклаб, Осиё, Европа, Африка ва бошқа минтақаларни транспорт ва савдо алоқалар орқали боғлаш. Хитойнинг экспорт йўлларини кенгайтириш. Айрим таҳлилчилар Хитой давлат банки асосий молиявий таъминотчиси бўлган бу лойиҳани «қарз тузоғи» ҳам деб атаган.
Ичида сичқон ва пашшалар бўлган сунъий йўлдош учирилди
Қозоғистоннинг Бойқўнғир космодромидан учирилган "Союз-2.1б" ракетаси 75 та сичқон ва 1,5 мингта чивинлар жойлаштирилган «Bion-M»2 сунъий йўлдошини орбитага чиқариб қўйди.
РИА Новостининг ёзишича, ракета чоршанба куни Москва вақти билан соат 20:13 да старт олди. Сунъий йўлдошни орбитага чиқариш жараёни 9 дақиқа 23 сония давом этди.
«Космик кеманинг учинчи босқич двигатели ўчирилди. Космик аппаратдан ажралиш амалга ошди. 'Bion-Mʼ2 — Ернинг сунъий йўлдош орбитасига чиқарилди», – деди кузатув пунктидаги диктор.
Аппарат кенг қияликдаги, баландлиги 370–380 километр бўлган юқори кенгликдаги орбитага олиб чиқилди. «Bion-M»2 бортида ўтказиладиган тажрибалар давомида олимлар ушбу орбитанинг биологик хавфсизлигини текширади. Чунки бу ҳудудда космик радиация кўпроқ ва геомагнит муҳит ҳам бошқача. Парвоз 30 суткага мўлжалланган.
«Bion-M»2 герметик қайтиш аппаратидан иборат бўлиб, унинг ичида ва ташқарисида илмий асбоб-ускуналар жойлаштирилган. Шунингдек, у асбоблар ва агрегатлар бўлимлари, ажратиш воситалари платформаси ҳамда қуёш батареяларига эга. Сичқон ва дрозофила пашшалари билан бир қаторда унда доривор ўсимликлар, уруғлар, сувўтлар, микроорганизмлар, ҳайвон ва одам илдиз ҳужайралари ҳам жойлаштирилган.
Мавзуга оид
14:17 / 10.12.2025
Сайловларга тайёр Зеленский, Россиянинг ғалабаси ҳақида гапирган Трамп ва журналистлар учун энг хавфли жой – кун дайжести
15:01 / 09.12.2025
Украинани қўллаётган Европа, БМТ идорасига бостириб кирган Исроил ва қайта бошланган Таиланд–Камбоджа тўқнашуви – кун дайжести
15:07 / 06.12.2025
Макроннинг Хитойдан илтимоси, Путиннинг Модига таклифи ва Трампнинг шоусига айланган FIFA тадбири – кун дайжести
16:20 / 05.12.2025