Жаҳон | 23:33 / 23.08.2025
8851
4 дақиқада ўқилади

Эмина Эрдўған Ғазода азобланаётган болалар ҳақида Мелания Трампга хат ёзди

АҚШнинг биринчи хоними Украинадаги урушда 648 боланинг ҳалок бўлиши юзасидан Путинга хат йўллаганди. Шу хат сабаб бўлиб, Туркиянинг биринчи хоними Америка президентининг рафиқасига мактуб йўллади ва ундан 18 минг бола жон берган Ғазодаги қолган болаларнинг ҳаётини сақлаб қолишда ҳисса қўшишни сўради.

Фото: Anadolu Agency

Туркиянинг биринчи хоними Эмине Эрдўған Ғазодаги гуманитар инқироз юзасидан АҚШ биринчи хоними Мелания Трампга мактаб йўллади.

Америка президентининг рафиқаси аввалроқ украиналик болалар тақдири ҳақида Россия президентига хат ёзганди. Эмине Эрдўған эса Мелания Трампга йўллаган мактабида ундан Ғазодаги вазиятга ҳам бефарқ бўлмасликка чақирган.

Туркия президентининг рафиқаси ўз хатининг кириш қисмида орадан 6 йил ўтган бўлса-да, Мелания Трамп билан Оқ уйдаги суҳбатидан илиқ хотиралари қолганини ёзган. Эмине Эрдўғанга кўра, Мелания Трампнинг Владимир Путинга хат ёзгани унинг ҳозирги воқеаларга бефарқ эмаслигини кўрсатади.

“Ўз хатингизда таъкидлаганингиздек, болаларнинг меҳрли ва хавфсиз муҳитда улғайиш ҳуқуқи – умумбашарий ва шак-шубҳасиздир. Ва бу ҳуқуқ бирор бир географик ҳудуд, ирқий ёки этник мансублик, диний гуруҳ ёки мафкуранинг имтиёзи эмас. Шундай экан, мазлумларни, бу ҳуқуқдан маҳрум бўлганларни қўллаб-қувватлаш – энг аввало инсоният олдидаги улкан масъулиятни адо этиш демакдир. Украинадаги урушнинг ҳалокатли оқибатлари сабаб барбод бўлган умрлар, ажралиб кетган оилалар ва етим бўлиб қолган болаларга айниқса лидер инсоннинг рафиқаси сифатида сиз намоён қилган дилгирлик – қалбларда умид уйғотадиган ташаббусдир”, – дея ёзган Эмина Эрдўған.

“Сизнинг “овоз чиқариб кулолмаётган” украин болаларига шодон кулгиларни қайтариш ҳақидаги илтимосингиз жуда катта аҳамиятга эга. 648 нафар украиналик боланинг уруш вақтида ҳалок бўлиши сизни қанчалик ташвишга солган бўлса, Ғазода икки йил давомида 62 минг бегуноҳ тинч аҳоли, жумладан 18 минг боланинг ваҳшийларча ўлдирилгани ҳам сизни ундан-да кўпроқ ташвишлантиришига ишончим комил”, – деган ўз хатида Туркиянинг биринчи хоними.

Эмина Эрдўған мактубининг давомида Ғазо бўлгаси бемисл шафқатсизлик ва замонавий дунёдаги энг аянчли геноцид майдонига айланиб қолганини ёзади.

“БМТ Болалар фонди ҳар 45 дақиқада бир бола ҳалок бўлаётган Ғазода ер устини болалар учун “жаҳаннам”, ер остини эса “болалар қабристони” деб таърифлаяпти. Урушларда шахси аниқланмаган ҳарбийларга нисбатан ишлатиладиган “номаълум аскар” атамаси қачондир болаларга нисбатан ҳам ишлатилишини тасаввур қила оласизми?” – дея савол берган президентнинг рафиқаси.

Эрдўғаннинг ёзишича, бугунги кунда оиласиз қолиб ҳалок бўлган, ҳатто исмини ҳам аниқлашнинг имкони бўлмаётган ғазолик болаларнинг кафанларига “номаълум гўдак” дея ёзишга тўғри келаётгани – инсоният виждонига ўчириб бўлмас доғ бўлиб тушяпти.

Туркиянинг биринчи хоними нафақат Украина болалари, балки Фаластин фарзандлари ҳам худди шундай қувонч, эркинлик ва ёруғ келажакка муносиблигига урғу берган.

“Агар сиз Ғазодаги гуманитар инқирозга чек қўйиш ҳақида қатъий чақириқ билан Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуга хат йўлласангиз, бу жуда катта аҳамият касб этган бўларди. Дунё оммавий уйғонишни бошдан кечираётган, Фаластинни тан олиш умумбашарият иродасига айланаётган ҳозирги кунларда, аминманки, сизнинг Ғазони ҳимоя қилиш ҳақидаги чақириғингиз Фаластин халқи олдидаги тарихий масъулиятни адо этиш бўлади”, – дейилади мактубда.

“335 марта ўқ узилган 6 яшар Ҳинд Режеп, бобоси видолашиш вақтида ўпиб қўйган уч яшар Рим ва улар каби 18 885 нафар бола учун энди жуда кечдир балки. Лекин Ғазода омон қолишнинг уддасидан чиқаётган миллиондан ортиқ бола учун бизда ҳозир ҳам имконият бор. Вақт аллақачон келган”, – дея ўз хатини якунлаган Эмина Эрдўған.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид