Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Ғазо шаҳрида расман очарчилик бошланди

Ғазо шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудларда расмий равишда очарчилик бошлангани аниқланди ва бу ҳолат кенгайиб бориши кутилмоқда. Бу хулосани 22 август куни БМТ қўлловидаги IPC кузатув ташкилоти эълон қилди. Мазкур баҳо секторга кўпроқ ёрдам киришига рухсат бериш учун Исроилга босимини кучайтириши кутилмоқда.

IPC маълумотига кўра 514 минг киши, яъни Ғазодаги фаластинликларнинг чорак қисми очарчиликдан азият чекмоқда. Бу кўрсаткич сентябр охирига бориб 641 минг нафарга етиши кутилмоқда. Уларнинг 280 минг нафари Ғазо шаҳри ҳудудини қамраб олувчи шимолий қисмда жойлашган. Reuters нашрининг ёзишича, бу IPC томонидан Африкадан ташқарида илк бор очарчилик қайд этилиши бўлди.

Исроил бу ҳисоботни тарафкаш деб рад этди. Исроил Ташқи ишлар вазирлиги IPC тадқиқоти асосан Ҳамас тақдим этган қисман маълумотларга асосланганини, яқин орада киритилган озиқ-овқат юклари ҳисобга олинмаганини айтмоқда.

Ҳудуд очарчилик сифатида таснифланиши учун — аҳолининг камида 20 фоизи ўта кескин озиқ-овқат танқислигидан азият чекиши, ҳар уч бола ичидан бири оғир даражада тўйиб овқатланмаслиги ва ҳар куни ҳар 10 минг кишидан камида икки нафари очлик ёки овқатланиш етишмовчилиги ҳамда касалликлардан вафот этиши керак.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Ғазодаги очарчиликни «инсон қўли билан яратилган фалокат, ахлоқий айблов ва инсониятнинг ўз вазифасини бажармагани» деб атади. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Волкер Турк эса Ғазодаги очарчилик Исроил ҳукумати ҳаракатлари натижаси эканини таъкидлади ва очликдан ўлим уруш жиноятига тенглашишини айтди.

Исроил айни вақтда барча Ғазога кириш нуқталарини назорат қилади. БМТ эса узоқ вақтдан бери ёрдам Ғазога кириши ва уруш ҳудуди бўйлаб тарқатилишида тўсиқлар мавжудлигидан шикоят қилиб келади.

Халқаро босимларга қарамай Исроил Ғазо шаҳрида янги уруш бошлаган. Al-Jazeera нашрининг тиббий манбаларга таяниб маълум қилишича, кеча кун давомида Исроилнинг Ғазога уюштирган ҳужумлари оқибатида камида 65 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Улардан 37 нафари Ғазо шаҳрида ўлдирилган, бу ерда Исроил кенгроқ режалаштирилган ҳужум олдидан зарбаларни кучайтирмоқда.

Исроилнинг ҳаво ҳужуми Ғазо шаҳридаги Шайх Радван маҳалласидаги бир мактабни нишонга олган. Бу ҳудудда ўнлаб фаластинликлар мактаб ҳовлисида қурилган вақтинчалик чодирларда бошпана излаётган эди. Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлигининг жума куни маълум қилишича, ҳужум оқибатида камида 12 нафар тинч фуқаро ҳалок бўлган.