Жаҳон | 20:55 / 25.08.2025
11493
5 дақиқада ўқилади

Россия урушни ҳозир тўхтатмоқчи эмас — сиёсатшунослар

Лавровнинг Зеленскийни яна легитим эмас дейиши – Россия урушни чўзишни хоҳлаётганидан дарак беради, дейди таҳлилчилар. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида Аляска ва Вашингтондаги катта учрашувлардан кейинги воқеалар ривожи ҳақида сўз борди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Абдували Сойибназаров: Россия музокаралар пайтида ҳам Зеленскийнинг қонунийлигини тан олмаган эди. Аслида Россия узоқ муддатли стратегик мақсадларига ҳали эришмаган ва урушни ҳозирги босқичда тугатишдан манфаатдор эмас. Унинг асосий нияти Одессагача бўлган ҳудудларни, зарур бўлса Днестрбўйи минтақасини ҳам эгаллаш. Шунга қарамай, Россия ҳали Донецк вилоятини ҳам тўлиқ қўлга киритгани йўқ. Агар Зеленский Донбасс масаласида ён берса, бу Россияга Славянск ва Краматорск каби мустаҳкам мудофаа нуқталарини осонроқ эгаллаш имконини беради. Кейинги босқичда эса Россия Николаев ва Одесса томон юриши мумкин. Чунки бу ҳудудларда кучли мудофаа истеҳкомлари мавжуд эмас.

Зеленский интервюларида қатъий позицияни билдирмоқда: “Биз нафақат Донбассни бермаймиз, балки рус тилига расмий мақом берилишига ҳам рози эмасмиз”, дея таъкидлаяпти. Шу сабабли ҳам Сергей Лавров Зеленскийнинг легитимлигини яна шубҳа остига қўймоқда.

Бундан ташқари, Россия Европа томонидан таклиф қилинаётган хавфсизлик кафолатларини ҳам қабул қилмаяпти. Унга кўра, Россия иштирокисиз бундай кафолатлар амалда ҳеч қандай қийматга эга бўлиши мумкин эмас. Ваҳоланки, Россия аллақачон Украинага бостириб кирган бир вақтда, Европа ёки Украина энди Россияга ишона олмайди.

Шуҳрат Расул: Аляскадаги учрашувдан кейин Трамп, Зеленский ва Европанинг етти етакчиси ўртасида Вашингтонда муҳим музокаралар бўлиб ўтди. Унда Европа қўшин юбориши масаласи ҳам кўтарилди: қўшин сони 70-100 минг атрофида бўлиши мумкинлиги айтилди. Америка эса бу масалани кўриб чиқишини билдирди. Музокара чоғида Трамп қисқа муддат президент Путин билан ҳам телефон орқали гаплашди, ўша пайтда Россия томонидан кескин эътирозлар бўлмади. Лекин орадан кўп ўтмай, ташқи ишлар вазири Сергей Лавров интервюсида шундай деди: “Россия иштирокисиз Украинага ҳеч қандай хавфсизлик кафолати мақбул эмас. Бу жараёнда Россия ҳам, Хитой ҳам қатнашиши шарт”. Бироқ Хитой расмийлари ҳозирча ўз позициясини аниқ билдирмаганини айтди.

Ғарб эса Украинани НАТОга аъзо қилмасликни, бироқ НАТО шартномасидаги 5-модда мақомини унга қўллашни таклиф қилмоқда. Яъни агар кимдир Украинага ҳужум қилса, кафолат берувчи давлатлар қуролли ёрдам кўрсатади. Россия эса бунга қарши чиқиб, кафолатни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзоси бериши кераклигини талаб қилмоқда. Шунингдек, Европадан хоҳлаган давлатлар қўшилиши мумкинлигини айтмоқда.

Энг баҳсли банд шунда бўлди: Россия хавфсизлик кафолатларига вето қўйиш ҳуқуқини олишни истамоқда. Бу эса шуни англатадики, Украина ҳужумга учраса ва бошқа давлатлар уни ҳимоя қилмоқчи бўлса, Россия шартнома асосида вето қўйиб, бу ёрдамни тўхтатиб қўйиши мумкин. Бундай талаб на Европа, на АҚШ, на Украина учун қабул қилиб бўлмайдиган даражада бемаъни. Бу талаби билан Россия музокараларни яна ноллаштириб қўйди.

Камолиддин Раббимов: Доналд Трамп ташаббуси билан икки томоннинг учрашиши ва ярашиши учун уринишлар бўлди, аммо айтиш мумкинки, бу ташаббус аста-секин қадрсизланмоқда. Чунки глобал даражада катта умид уйғонган бўлса-да, томонларнинг шартлари бир-биридан ҳали ҳам жуда узоқ. Бундай вазиятда уларни нафақат яраштириш, балки учрашув столига ўтирғизишнинг ўзи ҳам мушкул.

Путиннинг тарафдорлари шуни таъкидламоқда: “Аввало, Украина билан кун тартибимизни аниқ қилиб олайлик, кейин учрашишимиз мумкин”, деяпти. Демак, урушни яқин келажакда тўхтатиш имконияти жуда паст.

Сўнгги бир ҳафта ичида Украина Россиянинг нефт саноатига жиддий зарба берди ва ҳатто Россиянинг нефт экспорт салоҳиятининг қарийб 10 фоизи йўқотилди. Бу ҳужумларни Доналд Трамп ҳам, АҚШ ҳам кескин танқид қилди. Лавровнинг баёнотлари ҳам шуни кўрсатадики, Россия ҳозирча учрашувни режа қилмаяпти. Улар: “Зеленский легитим эмас, агар Украина бизнинг шартларимизни қабул қилмаса, биз аввалги позициямизга қайтамиз”, деган позицияни илгари сурмоқда.

Суҳбатни YouTube'да батафсил томоша қилишингиз мумкин

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид