Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Исроил Ғазо шаҳрида мингдан ортиқ бинони вайрон қилди
Исроил август ойининг бошида Ғазо шаҳрига киришни бошлаганидан буён шаҳарнинг Зайтун ва Сабра маҳаллаларида 1 мингдан ортиқ бинони бутунлай вайрон қилди, натижада юзлаб одамлар вайрона остида қолиб кетди, Бу ҳақда Фаластин Фуқаро мудофаасига таяниб, Al-Jazeera нашри хабар бермоқда.
Идора баёнотида айтилишича, давом этаётган ўқ узишлар ва йўлларнинг тўсилиб қолиши кўплаб қутқарув ва ёрдам операцияларини амалга оширишга халақит бермоқда. Фавқулодда хизмат ходимлари ҳануз йўқолганлар ҳақида кўплаб хабарларни олмоқда, аммо жавоб бера олмаяпти, шифохоналар эса ҳужумлар оқибатида ҳаддан ташқари тўлиб кетган, дейилади баёнотда.
«Ғазо секторида ҳеч қандай хавфсиз жой йўқ — на шимолда, на жанубда. Ўқ узишлар одамларнинг уйларини, бошпаналарини, ҳатто улар кўчирилган лагерларни ҳам нишонга олмоқда».
Айни кунларда Исроил танклари Сабра маҳалласига кириб келишда давом этмоқда, Исроил Ғазо шаҳрини тўлиқ эгаллаш ҳаракатини олиб бормоқда ва бу жараён деярли 1 миллион фаластинликни жанубга мажбуран кўчиришга сабаб бўлмоқда.
Фуқаролар Мудофааси идорасининг баёноти ҳуқуқ ҳимоячилари орасида аввалдан мавжуд бўлган хавотирларни тасдиқлаган: Исроил Ғазо шаҳрини ҳам, Рафаҳдаги каби, бутунлай бузиб ташлашни режалаштирмоқда. Бу эса барча фаластинликларни Ғазодан мажбуран чиқариб юборишга қаратилган кампания сифатида талқин қилинмоқда.
Якшанба куни Исроилнинг Ғазога уюштирган ҳужумлари оқибатида камида 51 киши ҳалок бўлган. Улардан 27 нафари Ғазо шаҳрида, яна 24 нафари эса ёрдам олишга уринганлар орасида бўлган. Очлик оқибатида яна 8 киши вафот этган. 2023 йил октябрь ойидан буён Ғазода ҳалок бўлганлар сони 62 минг кишидан ортиб кетди.
БМТ ва ҳукуматларнинг Исроил олдида ожизлиги дунёнинг кўплаб давлатида Исроилга қарши намойишларга олиб келмоқда. Хусусан, якшанба куни Австралия, Буюк Британия, Малайзия, Кения, Белгия, Сенегал ва Швецияда ўн минглаб намойишчилар очлик ва ўлим ёқасида қолган фаластинликларни қутқариш чораларини талаб қилиб намойиш ўтказишди.
Австралиянинг ўзида 40 дан ортиқ норозилик намойишлари бўлиб ўтган. Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда ўтказилган митинг эса Ғазога ҳуманитар ёрдам олиб борадиган фаоллар гуруҳини шакллантириш учун бошланғич нуқта бўлиб хизмат қилиши айтилмоқда.






