Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ ва Украина Россия билан тинчлик музокаралари масаласи бўйича учрашади
Зеленскийнинг айтишича, Украина ва АҚШ делегациялари 31 августгача учрашиб, Россия билан эҳтимолий тинчлик музокараларини муҳокама қилади. Украина президенти Киевда Трампнинг махсус вакили Келлог билан ҳам учрашиш ниятида.
Украина ва Қўшма Штатлар делегациялари шу ҳафта охирида, яъни 31 августгача Россия билан бўлажак тинчлик музокаралари мавзулари ва масалаларини муҳокама қилиш учун учрашув ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский 25 август, душанба куни Киевда Норвегия бош вазири Йонас Гар Стёре билан қўшма матбуот анжуманида айтиб ўтди.
Украина президентининг таъкидлашича, у Киевга ташриф буюрган АҚШ президентининг Украина бўйича махсус элчиси Кит Келлог билан «Россия томони билан бўлажак учрашувга кейинги тайёргарлик кўриш мақсадида» учрашмоқчи. Аввалроқ, мамлакат Мустақиллигининг 34 йиллигини нишонлаш маросимида Келлог 1-даражали "Хизматлари учун" ордени билан тақдирланган эди.
Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, «ҳафта давомида иш кўп бўлади». У матбуот анжуманида маълум қилганидек, бир кун аввал президент девони раҳбари Андрей Ермак АҚШ давлат котиби Марко Рубио ва «бошқа ҳамкорлар» билан мулоқот қилган ва ташқи ишлар вазири Андрий Сибига G7 ташқи ишлар вазирларининг онлайн учрашувида иштирок этган. Бундан ташқари, Зеленский «миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилар» учрашуви 27 августга режалаштирилганини айтди.