Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

«Жонли эфир»даги геноцид

25 август куни Исроилнинг Ғазодаги Нассер шифохонасига қилган ҳужуми оқибатида камида 19 киши, жумладан, беш нафар журналист ҳалок бўлди. Ғазо ҳукумати Медиа идорасига кўра, Исроил ҳужумида ҳалок бўлган тўрт нафар журналист Reuters ахборот агентлиги фотомухбири Ҳуссам ал-Масри, Al-Jazeera фотомухбири Муҳаммад Салама, бир нечта ОАВ, жумладан, Accosiated Press билан ишлаган журналист Марям Абу Даққа ҳамда NBC телеканали журналисти Муаз Абу Тоҳа бўлган. Шунингдек бешинчи журналист Quds Network ва Middle East Eye нашрида ишлаган Аҳмед Абу Азиз ҳам олган жароҳатлари туфайли вафот этди.

Хон Юнусда содир бўлган алоҳида воқеада эса фаластинлик яна бир мухбир ва академик Ҳассан Доуҳанни ҳам ўлдирилди.

Al Jazeera мухбири Ҳинд Ҳударийнинг хабар беришича, кечаги воқеада Исроил кучлари учирган камикадзе дрон Нассер шифохонаси томига келиб тушган ва камида бир журналист ўлдирилган.

«Шундан кейин фуқаро мудофааси жамоалари юқорига чиқиб, жасадни олиб тушмоқчи ва ярадорларни қутқаришга уринаётган эди. Сўнг журналистлар ҳам воқеани ҳужжатлаштириш учун чиққанида Исроил кучлари яна ўша жойни нишонга олди. Бу иккинчи зарба худди ўша жойга қилинди ва бу эфирда ҳужжатлаштирилди», дейди у.

Исроил ҳукумати уруш давомида халқаро журналистларнинг Ғазога эскортсиз киришига рухсат бермай келмоқда. 10 август куни эса Исроил армияси журналистлар яшаётган чодирни «мақсадли» нишонга олганди. Ўшанда Al Jazeera телеканали беш нафар ходими ҳалок бўлган.

Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу идораси бу зарбани «фожиали хато» деб атади ва армия уни тергов қилаётганини билдирди. Исроил илгари ҳам ўзининг уруш жиноятларидан сўнг шунга ўхшаш баёнотлар берган, аммо амалда айбдорларнинг жавобгарликка тортилгани деярли кузатилмаган.

АҚШ президенти Доналд Трампдан муносабат сўраганларида, у норозилигини билдирди. «Қачон содир бўлди бу?» деди у Оқ уйдаги журналистга. «Мен буни билмасдим. Ҳа, бу мени хурсанд қилмайди. Бундай бўлишини истамайман. Шу билан бирга, бу бутун даҳшатли тушни тугатишимиз керак», деди Трамп.

БМТ вакили Франческа Албанезе Ғазодаги бугунги ҳужумдан кейин Исроилга тўлиқ санкциялар жорий этишга чақирди.