Эроннинг сиёсий мақсадга мувофиқликни аниқлаш кенгаши аъзоси Саид Муҳаммад Садр телевидениега берган интервюсида Эрон ҳаво мудофаа тизимлари ҳақидаги разведка маълумотлари Россия томонидан Исроилга берилганини даъво қилди. Бу икки давлат ўртасидаги стратегик яқинлик ҳақида саволлар уйғотмоқда.

Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида таҳлилчилар Фарҳод Каримов ва Жаҳонгир Акрамов бу борадаги фикрлари билан бўлишди.

Фарҳод Каримов: Бу ҳолат асосан Эрон нашрларида кенг ёйилди, Ғарб ва Европа ОАВлари у қадар катта эътибор қаратмади, Россия эса расмий муносабат билдирмади. 2025 йил 17 январда Россия ва Эрон ўртасида стратегик ҳамкорлик шартномаси қайта имзоланган эди. Аммо шартномада муҳим бир банд ҳарбий ёрдам ҳақида, яъни уруш ҳолатида бир-бирининг мудофаасини кафолатлаш мажбурияти қисми чиқариб ташланган эди. Айниқса, Россиянинг Эронни ҳимоя қилиш мажбуриятидан воз кечгани саволлар уйғотди.

Шу билан бирга, шартномада “учинчи давлатга ёрдам бермаслик” банди қолдирилган эди. Бу дегани, Россия ҳам, Эрон ҳам бир-бирининг рақибига ёрдам бермаслиги керак эди. Россиянинг Эрон мудофаа тизимлари жойлашуви ҳақидаги маълумотларни Исроилга бергани ҳақидаги даъво эса айнан шу бандга зид. Бу – Эроннинг Россиядан норозилигини кўрсатмоқда.

Эрон Россиядан Су-35 қирувчи самолётларини сўраган, аммо улар берилмади. Бундан ташқари, Россиянинг Исроил билан илиқ муносабатлари ҳам Эронни безовта қилмоқда. Масалан, Путин ва Нетаняҳу ўртасидаги яқин алоқалар Россиянинг Яқин Шарқдаги позициясини англатади.

Афтидан, Россия Эрон билан муносабатларда Яқин Шарқни эмас, Каспий денгизи ва Кавказ минтақасини асосий ўринга қўймоқчи.

Бу ҳолатлар фонида Эрон Жанубий Кавказ, хусусан Зангезур коридори бўйича Ғарб билан яқинлашишга уринмоқда. Арманистон бош вазири билан учрашувлардан сўнг Ғарб билан ҳамкорлик учун замин яратилаётгандек кўринмоқда. Эрон ҳозирда бу йўлни танласа, Россияга қарши асосли даъволар келтириш учун “психологик муҳит” яратмоқда.

Шунга ўхшаш вазиятни олдин ҳам кўрганмиз: Россия Туркияга НАТО аъзоси бўлишига қарамай С-400 сотган. Бу эса шуни кўрсатадики, Россия учун стратегик ҳамкорликдан кўра, сиёсий ва иқтисодий прагматизм муҳимроқ.

Жаҳонгир Акрамов: Эрон олий диний раҳбариятига яқин бўлган гуруҳлар сўнгги воқеалар фонида очиқчасига реал сиёсат заруратларини тушунаётганини билдирмоқда. Улар Россиянинг Исроилга нисбатан илиқ муносабати – Эроннинг геосиёсий ёлғизлигини очиқ кўрсатиб берганини тан олмоқда.