Жаҳон | 22:51 / 26.08.2025
4824
3 дақиқада ўқилади

Украинада миналаштирилган ерлар майдони Англия ҳудуди ўлчамидан ошди

Мамлакат 2023 йилдан бери дунёдаги энг кўп миналаштирилган давлатлардан бири ҳисобланади.

Фото: AFP

Июнь ойига келиб, Украина ҳудудининг миналар ва бошқа портловчи моддалар билан қопланган майдони 139 минг кв.км.га етди, бу Англия ўлчамидан (130 минг кв.км.) кўпроқ, деб хабар берди Халқаро сиёсий тадқиқотлар институти (ISPI).

Маълумотларга кўра, хавфли ҳудудлар ва уларга яқин жойларда 6 миллиондан ортиқ одам яшайди. Айниқса, Харков, Суми ва Запорожие вилоятларидаги қишлоқ хўжалиги ерлари катта зарар кўрган.

Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизматининг Guardian нашрига маълум қилишича, Россия босқини бошланганидан бери миналар ва ўқ-дорилар портлаши оқибатида 359 нафар тинч аҳоли, жумладан 18 нафар бола ҳалок бўлган, яна мингга яқин киши жароҳатланган.

БМТ Украинани миналардан тозалаш дастури менежери Пол Хеслопнинг таъкидлашича, мамлакат ҳудудининг деярли 25 фоизи портловчи моддалар билан қопланган. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, гап 1 миллиондан ортиқ шундай қурилмалар ҳақида кетмоқда. Рус қўшинлари чекиниш чоғида ҳудудларни миналашда давом этмоқда. Бундан ташқари, Украина Қуролли кучларининг озод қилинган ҳудудларида портламаган жуда кўп ўқ-дорилар - ракеталар, гранаталар ва артиллерия снарядлари қолмоқда.

«Биз илгари кўрмаган мураккаблик ва кўлам даражасига дуч келмоқдамиз», деб таъкидлади Хеслоп.

Унинг қўшимча қилишича, 5-10 кг портловчи моддаси бўлган пиёдалар ва танкларга қарши йирик миналар алоҳида хавф туғдиради. Улар оғир техника: автомобиллар, юк машиналари ва танклар урилганда ишга тушади. Дронлардан отилган ўқ-дорилар ҳам қўшимча хавф туғдиради, бу эса сапёрларнинг ишини мураккаблаштиради ва тинч аҳоли учун хавфни оширади.

Украина 2023 йилдан бери дунёдаги энг кўп миналаштирилган давлатлардан бири ҳисобланади. Яқинда у Полша, Финляндия, Эстония, Латвия ва Литвага қўшилиб, миналардан фойдаланишни чекловчи Оттава конвенциясидан чиқишини эълон қилди. Киев бу қадамни Россия агрессияси фонида мудофаани кучайтириш зарурати билан изоҳламоқда. Шу билан бирга, расмийлар миналардан тозалаш давлат гуманитар сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб қолаётганини таъкидламоқда.

Украина Табиатни муҳофаза қилиш вазирлигининг ҳисоб-китобларига кўра, устувор ҳудудларни, шу жумладан табиатни муҳофаза қилиш зоналарини миналардан тозалаш учун тахминан 10 йил ва 38 миллиард доллар керак бўлади. Тўлиқ тозалаш эса юзлаб йиллар давом этиши мумкин.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид