Ўзбекистон | 23:00 / 27.08.2025
4487
5 дақиқада ўқилади

Ички саёҳатларга чегирмалар ва автомобил олди-сотдисида Trade-up дастури – маҳаллий дайжест

Президент мустақилликнинг 34 йиллиги муносабати билан давлат мукофотларини топширди. Байрам муносабати билан ички саёҳатларга чегирмалар эълон қилинди. Автомобил олди-сотдисида Trade-up дастури жорий этилади. 2025 йил биринчи ярмида Ўзбекистоннинг 9 та ҳудудида бирорта мактаб қуриб битказилмади. Нархи арзонлагани айтилган АИ-92 бензини қимматлади. Kun.uz ёритган шу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Шавкат Мирзиёев мустақилликнинг 34 йиллиги муносабати билан давлат мукофотларини топширди

Тошкент шаҳрида 27 август куни бўлиб ўтган тантанали тадбирда давлат раҳбари барчани Мустақиллик байрами билан табриклади. Мамлакатда эришилаётган натижаларнинг асоси, саъй-ҳаракатларнинг моҳияти ҳақида алоҳида тўхталди.

– Янги Ўзбекистонда ортга қайтмас тус олган ислоҳотларимиз қандай улкан натижалар бераётганини барчамиз кўриб турибмиз. Ўтган саккиз йилда ялпи ички маҳсулотимиз шиддат билан ўсиб, 115 миллиард долларга етди. Бугун битта рақамни биринчи марта айтмоқчиман: Халқаро валюта жамғармаси прогнозига кўра, бу йил иқтисодиётимиз ҳажми 130 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда. Яъни илгари бундай ўсиш, бундай юксак эътироф ҳеч қачон бўлмаган, деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари мукофотланганларга фахрий унвон, орден ва медалларни тантанали равишда топширди.

Байрам муносабати билан ички саёҳатларга чегирмалар эълон қилинди

Мустақилликнинг 34 йиллиги муносабати билан мамлакатда ички туризмни ривожлантириш, аҳолининг туризм хизматларидан кенг фойдаланишини таъминлаш, шунингдек, юртдошларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида бир қатор имтиёзлар жорий этилди.

Жумладан, туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари томонидан республика бўйлаб фаолият юритаётган жойлаштириш воситалари (меҳмонхоналар, меҳмон уйлари, хостеллар) ҳамда «Вақф» хайрия жамоат фонди ва Маданий мерос агентлиги тасарруфидаги маданий мерос объектларига кириш чипталарига 20 фоизгача чегирмалар татбиқ этилди.

Мактабларда ҳар ҳафта душанба куни «Келажак соати» дарси ўтилади

Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг «Мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги буйруғи қабул қилинди.

Ушбу буйруқ билан мактабларда ҳар жума куни ўтказилган «Синф соати» ўрнига, душанба кунлари биринчи соатда «Келажак соати» дарси ўтиладиган бўлди. Шунингдек, мактаблар учун «Келажак соати» дарсларининг намунавий мавзулар рўйхати ҳам тасдиқланди.

Автомобил олди-сотдисида Trade-up дастури жорий этилади

Ўзбекистонда минилган машинани дистрибютор ёки дилерга топшириб, нархидаги фарқни қоплаган ҳолда ўрнига бошқа бир минилган машинани харид қилиш (Trade-up) дастури жорий этилади. Бу – бир неча йил олдин йўлга қўйилган, минилган машинани янги машинага алмаштириш (Trade-in) дастурига муқобил вариант бўлади.

Ҳар икки ҳолатда ҳам жисмоний ёки юридик шахс дистрибютор ёки дилер ташкилотига минилган автомобилни сотаётганда, олди-сотди битимини нотариал расмийлаштириш талаб этилмайди. Шу билан бирга, эр ёки хотиннинг нотариал тартибда тасдиқланган розилик хати керак бўлади.

2025 йил биринчи ярмида Ўзбекистоннинг 9 та ҳудудида бирорта мактаб қуриб битказилмади

Янги ўқув йилида Ўзбекистондаги мактабларда қарийб 2 млн нафар ўқувчи ўрни етишмовчилиги юзага келиши мумкин. Жорий йилнинг биринчи ярмида 9 та ҳудудда, хусусан, Тошкент шаҳрида бирорта янги мактаб ишга тушмагани маълум бўлди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, янги мактаблар 5 та ҳудудда қурилган: Андижон вилояти (35 та), Бухоро вилояти (19 та), Хоразм вилояти (7 та), Наманган вилояти (6 та), Қорақалпоғистон (1 та).

Нархи арзонлагани айтилган АИ-92 бензини қимматлади

Охирги ҳафталарда АЁҚШларда АИ-92 бензини нархи сезиларли қимматлади. Нархлар июл ойининг ўрталаридан кейин 7,6 фоизгача ошган. Шу билан бирга АИ-80 бензини нархи ҳам кўтарилган.

11 август куни «Ўзбекнефтгаз» компанияси АИ-92 бензини нархи арзонлагани ҳақида хабар берган эди. Шохобчаларда эса аксинча, нархлар ошгани маълум бўлди.

Сардор Юсупов
Муаллиф Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид