Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трампнинг Ҳиндистон маҳсулотларига божларни 50 фоизгача ошириш қарори кучга кирди
Ҳиндистон Россия нефтини харид қилгани учун жорий этилган 25 фоизлик жарима тарифи — Трампнинг аввалги 25 фоизлик тарифига қўшилди. Натижада Ҳиндистоннинг қатор маҳсулотларини АҚШга импорт қилиш учун умумий божлар 50 фоизгача чиқди. Бу жаҳонда энг тез ўсаётган Ҳиндистон иқтисодиётига қаттиқ зарба бўлиши мумкин.
Фото: Reuters
27 август куни АҚШ президенти Доналд Трампнинг Ҳиндистондан импорт қилинадиган маҳсулотларга тарифларни икки баравар ошириб, 50 фоизгача етказиш қарори кучга кирди. Ҳиндистоннинг Россия нефтини харид қилгани учун жорий этилган 25 фоизлик жарима тарифи Трампнинг аввалги 25 фоизлик тарифига қўшилди. Натижада кийим-кечак, қимматбаҳо тошлар ва заргарлик буюмлари, оёқ кийим, спорт анжомлари, мебель ва кимё маҳсулотлари каби товарларга умумий божлар 50 фоизгача чиқди.
Reuters’нинг ёзишича, бу чора XXI аср бошидан буён стратегик ҳамкор бўлиб келаётган икки давлат ўртасидаги алоқаларга жиддий зарба берди. Шунингдек, бу АҚШ томонидан қўйилган энг юқори тарифлардан бири бўлиб, Бразилия ва Хитой даражасига тенглашади.
Янги тарифлар Ҳиндистондаги минглаб кичик экспортчилар ва иш ўринларига хавф солмоқда, жаҳоннинг энг тез ўсаётган иқтисодиётининг ўсишига ҳам зарба бериши кутилмоқда.
Ҳиндистон Савдо вазирлиги ҳозирча янги ишга тушган божлар бўйича изоҳ бермади. Бироқ вазирлик расмийсининг анонимлик шарти билан айтишича, тарифлардан зарар кўрган экспортчилар молиявий ёрдам олади ва Хитой, Лотин Америкаси ҳамда Яқин Шарқ каби янги бозорларни ўрганишга ундайди.
Таҳлилчиларга кўра, тарифларнинг зарбаси оғир бўлса-да, агар Ню-Деҳли иқтисодиётни янада ислоҳ қилиб, протекцион сиёсатдан воз кечса ва Вашингтон билан инқирозни ҳал қилишга интилса, вазият яхшиланиши мумкин.
Reutersʼнинг ёзишича, Ҳиндистондан АҚШга белгиланган муддатгача жўнатилган ва йўлда бўлган товарларга уч ҳафталик истисно берилди. Шунингдек, 232-бўлим миллий хавфсизлик савдо қонунига биноан алоҳида тарифлар қўйилган пўлат, алюминий ва уларнинг ҳосилалари, енгил автомобиллар, мис ва бошқа товарлар ҳам бундан мустасно қилинди.
Юзлаб миллиардлик савдо айланмаси
Ҳиндистон савдо вазирлиги маълумотларига кўра, АҚШ импортларига ўртача тариф 7,5 фоизни ташкил қилади. АҚШ Савдо вакили идораси эса Ҳиндистон томонидан айрим автомобилларга 100 фоизгача, АҚШ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига эса ўртача 39 фоизлик бож қўлланишини қайд этган.
Чоршанба кунги қарор беш босқичли муваффақиятсиз музокаралардан сўнг қабул қилинди. Музокаралар давомида ҳиндистонлик расмийлар АҚШ тарифларини 15 фоиз билан чеклаш мумкинлигидан умидвор эди. Бу кўрсаткич Японияга, Жанубий Кореяга ва Европа Иттифоқига берилган даража бўлган.
Вашингтон Ҳиндистоннинг Россия нефтини харид қилиши Москвага Украинадаги урушни молиялаштиришга ёрдам беради, дея ҳисоблайди. Ҳиндистон эса бу айбловни «иккиюзламачилик» деб атаб, АҚШ ва Европанинг Россия билан давом этаётган савдо алоқаларига ишора қилмоқда.
АҚШ томонига кўра, 2024 йилда икки томонлама товар савдоси 129 миллиард долларга етган, шундан 45,8 миллиард доллар АҚШнинг савдо тақчиллиги бўлган.